Бухоро – ўрта асрнинг 140 дан ортиқ архитектура ёдгорликларини ўзида сақлаган “музей шаҳар”дир.
Бухоро вилоят Давлат архивида ўлка тарихий обидаларига оид маълумотлар сақланмоқда. Бухородаги аҳамиятга эга ўтмиш обидаларини сақлаш ҳамда уларнинг ягона фондини вужудга келтириш мақсадида Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлари Марказий Ижроия Қўмитаси 1925 йилнинг 4 майида шаҳардаги 20 та тарихий ва табиат осори-атиқаларини музейлар ва ёдгорликларни муҳофаза этиш Ўрта Осиё қўмитаси (Средазкомстарис) тасарруфига бериш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ёдгорликлар орасида Аркдаги барча иншоотлар, Сомонийлар мақбараси, Калон минораси, Мир Араб, Улуғбек, Абдулазизхон, Модари Абдуллахон, Калобод, Гавкушон, Кўкалдош, Нодир Муҳаммад Девонбеги, Хиёбон мадрасалари, Ситораи Моҳи Хосса саройи, Ширбудиндаги боғлар ва бинолар, собиқ амирларга тегишли буюмлар, 11 та дарвозали шаҳар қалъа девори бор эди. (28-фонд,143-йиғмажилд)
Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлари Марказий Ижроия қўмитаси ва Халқ Комиссарлари Советининг 1927 йил 6 октябрдаги қарорига асосан, Средазкомстарис тасарруфига берилган обидалар қаторига Болои ҳовуз, Моғоки Аттори, Девонбеги, Калон, Баланд масжидлари, Абдуллахон тими, Саррофон, Телпакфурушон ва Заргарон тоқлари ҳам қўшилди. (26-фонд,706-йиғмажилд)
Бухорои шарифни ўраб олган қадимий қалъа ва ундаги дарвозалар асрлар давомида бу кўҳна замин шаҳарсозлиги ва меъморчилигининг ажралмас қисми бўлиб келган.
Ўзбекистон истиқлолга эришгандан сўнг ўтган вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча жабҳаларида, жумладан, аждодларимиздан мерос қолган қолган ёдгорликларни кўз қорачиғидек асраш, уларни қайта таъмирлаб, келажак авлодларга етказиш борасида асрларга татигулик улкан ишлар амалга оширилди.
Истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ мамлакатимизда музейлар ва уларни моддий-маънавий ёдгорликлар билан бойитиш борасида қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Турли асар ҳамда рисолаларнинг яратилиши, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО қошидаги Халқаро музейлар кенгашига аъзо бўлиши, мустақилликдан кейинги йилларда тарихимиз кўзгуси бўлган музейларга берилаётган эътибор намунасидир. 1992 йил Бухоро, 2000 йил Самарқанд шаҳрида музейларга бағишлаб ўтказилган халқаро симпозиум ва семинарларда МДҲ давлатлари ва Европанинг бир қатор мамлакатларидан соҳа ходимларининг иштирок этиши мамлакатимиздаги бундай муассасалар ва уларнинг тарихини босқичма-босқич ўрганиш имконини берди. Юртимиз меъморий ёдгорликларга бой бўлиб, 10 та шаҳар тарихий шаҳарлар рўйхатига киритилган. Шунингдек, 2500 та меъморий обида, 2700 та археологик ёдгорлик, 1800 та монументал санъат асари ҳам давлат муҳофазасида.
Ёш авлодни ватанпарварлик, халқимиз тарихи ва буюк аждодларимиз мероси билан фахрланиш руҳида тарбиялашга кўмаклашиш музейларнинг муҳим вазифаларидандир. Музейлар ёшларни маданий, тарихий ва бадиий меросимиз, умумбашарий қадриятлар, ўтмиш, илм-фан ёдгорликлари, халқимизнинг турмуш тарзи ва анъаналари, санъат асарлари билан таништириш ва уларда Ватанга садоқат туйғусини юксалтиришга ёрдам бераётир.
Феруза АБДУРАҲМОНОВА,
вилоят Давлат Архиви архивчиси.