Ҳар бир жамиятнинг маънавият даражаси унинг истеъдодли ёшлари қобилияти ҳамда уларга етарли шарт-шароитни яратиб бериш билан белгиланади. Ёшларнинг комил инсон, маънавиятли, маърифатли, чуқур фирловчи, ҳозиржавоб ва эркин мулоқот қилишга ўргатишда, уларнинг нотиқ бўлиб етишида “Мунозара” клубларида бўлиб ўтадиган баҳс-мунозаралар муҳим аҳамият касб этади.
“Мунозара”нинг республика турнирида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган билимдон, зукко ва илмга чанқоқ ёшлардан иборат 16 жамоа 8 жуфтликда баҳс-мунозарага киришишди. “Кинофильмлардан кўра спектакллар фойдали” мавзусида кечган саралаш баҳсларида “Тасдиқ” ва “Инкор” гуруҳларида Самарқанд ва Қашқадарё, Навоий ва Сурхондарё, Сирдарё ва Наманган, Тошкент вилояти-1 ва Фарғона, Бухоро-1 ва Тошкент шаҳри, Андижон ва Тошкент вилояти-2, Хоразм ва Қорақалпоқ, Жиззах ва Бухоро-2 жамоалари ўзаро беллашди.
“Кинофильмлардан спектакллар устун” мавзусидаги баҳслар жараёнида “Тасдиқ” гуруҳи аъзолари мавзунинг бугунги кун билан ҳамнафас эканлигини, спектаклларнинг кишилар ҳаётида муҳим аҳамият касб этаётгани, кинофильмлар фақатгина тижорат маҳсули сифатида саёзлашиб бораётганини ифодалашган бўлса, “Инкор” гуруҳи аксинча, кино – сунъий декорацияларсиз инсон, табиат, жамиятни бирлаштирувчи ва ёшлар онгида спектакллардан кўра кўпроқ маънавий озуқа беришини исботлар мисолида баён этишди.
Албатта, “Мунозара” – ёшларнинг бир масалада турли позициялардан ёндошишларини белгилар экан, унда сўз салмоғи, фикр изчиллиги, ифода аниқлиги кўпроқ аҳамиятга эга.
Чорак финал баҳсларида иштирок этиш имкониятини қўлга киритган Бухоро-1-Тошкент-1, Навоий-Андижон, Сурхондарё-Қорақалпоғистон ҳамда Хоразм-Фарғона жамоалари “Миллийлик – замонавийликдан афзал” мавзусида ўзаро баҳслашишди.
-Мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг самараси, тақдири кўп жиҳатдан биз, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигимизга боғлиқ. Бугунги баҳс-мунозаралар ҳар биримизни ўз позициямизда туришга, атрофда бўлаётган янглиш фикрларга қаршилик кўрсатишга ҳамда бошқаларга таъсир ўтказа олиш маданиятига ўргатди. Бироқ, баҳсларнинг самарали ўтиши олдиндан қандай тайёргарлик кўришга ҳам боғлиқ. Тошкент-1 жамоаси билан кечган баҳсларимизда ана шу мезондан фойдалана олмаганимиз кўриниб қолди,-дейди Бухоро-1 жамоаси аъзоси Ислом Шарипов. Чорак финал баҳсларининг 2-раундида жамоалар “Инсон камолотида ижтимоий муҳит муҳим” мавзусида ўтказилган баҳсларни “Тасдиқ” гуруҳи Шерозийнинг “Ҳеч бир бола қобилиятсиз бўлиб туғилмайди, улар кам қобилиятли ва кўп қобилиятли бўлишади” деган ибратли сўзи билан бошлаган бўлса, “Инкор” анъанавий қаршиликлари билан давом этди. Улар “Агар қалбингда нур бўлмаса, устозинг қуёш бўлиб порласа ҳам сендан тутун чиқмайди” дея ўз нутқларини баркамоллаштиришга ҳаракат қилишди. Мавзунинг долзарблигини инобатга олган ҳолда, киши фикрини “қандай жараёнда кечар экан?” деган савол эгаллаб олади.
Дарҳақиқат, иштирокчиларнинг бир-бирига қарама-қарши савол ва қарашлари “тасдиқ” ва “инкор” позицияси бўйича кишини ўйлантириши, табиий. Ижтимоий муҳит инсон камолотини шакллантирадими ёки инсон ижтимоий муҳитними, каби тезкор топқирликни талаб қилувчи савол-жавоблар орқали ҳар икки гуруҳ ҳам шиддаткорлиги билан вазиятни ўз томонига силжитишга ҳаракат қилишди, албатта. Шунингдек, “Инкор” гуруҳи ирсият инсон шахсий камолотида дастлабки омил вазифасини ўташи, жамият ва шахс ривожида унинг ўрни муҳимлигини таъкидлаган бўлса, “Тасдиқ” гуруҳи томонидан инсон камолотида ижтимоий муҳит муҳимлиги баён этилди.
Баҳс-мунозара давомида иштирокчиларни диққат билан тинглар эканмиз, фикрлар тўқнашувининг камчиликларга ҳам дуч келганини инкор этмаймиз, бироқ бу ёшларнинг ўзи ва ўз фикрини бошқара олиш, муаммоли вазиятларда тушкунликка тушмаслик, киришувчанлик, ижтимоий фаолликлари қаршисида денгиздан томчи. Ярим финал баҳсларига Сурхандарё ва Тошкент-1, Хоразм ва Андижон жамоалари бел бойлашишди. Ва биринчи раунд беллашувлари қадим Бухоронинг “Гавкушон” тарихий обидасида бўлиб ўтди. Бунда жамоалар “Электрон китоблардан оддий китоблар афзал” мавзусида баҳсга киришишди. Чапарасти, яъни қарама-қарши савол-жавоблар техникасини анча-мунча ўзлаштириб олган жамоалар баҳслар жараёнида мантиқ маданияти, нотиқлик маҳоратларини намоён этишди. Иккинчи раундда билимдонлар “Кинофильмлардан спектакллар фойдали” мавзусида мунозарага киришишди. “Тасдиқ” гуруҳи спикерлар минбарида мавзу моҳиятини очувчи ўз позитив қарашини “Спектакллар -мукаммаллик, профессионаллик маҳсули” ва “Спектакллар – соф маънавий озуқа берувчи юксак санъат маҳсули” дея ифодалашган бўлса, “Инкор” гуруҳи “Кино – инсон, жамият ва табиатни боғловчи арқон” ва “Кино – ёшлар онгини ўстирувчи санъат тури” дея белгилашди. Оппонентлар ўз нутқларида далилларга таяниб, фикрларини шарҳлашар экан, нотиқлик ва актёрлик, психологик фазилатларга бой эканликларини намоён эта олишди.
Ғоятда қизғин кечган “Мунозара”нинг ҳаяжонли финал босқичи баҳсларида Сурхондарё ва Хоразм, Андижон ҳамда Тошкент-1 жамоалари “Инсон камолотида ижтимоий муҳит муҳим” мавзусида куч синашишди. Фикр алмашиш, ўзаро ҳурмат ҳамда топқирлик руҳида кечган баҳсларда 1-ўрин Сурхондарё ҳамда Хоразм вилояти жамоасига насиб этди. Тошкент вилояти-1 жамоаси иккинчи ўринга сазовор бўлди. Учинчи фахрли ўринга андижонликлар лойиқ топилди. Айтиб ўтиш жоизки, мазкур турнирда ўз нотиқлиги, топқирлиги ва албатта, фикр-қарашлари билан бошқаларга таъсир эта олиш маданиятига эга иштирокчилардан фарғоналик Қиличбек Қурбонов, навоийлик Нодир Умрзоқова ҳамда Қашқадарё вакили Достон Ҳамидовлар “Энг яхши нотиқ” деб топилиб, муносиб рағбатга эга бўлишди.
Қиличбек Қурбонов, ўқувчи:
- Биз, ёшлар, истиқлол туфайли аждодларимиз орзу қилган, лекин эриша олмаган Озодлик бахтига эришганимиздан миннатдормиз. Ўз қарашларимиз, теран фикрларимиз билан жамиятимиз ривожига ҳисса қўшишни мақад қилган эканмиз, бизни ҳеч ким ўз танлаган йўлимиздан қайтара олмайди. Бу каби тадбирлар биз ёшларни бирлаштириб, бунёдкорлик ғоялари атрофида жипслаштириб, ҳаракат қилишга даъват этади.
Элмурод Рўзибоев, ҳакамлар ҳайъати аъзоси:
- Ўйинлар қизғин баҳсларга бой бўлди. Ҳар бир жамоа баҳсларини ҳакам сифатида кузатиб, уларнинг ғолиблик учун эмас, балки, ўз позицияларини яратиш, янаям мукаммал билим ва кўникмага эга бўлиш учун ҳаракат қилишаётганини кузатиш қийин бўлмади. Ушбу йилдаги иштирокчилар орасида 15 ёшдан 25 ёшгача бўлган йигит-қизлар ўртасида кечганиэътиборни жалб этмай қўймайди.
Дарҳақиқат, “Мунозара” давомида ҳали мактаб партасида ўтирган ўқувчининг Олийгоҳ битирувчиси билан баҳсларга киришиб, устунликка эриша олганини кузатар экансиз, беихтиёр юрагингиз ғуруга тўлади. “Мунозара” – ёшларнинг илғор вакиллари тимсолида мустақиллик имкониятларини кўрсатиб бериш, шу орқали ёшларни Ватан тараққиёти, юрт ривожига ҳисса қўшишга чорлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ва ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини кенгайтиришдан иборат экан, у ўз атрофига минглаб ёшларни чорлайверади.
Лайло ҲАЙИТОВА
Сураткаш: Азамат КАТТАЕВ.