ШУ ШОНЛИ ВАТАНДА ШАРАФ ТОПАЙЛИК!

Бугун ўсиб келаётган ҳар бир ёш миллий ғояни англаши шарт.  Чунки миллий ғоя билан қуролланган ёшлар орқали  жамият тараққиётига эришилади.

Ёшлар олдида ҳақиқатни айтишдан чўчимаслик, сохтакорликдан қочиш, мавжуд қийинчиликлар, муаммоларни очиқ-ойдин баён этиш лозим. Зеро, ҳаёт ҳақиқатларига мос келмайдиган, халқ ҳаётидан, кундалик турмушдан ажралиб қолган суҳбатлар, маърузалар, мулоқотлар, учрашувлар қанчалик жозибадор, обрўли бўлмасин, барибир, унинг амалий самараси бўлмайди.

Демак, улар учун миллий ғурур ва ор-номус туйғуларини шакллантириш, халқ маданий мероси, миллий қадриятлари, улуғ мутафаккирларнинг ибратли ҳаёти, бугунги эришилаётган ютуқлар муҳим. Ёш авлод онгига миллий истиқлол мафкурасининг ижтимоий адолат ҳақидаги ғояларини сингдиришда Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Низомулмулкнинг “Сиёсатнома”, Амир Темур “Тузуклари”, Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул қулуб” номли машҳур асарлари тарихий-илмий манба бўлиб хизмат қилади.

Биз, умумбашарий қадриятлар, Шарқ фалсафаси, юксак ахлоқий-эстетик идеаллар, миллий аньаналар асосида тарбия мактабини бунёд этган мутафаккирларимиз бўлганидан фахрланамиз. Бизга бобокалонларимиздан динимиз, ўзбекона турмуш тарзимиз мерос қолган. Ана шунинг учун маьнавий қадриятларга эътибор бериш, ёшларнинг мақсади ва орзу-умидларига муносиб гўзал ҳаёт барпо этиш жуда катта ижтимоий аҳамият касб этади.

Миллат тараққиёти  – маънавияти ва маълумоти юксак билимли ёшларга боғлиқ. Акс ҳолда, ёшлар ўртасида манқуртлик ва фақат пулга сажда қилувчи арзон ишчи кучига айланиб қолиш хавфи туғилади. Миллатнинг истиқболи арзонгаровга ўз кучини сотадиганлар эвазига эмас, аксинча, моддий ва маънавий меҳнати, салоҳияти юксак қадрланадиган кишилар, ўз ҳаётини ижодий ва жамият тараққиётида ижобий аҳамият касб этадиган ёшларга боғлиқ.

Келажагимизга умид ва ишонч катта. Ўзбекистоннинг келажакда буюк давлат бўлиши учун шарт-шароитлар мавжуд: буюк тарих ва бой маънавий меросимиз бор. Жаҳоншумул аҳамиятга молик маданиятнинг ворисларимиз. Ватанимизнинг иқлими, табиати, ажойиб ер ости ва ер усти бойлигимиз беҳисоб, халқимиз меҳнаткаш, ғайратли ва бардошли, айниқса, кўҳна мамлакатимиз зўр интеллектуал салоҳиятга, бой ақлий меросга эга. Бу маънавий неъматлар давлатимиз, мамлакатимизнинг тарихий илдизлари сифатида келажакда мўл-мўл маънавий ҳосил беришига, шак-шубҳа йўқ.

Миллий ғоя, миллий тафаккур ва миллий мафкура йўлида ёшлар қанчалик бирлашса, жипслашса жаҳон халқлари кўз ўнгида кучимиз, мавқеимиз ва ўрнимиз шунчалик баланд кўтарилади.

Миллий ғоянинг ёшлар онгидан чуқур ўрин олаётганининг асосий мезони шу азиз Ватанимиз, шу азиз халқимиз қадриятлари барчамизники, шу Ватан, шу миллат учун яшаш ва унинг истиқболи учун ҳалол ва пок меҳнат қилиш бахт эканлигини қанчалик ҳис қилишларидир.

Ҳа, бугунги ёшларимиз маънавияти ана шундай кенг ва чуқур, соф ва беғубор. Зеро,уларнинг мустақилликкача бўлган тушунча, тасаввур ҳамда кечинмалардан йироқ, бугунги руҳимиз ва маънавиятимиз нақадар катта фарқ қилиши англаб етганлари аён. Буни ҳар ким ўзига ўзи берадиган “Кеча ким эдиг-у, бугун ким бўлдик?” деган жавобдан англаб олса бўлади.

Мустақиллик даври ёшлари ана шундай халқимизнинг ХХI асрдаги буюк бунёдкорлик ишларига ўзини сафарбар айлайдиган фидойи инсон бўлиб етишаётганини ҳаётнинг ўзи исботлаб бермоқда. Улар умуминсоний қадриятларни ижодий ўрганиб, замонамизга татбиқ этган ҳолда, миллий ўзига хослигимизни, асрлар синовидан ўтган анъаналаримизни, ҳамиша имон-эътиқод билан яшаш сингари ҳаётий тамойилларимизни  сақлаб, юксалтириб боришга интилмоқдалар.

Ҳар томонлама етук ва баркамол ёшларимиз, тўғрироғи, тенгдошларимиз бу шарафли йўлларда шараф топишлари учун бир тану бир жонмиз!

Шаҳобжон КУБАТОВ,

“Бухоро ёшлари” мухбири.