ЁШЛАР МАЪНАВИЯТИНИ ЮКСАЛТИРИШДА ОАВ ЎРНИ: ЮТУҚ ВА МУАММОЛАР
Ҳозирги замонда ахборот технологиялари жамият тараққиётининг турли соҳаларига жадал кириб бормоқда. Ҳар қандай жараённинг яхши ва ёмон томонлари бўлганидек, жамиятни ахборотлаштиришнинг ҳам ижобий ҳамда салбий жиҳатлари мавжуд. Маълумки, ахборот хуружининг асосий нишони, объекти ёшлар ҳисобланади. Улар биринчи навбатда ёшларни ўз домига тортишга қаратилган. Бундай хатарлар, бошқа соҳа вакиллари қатори, оммавий ахборот воситалари олдига ҳам янги-янги талабларни қўйиб, журналистлар масъулиятини кучайтиришни тақозо этади. Савол: ёшлар муаммолари билан нафақат, ОАВ, балки бутун бир тизим шуғулланмоқда, лекин шунга қарамасдан, ёшларнинг яна ёвуз ниятлилар тузоғига тушиб қолаётганлигига, “оммавий маданият” сари талпинаётганига сабаб нима?
Дилшод Ҳакимов, “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши раиси:
– Сабаб битта: ёшларнинг қизиқувчанлиги ва беқарорлиги. Ёвуз ниятлилар ёшларнинг ушбу хислати ҳамда ожизлигидан фойдаланишга уринади. Бироқ, биз шу ўринда ёшлар ва барчага ғоявий етуклик маънавий қуролини беришимиз зарурдир. Бунга эришиш учун уларда, аввало, ўз-ўзига ишонч ҳиссини уйғотиш керак. Ўзига ишонган кишида яхшиликка интилиш ва ёмонликни рад этиш, унга қарши курашиш туйғуси пайдо бўлади. Бу туйғу уларда соғлом тафаккурни шакллантиради. Одамларга, давлатга, жамиятга ва келажакка бўлган улкан меҳрни уйғотади. Шу маънода мафкуравий ғанимлар билан ғоявий курашга киришиш иштиёқи шаклланади.
Гулнора Самиева, вилоят Матбуот ва Ахборот бошқармаси бошлиғи:
-Бунинг яна бир сабаби глобаллашув даврида ахборот хуружларининг яшин тезлигидек кириб келишидир. Тан олиш керак, бугун жаҳон ягона ахборот майдонига айланиб улгурди. Истаймизми-йўқми, биз бу жараённинг фаол иштирокчилари сифатида ҳар бир воқеа-ҳодисани кузатиб бориш имконига эгамиз. Афсуски, ахборот ҳар доим ҳам эзгуликка, бунёдкор ғояларга хизмат қилаётгани йўқ. Баъзан ана шу восита муайян вайронкор сиёсий кучлар, жиноятчилар, террорчилар қўлидаги қуролга айланиб, айниқса, ёшлар онги ва қалбини нишонга олмоқдаки, ундан бутунлай ҳимояланиш имкониятлари тобора камайиб бормокда. Шунинг учун ҳам кўплаб мамлакатлар ўз манфаатларига зид тарздаги шу каби ахборотларга нисбатан аҳолида иммунитет ҳосил қилиш мақсадида ОАВнинг таъсир кучини тўғри ўзанга солиш йўлини танламоқдалар.
Акбар Рустамов, вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари:
– Ахборот технологиялар орқали жамиятимизга ўрнашиб олаётган “оммавий маданият”нинг зарарли таъсиридан ёшларни ҳимоя қилиш масалалари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Уларнинг ечимини топишда ижод аҳли, хусусан, оммавий ахборот воситалари ходимлари олдида турган вазифалар кўлами кенг. Негаки, миллий руҳимиз ва табиатимизга ёт бўлган ана шундай “маданият” намуналарини фақат танқид ва инкор этиш ёки таъқиқлаш билан бирон натижага эришиб бўлмайди. Бундай хатарлардан ёшлар онгини ҳимоялаш, маънавий бўшлиққа йўл қўймаслик учун, аввало, эзгу инсоний ғоялар ва юксак маҳорат билан яратилган ижодий маҳсулотлар халқимизга тақдим этилиши лозим. Шу маънода, ОАВ фаолияти муҳим ўрин тутади. Ўз навбатида ОАВнинг ахборотни ўқувчига қизиқарли кўринишда тақдим этиш усулларини ҳам ислоҳ қилиш зарур. Негаки, ёшлар психологиясида кўпроқ тасвирга ўчлик кузатилади. Шу нуқтаи назардан ёшлар аудиториясига мўлжалланган ахборотларда нозик дид билан ишланган дизайн, мавзуга мос, киши эътиборини ўғирлайдиган даражадаги сурат ва лавҳалардан фойдаланиш талаб этилади.Шундай экан, оммавий ахборот воситалари ўз зиммаларидаги бу масъулиятли вазифани астойдил адо этишдан чарчамасликлари керак.
Зарифжон Комилов, вилоят ҳокими маънавият ишлари бўйича ёрдамчиси:
-Ёшлар бизнинг истиқболимиз, умид юлдузимиз. Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча янгиланишлар, ислоҳотлар, бунёдкорликлардан кўзда тутилган мақсадлар замирида ҳам, аввало, уларнинг манфаатлари мужассам. Юртимизнинг турли ҳудудларида барпо этилаётган муҳташам таълим муассасалари, мусиқа мактаблари, спорт иншоотлари ва бошқа яратилаётган имкониятларнинг барчаси фарзандларимизнинг жисмонан соғлом, маънавий юксак бўлиб камол топишига қаратилган. Бунга жавобан ёшларимиз эришаётган ютуқлар ҳам оз эмас. Бироқ шу билан бирга, ахборотлаштириш тизимидаги улкан янгилик ва ўзига хос “портлаш эффекти” ёшларни ўз атрофига ўраб улгурмоқда. Интернет тармоғидан бугунги кунда мамлакатимизнинг 9,1 миллионга яқин аҳолиси фойдаланмоқда. Энг замонавий ОАВ тури – интернет-журналистика тобора ривожланмоқда. Маълумотларга қараганда, мамлакатимиз ҳудуди учун мўлжалланган “uz” домени тизимида 15 мингдан ортиқ фаол сайтлар рўйхатдан ўтган. Худди шунингдек, глобал тармоқда бевосита ёшларнинг билим доираси, дунёқараши кенгайиши, ўзаро мулоқот олиб боришига қаратилган Ziyonet.uz, Kamolot.uz, Muloqot.uz каби қатор сайтлар фаолият олиб бормоқда. Шундай экан, соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш интернет тизимида иш олиб боришнинг муҳим омилидир.
Саид Ҳамроев, Республика Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими раҳбари:
– Ахборот хуружини ташкил этувчи ва тарқатувчи асосий майдон – бу интернет тармоғи эканлиги бугун ҳеч кимга сир эмас. Табиийки, ёшлар катта авлодга нисбатан интернет тармоғининг энг кўп фойдаланувчи қатламидир. Лекин, замонавий жамиятда эса асосий тармоқ ҳисобланган интернетдан воз кечиш ёки уни умуман инкор этиш ҳам мумкин эмас.
Маҳмуд Тойиров, вилоят “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раиси:
-Бугунги кунда ахборот хуружининг яна бир кўриниши одоб-ахлоқ, шарм-ҳаё каби қадриятларга тажовуз тарзида намоён бўлмоқда. Юқорида таъкидланганидек, тобора оммавийлашиб бораётган интернет сайтлари, компьютер ўйинлари билан ҳам ёт ғояларни ўсмир қалби ва онгига олиб кириши кузатилмоқда. Жумладан, интернет тармоғига жойлаштирилган аёлларнинг ўзларини интернет бозорига солиб, ўзларига жазман қидиришлари интернет сайтларида маълумот қидирувчи ўсмир ўзбек қизларини хиёнат сари етакловчи бузғунчи омил бўлиб хизмат қилмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Информацион хуруж муаллифлари ўз шахсий манфаати йўлида бизнинг миллий-маънавий қадриятларимизни оёқости қилишга тайёр турадиган ёшларга умид қиладилар. Уларнинг кўраётган, эшитаётган, ўқиётган нарсасини таҳлил қилмасдан, тўғридан-тўғри қабул қилишларини кутадилар. Демак, ҳар бир маҳалла вакили, фуқароси боқимандалик кайфиятидан узоқ туриб, одамлардаги онг ва тафаккур ўзгаришига, уларда ўз имкониятларига таяниш, ташаббускорлик, фидойилик туйғуси шаклланишига асосий кўмакчи, таянч бўлишлари шарт.
Дилшод Ҳакимов, “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши раиси:
-Албатта, ёшларимизнинг қалби ва онги, соғлом тафаккури учун курашмоқлик бугунги ижтимоий ҳаётимизнинг асосига айланмоқда. Бу борада жамиятимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Муҳими миллий истиқлол ғояси асосида ёшларни тарбиялаш тизими шакллантирилди. Шунинг билан бир қаторда, ёшлар тарбиясида жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз масъулиятини оширишга зарурият ҳам бор. Чунки, ёшларнинг қалби, онги, тафаккури соғлом ғоялар асосида шаклланиши учун ҳар бир шахс масъулдир.
Гулнора Самиева, вилоят Матбуот ва Ахборот бошқармаси бошлиғи:
-Глобаллашув жараёнида ёшлар маънавиятини ошириш, уларни турли маънавий таҳдидлардан ҳимоялаш масалалари ОАВ олдида турган муҳим вазифа. Бир вақтнинг ўзида ахборот тарқатувчи, сиёсатчи, тарбиячи бўлган телерадио, газета-журналлар, миллий интернет тармоғи миллий ахборот майдонимизнинг посбонлари бўла олади. Ёшларга соғлом ахборот муҳитини яратиш, салбий ахборот оқимига қалқон бўлиш, дунё ҳаётида содир бўлаётган воқеа ва ҳодисаларга ҳозиржавоблик билан муносабат билдириш, ўз навбатида, журналистлардан янада сергак бўлиш, ахборот тақчиллигига йўл қўймаслик, керак бўлса, бир қадам олдинда юриш талаб этилади. Яна бир жиҳат, биз мислсиз даражада ривожланиб бораётган ахборот асрида ўз миллий ахборот маконимизни ярата олсак, чет тармоқлардан оқиб келаётган миллий менталитетимизга мутлақо ёт ахборот хуружларидан ёшларимизни ҳимоялаган бўламиз. Миллий манфаатларимиз ҳимояси ижод аҳлидан ана шуни кутади.
Акбар Рустамов, вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари:
-XXI аср бошида ҳаёт суръатларининг беқиёс даражада тезлашуви, ахборот оқимининг кучайиши оқибатида авторитет – нуфуз масаласи ҳам янгича маъно касб этаётир. Баъзи ёшлар ўзининг билим олиш ва ҳаётга муносабатини белгилашда ота-она, устоз-мураббийни эмас, жаҳон ОАВ ҳамда интернетни авторитет сифатида эътироф этиши, улардаги ахборот ва маълумотларни мутлақ чин, деб ишониши ҳам ташвишланарли ҳолдир. Бунда маълум маънода маҳаллий ОАВ ҳам масъулиятни ўз зиммасига олиши зарур. Чунки, аксарият ҳолларда маҳаллий матбуот ёки телевидение воқеликни тезкор равишда оммага тақдим этолмаяпти. Холбуки, ёшлар табиатларига хос қизиққонлик билан ахборотга тезда эга бўлишни хоҳлайдилар. Натижада, бирор расмий, ёки холис ахборотни кутган вақтида ололмай, ўша вақтнинг ўзида шу мавзуга доир миш-миш ёки нохолис руҳда тарқалган ахборот домига илинишга мажбур бўлишади.
Бунда турли рекламалар ва, айниқса, бир-бирларига бевосита таъсир ўтказиш натижасида интернет тармоғидан берилаётган кундалик ахборотлар ҳам улардаги информацион бўшлиқни тўлдиришга хизмат қилмоқда.
Ёшлар турли рекламалар ва, айниқса, бир-бирларига бевосита таъсир ўтказиш натижасида интернет тармоғидан берилаётган кундалик ахборотларга катта эҳтиёж сезмоқдалар. Кутубхона ҳамда китобхонликка нисбатан бир неча марта арзон ва қулай бўлган интернет тармоғи улар учун ахборотлар билан ишлашнинг энг яхши макони саналади. Аммо давомий ахборотлар билан ишлаш оқибатида, фойдаланувчи ўзи сезмаган ҳолда ахборот хуружига тушиб боради. Сабаби оддий, яъни ахборот истеъмолчиси бўлган ҳар бир фойдаланувчида ахборот билан ишлаш кўникмаси ҳали тўлиқ ривожланмаганлигидадир. Жамиятимиз тараққиёти маънавий ва жисмоний соғлом авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсатига кўтарилган бир пайтда, ҳаётнинг ўзи ҳар бир кишидан, айниқса, ёшлардан маънавий соғломлик ва маърифий етукликни талаб қилмоқда. Демак, бизнинг вазифамиз: ёшларни яна бир бор сезгир, огоҳ ва ҳушёр бўлишга чорлабгина қолмай, уларни маънан соғлом, теран фикрловчи, етук илмий салоҳиятга эга инсонлар сифатида камол топишига ундашдир.
Маҳмуд Тойиров, вилоят “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раиси:
-Ёшларнинг бўш вақтларини қандай ўтказаётганлиги ҳар бир ота-она, маҳалла аҳли, ўқитувчи-педагогнинг эътиборида бўлиши зарурлигини барчамиз яхши тушунамиз. Бунинг учун, айниқса маҳалла (қишлоқ) фуқароларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия бўйича маслаҳатчилари имкониятларидан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Аксарият ёшларнинг тарбияси оиладан, қолаверса, у туғилиб ўсган маҳалладан бошланади. Шундай экан, мазкур масалаларга ниҳоятда жиддий ва эътибор билан ёндашишни бугунги адолатли сиёсат барчадан талаб қилаётганлиги, табиий.
Саид Ҳамроев, Республика Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими раҳбари:
-Кези келганда яна бир нарсани таъкидлаш лозим: МДҲ давлатлари орасида фақат Ўзбекистонгина ўз маънавий сиёсатига эга давлат ҳисобланади. Бу сиёсат Президентимиз томонидан миллий менталитетимизга асосан ишлаб чиқилган. Шу маънода бугун миллий тарбия жараёнини кучайтириш керак. Миллий тарбиянинг уч негизи бор: жисмоний тарбия, ақлий тарбия ва ахлоқий тарбия. Таълим-тарбия ва маънавий маърифий соҳалардаги барча ишларимиз шахснинг ана шу жиҳатларини ўстиришга қаратилмоғи керак. Бунинг учун биздан кўплар ҳавас қиладиган кучли бир пойдевор – улкан маънавий меросимиз бор. Уларни қунт билан изчил ўрганиб бориш улкан самаралар гаровидир. Тарихга назар солсак, барча даврларда ҳам шу даврнинг мутафаккирлари ўз прогрессив ғоялари билан тўғри йўлни кўрсатиб берганлар. Улар халқимизни миллий ғурур асосида тарбия қилиб, онги ва қалбини сохта ғоя, қарашлардан ҳимоя қилишган. Биз аждодларимизнинг фақат номини санаш билан чекланмасдан, уларнинг меросини ёшлар онгига жиддий сингдиришда ҳам ўз имкониятларимиздан тўлиқ фойдаланишимиз лозим.
Дилшод Ҳакимов, “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши раиси:
-Демак, ҳозирда ҳар бир ахборот чегара билмаслик хусусиятига эга экан, онги ва дунёқараши эндигина шаклланаётган ёш авлоднинг маънавий олами дахлсизлигини асраш кўпчиликни ўйлантириши даркор. Интернетни чеклаб қўйиш ёки ахборот олишни таъқиқлаш билан муаммо ҳал бўлмайди. Ҳаётни ҳам оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур қилиш қийин бўлган ҳозирги шароитда интернет ёшлар учун асосий ахборот манбаига айланаётир. Афсуски, “дунё ўргимчак тўри” деб аталувчи Интернет тармоғида қўпорувчилик ҳаракатлари ҳам амалга оширилмоқда. Бунда қандай йўл тутган маъқул? Мафкуравий жараёнлар глобаллашиб бораётган бугунги кунда оҳанрабо сингари ўзига ром этиб, чалғитаётган ахборот хуружларидан ҳимояланишнинг энг мақбул йўли – юртдошларимиз, айниқса, ёшларимизда интернетдан фойдаланиш маданиятини шакллантиришдир.
Зарифжон Комилов, вилоят ҳокими маънавият ишлари бўйича ёрдамчиси:
-Ғарб маданиятига тааллуқли баъзи кўрсатув ва сайтлар ҳам борки, улар мутлақо ахлоққа зид. Бундай ахборот ёшларимиз хулқи ва дунёқарашига салбий таъсир қилиши аниқ. Айни ўринда яна бир фикрни айтиб ўтиш жоиз, “ойнаи жаҳон” сериаллар билан тўлиб-тошгани, бизнингча, ижобий ҳол эмас. Чунки ёшлар асосий вақтини шу сериалларни кўришга сарфлаши таълим сифатига таъсир қилмай қолмайди. Дарвоқе, газета ва журнал саҳифаларида чоп этилаётган ахборот ҳамда маълумотларнинг мазмунан саёзлиги ҳам ёшларимиз тафаккурига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам маънавий бой, баркамол шахсни шакллантириш учун маънавий-маърифий ишларни тубдан ўзгартириш, унинг мазмунини бойитиш, самарали усулларини излаб топиш ҳамда ҳаётга татбиқ этиш муҳим. Бу йўлда барчамиз чуқур масъулиятни ҳис этган ҳолда фақат олдинга интилишимиз лозим.
Лайло суҳбатлашди.