МИССИОНЕРЛИК: МАЪНАВИЙ ҚАШШОҚЛИК МАҲСУЛИ

Огоҳ бўлайлик!

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эгалиги ва диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган. 1998 йил 1 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги (янги таҳрир) Қонунининг 5-моддасига мувофиқ, давлатнинг диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлаши кафолатланган. Шунингдек, Қонуннинг мазкур моддасига асосан, бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган ҳатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти манъ этилган.

 

 

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, барча соҳаларда юксалиш рўй берди. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-маданий ва маънавий-маърифий-диний олам бойиди. Халқимиз дунёга ўз эшикларини кенг очди. Эзгулик ниятида очилган эшиклардан ишбилармону тадбиркорлар ва турли соҳа вакиллари кириб келишди. “Тоза ҳаво кирсин, деб эшикни очсанг, унга чанг ҳам, ғубор ҳам киради” дейишганидек, покиза ниятли одамлар билан бирга кўнглида ғайир мақсадларни туккан турли экстремистик оқимлар вакиллари ҳам остона ҳатлаб кириб келишди. Бу оқимларнинг Ислом динини ниқоб қилиб олиб, аҳоли ўртасида бузғунчи ғоялар ташишга, улар ўртасида норозилик кайфиятини уйғотишга, шунингдек, турли ҳатти-ҳаракатлари билан халқимизни чалғитишга ва таҳдид солишга уринганлари сир эмас.

Маълумки, таҳдид қандай кўринишда бўлмасин, албатта, унинг замирида қабиҳ мақсад ётади. Бугунги кунда маънавий хавфсизликка нисбатан турли кўринишдаги таҳдидлар яққол кўзга ташланиб қолмоқда. Турли ғоявий хуружлар, ақидапарастлик, миссионерлик каби ҳаракатлар шулар жумласидандир. Булар орасида миссионерлик ҳам миллий, ҳам диний қадриятларга таҳдид солиши билан хавфлидир. Дин давоси билан ҳаракат қилаётган миссионерлар ўз кирдикорларини авж олдиришга уринаётгани мамлакатимиз ривожига ғайир кўз билан қараётганлар ҳалиям йўқ эмаслигини англатади.

Миссионерлик, содда қилиб айтганда, бирор динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш тушунилади. Ундан кўзланган асосий мақсад фақатгина маҳаллий аҳолини ёт динга киритишдан иборатгина эмас, балки айнан диний таълимотдан хабарсиз бўлган айрим иродаси суст кимсалардан фойдаланиб, уларнинг зеҳни ва идрокини ўз динига бўлган ғайир муносабатлар билан тўлдириш ҳамда эътиқодидан айириш ҳамдир. Миссионерлар ўз мақсадига эришиш учун кўпроқ аҳолининг ёшлар қатламини қамраб олишга ҳаракат қилишади. Замонавий технологияларнинг мислсиз даражада тараққий этаётгани, айниқса, уларга қўл келаётир. Ёшларга интернет орқали беғараз чет тилларини ўргатиш, ҳар хил соҳалар бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш учун турли ўқув курсларини очиш, хорижга ўқишга, ишга жўнатиш баҳонасидан фойдаланиш, ўсмирларни черков қошидаги ёзги оромгоҳларга жалб қилиш  сингари фаолият орқали улар орасига кириб олишмоқда.

Энг ачинарлиси, миссионерлар хайрия ишлари олиб борувчи нодавлат ташкилотлари шаклида  турли санъат асарлари кўргазмаларини, спорт ўйинлари мусобақаларини ташкил этиш ва ушбу тадбирлар иштирокчиларига қимматбаҳо совғалар улашиш, компьютер ёки чет тилларини ўргатиш клублари аъзоларини тез-тез моддий рағбатлантириб туришга кўмаклашадилар. Ва маҳаллий аҳоли ўртасида гўё ўзлари ҳақида ижобий фикр уйғотишга интиладилар. Кўпинча диний таълимот олишга мойил ёш болалар, олий таълим муассасаларининг талабалари, кексалар, айниқса, эндигина нафақага чиққан ва ёлғиз қариялар, ҳаётда ўз ўрнини топишга интилаётган ўсмирлар, ишсизлар улар таъсирида қолишмоқда. Миссионерлар барча услуб ва методларни қўллашга тайёр бўладилар. Жумладан, маҳаллий халқ ўртасида уларнинг она тилида чоп этилган анча чиройли, рангли-безакли муқовадаги китоб ва журналларни бепул тарқатиб, уларда босилган мақола – материаллар орқали туб аҳолига мутлақо ёт бўлган ўзга динлар ғояларини тарғиб қиладилар. Кишиларни бошқа динларга киришга чақирувчи лавҳалар акс этган видео-аудио кассеталарни аҳолига бепул тарқатадилар. Улар қўйган тузоққа илинган кимсалар дин ҳақидаги билимлардан бехабар кишилардир.  Биз қуйида ҳикоя қилмоқчи бўлган кимсалар худди шундай шахслар сирасига киради.

Бухоро шаҳар ИИБ ходимлари жорий йилнинг 12 январь куни шаҳарнинг Мустақиллик кўчасида жойлашган телефон ва телефон аксессуарлари сотиладиган дўкондан янги мобиль телефон харид қилиш мақсадида кирганларида 1991 йилда туғилган Мирфайз Ядгаров ва 1973 йилда туғилган Искандар Эрсалиевларнинг дўконда диний адабиёт ўқиётганларига гувоҳ бўладилар. Бу ҳолат уларда шубҳа уйғотади. Шу боис, улар дўконда фаолият кўрсатиб келаётган компьютерни кўздан кечирадилар ва унда ҳам электрон шаклдаги диний файллар борлиги аниқланади.

Шунингдек, улар истиқомат қилаётган хонадонлар ҳам кўздан кечирилганда диний мазмундаги материаллар жамланган 2 дона компьютер процессори, “Воиз”, “Муқаддас китоб янги ахт”, “Таврот ибтидо, чиқиш, саҳрода, ёнида ҳакамлар”, “Уйғониш”, “Что удивительного в блогодати?”, “Путешествие пилигрима в небесную страну”, “Как управлять финансами которые доверил мне бог”, “Мой бог”, “Не бойтесь сомнений”, “Dunavis”, “Snalom”, “Сердце человека” номли 12 дона диний адабиёт,  1 дона журнал, 11 дона брошюра, 196 дона қўлёзма ва компьютерда чоп этилган варақалар, 2 дона блокнот, 66 дона диний фильм ва қўшиқлар ёзилган DVD ва CD дисклар топилади. Шунингдек, Н. Ядгаровнинг турмуш ўртоғи Н. Тешаева номига 2010 йилда расмийлаштирилган 2 дона “Христиан” диний-миссионерлик фаолияти билан шуғулланиш курсларини Швеция давлатида ўтганлиги тўғрисидаги сертификатлар топилиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинади.

Маълум бўлишича, М. Ядгаров, Н. Тешаева ва И. Эрсалиевлар Бухоро шаҳрида расмий фаолият кўрсатаётган “Тўлиқ Инжил масиҳийлари” ибодатхонасининг аъзолари бўлиб, улар яшаш ва иш жойларида миссионерлик характеридаги диний адабиётларни сақлаб, тарғибот ишлари билан шуғулланиб келишган. Уларга нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди қарорига кўра, ҳар бири энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баробари миқдорида жаримага тортилганлар.

Бу шахслар миссионерлар домига қачон, қандай қилиб илиниб қолишди? Улар ўз ҳатти-ҳаракатларининг оқибатини билишганми?

Одатда лақманинг калласини тарозунинг палласига қиёслашади. У ким нима деса ишонаверади, ўз фикрига эга эмас. Бундай одам ёмон ниятли душманга жуда қўл келади. Биз тилга олган, миссионерлик домига тушган кимсалар ҳам айнан шулар тоифасидандир. Дини ва эътиқоди тайинсиз, маънавияти қашшоқ бундай кимсалардан яна нимани кутиш мумкин?! Бундайлар ота-онаси ва оиласи тугул, ўзлари туғилиб ўсган юртни ҳам алғов-далғов қилишдан тап тортишмайди.

-Баъзан қулоқларимизга хорижга ишлаш учун кетган ўзбек йигитларининг мажбуран черковларга олиб борилаётгани, уларга Инжил ўқитилаётгани, бунга бўйсунмаётганларга эса иш ҳақи берилмаётгани ёки бошқа чоралар кўрилаётгани чалиниб қолади. Ўзбекларни йўлдан оздириб, ўз эътиқодига нисбатан шубҳа пайдо қилиш ва аста-секин ишончу эътиқодидан воз кечишга олиб келиш орқали улар ўртасида ўзаро низо туғдириб, давлатимизнинг, жамиятимизнинг, халқимизнинг бирлигига ҳамда тотувлигига раҳна солишни ният қилганлар ўзларининг бундай ҳатти-ҳаракатларини очиқ-ойдин амалга ошираётганликлари бор ҳақиқат,-дейди Бухоро шаҳар ҳокимлиги аппарати диний ва жамоат ташкилотлари билан алоқалари бўйича мутахассис Сардор Амонов,-Ўзбекистонда миссионерлик ҳаракати қонунан таъқиқланганига қарамай, асли мусулмон бўлган туб аҳоли орасида ўзга динларга тарғиб-ташвиқот этиш ишлари кузатилди. Аслида, уларнинг фаолияти қайси давлатда таъқиқланса, ўша ерда ҳаракатга киришишга интилишади, шунингдек, гўёки бунда инсон ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақида жар солишади. Кўриниб турибдики, миссионерлар мақсадни қавму-қариндош, яқинлар ўртасида ўзаро нифоқ уруғини сочишга ҳам қаратишган.  Миссионерликнинг яна бир жирканч қиёфаси шундаки, у ўзининг энг чўққиси – прозелитизм, яъни тўғридан-тўғри бирор-бир динга ишонган фуқарони мажбуран ўз динидан воз кечтириш ва ўзга динни қабул қилишга мажбурлашдан иборат жиноятидан фойдаланишга уринмоқда. Айтиш ўринлики, ўз динидан воз кечиб, турли ёт динийлар этагидан тутганлар вафот этса, бу уларнинг жасадини қабристонга қўйиш билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Шунингдек, бошқа динни қабул қилган киши ўз ўғлини хатна қилдиришни хоҳламаганидек, отаси мусулмончилик одатларига кўра, набирасининг қўлини ҳалоллашни истайди. Бу ҳолатлар ўз-ўзидан ота-бола ўртасида низолар пайдо қилади. Миссионерлик айнан шундай диний қарашларга ўз таъсирини ўтказиб, халқнинг барқарорлигини бузади. Уларнинг асл, ғайир мақсади ҳам шу: республикамиз аҳолисининг тинчлиги, фаровон турмуши ва осойишталигига жиддий хавф солиш, илму маърифат сари чоғланаётган ёшларимиз онгини ўз иллатлари билан чалғитиш, улар орқали дунё билан бўйлашаётган мамлакатимиз келажаги ва тақдирига раҳна солиш. Миссионерларнинг  асл қиёфасини очиб ташлаш, улар томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноятлар олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир.

Ёшлар ва аҳоли ўртасида доимий ва узлуксиз тарғибот ва  маънавий-маърифий тадбирлар амалга ошириб турилса, ёки шундай эзгу тадбир ва амалларнинг нафақат, иштирокчиси, балки ташкилотчисига айлансак, Ўзбекистонимиздаги тинчлик-барқарорлик, диний ва миллий бағрикенгликни, миллатлараро ҳамда динлараро тотувлик, бунёдкорлик ва тараққиётни, қолаверса, давлатимиз юритаётган мустақил ички ва ташқи сиёсатни янада қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшган бўламиз.

Ш. Эргашев,

Бухоро шаҳар суди раиси.