СОҒЛОМ ҲАЁТ УЧУН ОГОҲЛИК!

    1 – декабрь – Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни!

Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан 1987 йил  “1 декабр – Халқаро ОИТСга қарши кураш куни” деб эълон қилинган.  1988 йилдан бошлаб, “Мақсад сари – ноль” шиори остида бутун дунёда аҳоли билан учрашувлар, мини-сессиялар, кўрик-танловлари ўтказилиб келинмоқда. Америкалик рассом Франк Мур 1991 йилда ОИТС касаллигининг рамзи сифатида қизил лентадан фойдаланиш  ғоясини бутун жаҳонга тадбиқ этди.783309-ef02db64cccbaca8.jpg

        Бугун жамиятимизга энг катта хавф солаётган юқумли касалликлардан бири бу – ОИВ ва ОИТС касалликларидир. ОИВ – одамнинг иммунитет танқислиги вируси, касаллик қўзғатувчи ҳисобланиб, уни юқтирганлар одамнинг иммунитет танқислиги вирусини юқтириб олган шахсга айланиб қолади.

Ҳозирги кунда  дунё бўйича 35 млн. киши  ОИВ инфекцияси билан рўйхатга олинган. Бу касалликка ҳар йил 2.2 млн, ҳар кун 7 минг киши, бир соатда 300 нафар киши чалинади.  Касалликни юқтирганларнинг 42% аёллар, 58% эркаклар ташкил этади.

ОИТс111

 Бугунги кунда ОИВ инфекцияси уч хил йўл билан юқмоқда. Булар, парентерал, яъни тери ва шиллиқ қаватлар бутунлигини бузилиши билан амалга ошириладиган муолажалар (тиббий ва косметика муолажаларда ностерил асбоблар ишлатилиб, ОИВ инфекцияси билан зарарланган ва текширилмаган қон қуйилганда, жинсий алоқа орқали (бетартиб жинсий ҳаёт кечирувчи шахслар орасида кўпроқ учрайди) ҳамда вертикал бўлиб, бу ОИВни юқтириб олган ҳомиладорлардан ҳомилага ёки чақалоққа: ҳомиладорлик даврида, туғруқ жараёнида ва туғилгандан сўнг кўкрак сути орқали болага юқади.

Ушбу ҳолат меҳнат мигрантларининг ОИВ инфекцияси профилактикаси йўналишида хабардорлик даражалари талаб даражасида эмаслигидан далолат бериб турибди.

Чет давлатлардан Ўзбекистонга кириб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ОИВ инфекциясига текшириш ва касалликнинг тарқалишининг олдини олиш бўйича Тартиб ишлаб чиқилди ва ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш тадбирларини мувофиқлаштириш Республика комиссиясининг 2013 йил 5 июндаги  07-07/1-1181-сонли “Чет давлатларда узоқ вақт бўлиб, Ўзбекистонга қайтган Республикамиз фуқароларини ОИВ инфекциясига текшириш ва касалликнинг тарқалишининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарасини янада ошириш тўғрисидаги БАЁНИ билан тасдиқланди. Ушбу Тартиб билан Давлат Божхона қўмитаси томонидан тақдим қилинган чет давлатларда узоқ вақт бўлиб, Ўзбекистонга қайтган вилоятимиз фуқаролари тўғрисидаги маълумотлар асосида, МФЙ фаоллари, профилактика нозирлари ва  ҚВП тиббиёт ходимлари ҳамкорлигида ОИВ инфекциясига текширишлар ташкил қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

ОИТс222

Вилоятимизда мазкур касалликнинг олдини олиш борасида мунтазам равишда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ушбу соҳага оид барча ҳолатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш масаласи ҳам босқичма-босқич такомиллаштириш орқали амалга оширилмоқда. Бу йўналишдаги ҳуқуқий масалалар  амалдаги “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги 2013 йил 23 сентябрдаги 353-сонли  Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солинади. ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахслар бошқаларга ушбу вирусни атайлаб юқтиришининг олдини олиш ва хасталикни юқтирганлик учун жавобгарлик мазкур конуннинг 25-моддасида белгилаб қўйилган. Ўзида ОИВ\ОИТС касаллиги мавжудлигини билган шахснинг бошка шахсни атайлаб шу касаллик вирусини юқтириш хавфи остига қўйиши ёки уни юқтириши қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши кўрсатиб ўтилган.

Мамлакатимизда ОИВ инфекциясининг юқиш хавфини камайтириш мақсадида мунтазам соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, ахлоқан пок бўлиш, тиббий муолажалар олиш зарурияти туғилганда фақат стерил, бир марта ишлатиладиган инструментлардан фойдаланиш,  текширилмаган қон ва қон маҳсулотлари қуйилмаслиги, текширилмаган аъзо ва тўқималар кўчириб ўтказилмаслиги, умумий гигиена қоидаларига риоя қилиш, косметик муолажаларида стерил инструментлардан, шахсий гигиена воситаларидан  фойдаланиш талаб этилади.

Саломатлик инсон учун энг бебаҳо бойлик экан,  уни асраб-авайлаш фақатгина ўзимизга боғлиқ. ОИВ ва ОИТС касалликларидан нафақат оила аъзоларимизни, балки бутун жамиятни  сақлаб қолиш учун ҳамиша профилактик тадбирларни амалга ошириш, огоҳ ва ҳушёр бўлмоқ даркор. Огоҳлик эса бугунги даврнинг асосий ва муҳим талабидир.

                                                                      Дилафрўз САТТОРОВА,                         вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази санитария маорифи врачи.