Men O`zbekistonni sevaman!

 

 

Истиқлол шарофати билан бугун шариф Бухоро янада чирой очиб, янгидан-янги маданият объектлари, сўлим ва хушҳаво боғлари билан Ўзбекистон дурдонасига айланиб бормоқда. Йил аввалида фойдаланишга топширилган мазкур Абу Али Ибн Сино номидаги мусиқали фавворалар боғи ана шундан масканлар сирасига киради. 7 гектар майдондан иборат кўркам гўшадаги улкан фавворалар шаҳар марказига алоҳида композиция бағишлаб турибди.

Дарҳақиқат, бундан бир неча йилча илгари кишига ҳеч қандай эстетик завқ бағишламайдиган майдон ўрнида бугун Бобил ва Эрам боғидан қолишмайдиган маданий мажмуа барпо этилди. Ҳозирда ёшларнинг энг севимли гўшасига айланган хиёбондаги миллий ёғоч ўймакорлигини ўзида акс эттирган ажойиб айвонлар, бири-биридан кўркам гулзору дарахтлар хиёбонга гўзаллик бахш этиш баробарида, шаҳарсозлик ландшафтига ҳам ўзгача тароват улашади.

Ҳар куни кеч тушиши билан хиёбон гавжумлашиб, миллий ҳамда шарқона оҳанглар остида ҳаракатланадиган фаввора барчани ўзига жалб этади. Ана шундай мафтункор кечалардан бирида мустақиллигимизнинг 24 йиллигини муносиб кутиб олиш мақсадида “Бетакроримсан, ягонасан Она  Ватаним – Ўзбекистоним” шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди. Пойтахтимизда бошланиб, барча вилоятларда давом этаётган “I love Uzbekistan” (“Мен Ўзбекистонни севаман!”) лойиҳаси кўҳна шаҳарда ҳам кўтаринки руҳда қарши олинди.

2000 нафарга яқин иштирокчиларни қамраб олган мазкур тадбирда истиқлол берган имкониятлар, эришилган ютуқ ва муваффақиятлар мадҳ этилди. Ёшларни Ватан севиш, уни ардоқлаш, юруғ келажаги йўлида хизмат қилиш каби тушунчалар маданий ва маънавий тадбирлар орқали ёшлар онгига сингдирилди.

Бунда сўзга чиққанлар, тинч ва осуда кунлар туфайли бугун мамлакатимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободончилик ишлари, қўлга киритилаётган юксак натижалар ҳамда мустақиллигимизни мустаҳкам йўлида ёшлар ўзининг бор куч ва қудратини юрт истиқболи учун сафарбар этмоқликларини таъкидлашди.

Истиқлолимиз шиоридаги сеҳрли сўзларда олам-олам маъно мазмун мужассам. Ҳар бири қалбимизда ватанпарварлик, фидоийлик, меҳр-садоқат каби туйғуларни жўш урдириши, табиий. Фестиваль давомида ҳам иштирокчилар томонидан мазкур ҳаётбахш шиор энг юқори пардаларда ижро этилди. Хиёбон узра ёшларимиз қалби Ватан, дея гупуриб турганлиги яққол намоён бўлди. Она Ватанни севиш, уни ардоқлашдан-да улуғвор мақсад йўқлиги яна бир бор ўз аксини топди.

Фестиваль давомида хушовоз хонандаларнинг Ватанни севиш, истиқлолни қадрига етишни тараннум этувчи куй ва наволари барчани шукроналик ҳисси билан ўйин-кулгига чорлади.

Ёшлар фестивали театрлаштирилган саҳналарнинг намойиши, спортчиларнинг кўргазмали чиқишларига уланиб кетди.  Айниқса, 15-20 метр баландликка сув пурковчи улкан фавворанинг фестивалга ҳамоҳанглиги ҳар бир кексаю ёшнинг истиқлол иншоотларига нисбатан яна бир карра ҳайратини уйғотди.

Энг улуғ, энг азиз байрам арафасидаги маданий тадбирлар вилоятимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам давом этмоқда.

Дилшод ҲАКИМОВ, 

“Камолот”ЁИҲ Бухоро вилоят Кенгаши раиси.