Депутат ва жамият
Жумаев Зафар Икромиддинович, 1978 йилда Жондор туманида туғилган. “Ўздавнефтгаз инспекция” Бухоро ҳудудий бўлими раҳбари, техника фанлари номзоди.
Ўз фаолияти давомида соҳа ривожи учун салмоқли ишларни амалга ошириб келмоқда.
Шунингдек, “Адолат” партияси Халқ депутатлари вилоят Кенгаши 31-“Қароли” сайлов округи депутати сифатида ҳам муносиб ишларга бош-қош. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида мустаҳкамлаган билими ва орттирган тажрибаси ёш депутатнинг юқори ташкилотчилик қобилиятига эга эканлигини яна бир карра намоён этди. Бугун унинг юксак салоҳият билан аҳолининг турли мурожаатларини ўрганиш ва уларга ҳар жиҳатдан ёрдам кўрсатиш, қонуний муҳофазалаш борасида олиб бораётган сайъ-ҳаракатлари ҳам диққатга сазовордир.
Жорий йилда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида З. Жумаев Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 26 майдаги “Табиий газ истеъмолчилари ва газ билан таъминловчи ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларни такомиллаштириш тўғрисида”ги ҳамда Ўзбекистон Респубикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилдаги “Иқтисодиёт тармоқларида газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги масала муҳокамаси бўйича сўзга чиқиб, депутатлик гуруҳи ўрганишлари юзасидан мазкур қарорлар ижросининг вилоятда таъминланишида қатор камчиликларга йўл қўйилгани, ушбу ҳолатларни қонун талабларига риоя қилган ҳолда бартараф этиш жоизлигини таъкидлаб ўтди.
Суҳбатимиз шу ҳақда.
- XX асрнинг 60-йилларидан буён Бухоро аҳолиси табиий газ бойлигидан баҳраманд. Бугунги кунда аксарият газ қувурларининг фойдаланишига 50 йилдан ошганлиги сабабли улар талаб даражасига жавоб бермайди. Ўтказилган газ қувурларининг кесими кичиклиги, ерости газ қувурларининг фойдаланиш муддати ўтганлиги сабабли вилоятда мукаммал таъмирлаш ва реконстукция қилиш ишлари бажарилиши режалаштирилган. Бу, албатта, эътиборли жиҳат! Бироқ, бугун аҳолини кўпроқ табиий газ билан таъминланишдаги муаммолар эмас, балки газдан фойдаланиш бўйича тўловлардан қарздорлик салмоғининг ортиб бораётгани ташвишлантирмоқда…
- Бугун аҳолининг табиий газга, электр энергиясига бўлган эҳтиёжи ошган, истеъмолчиларнинг коммунал тўловлари қарздорлигига нисбатан муносабати ўзгарган, уларда ҳуқуқий даҳлдорлик ҳисси пайдо бўлган. Таъкидлаш жоизки, халқимизнинг ўз ҳуқуқ ва манфаати йўлидаги бундай ижобий ўзгаришлар унинг ўз турмуши фаровонлиги, дастурхонининг тўкин-сочинлигига хизмат қилади.
Бироқ, ён-атрофимиздаги инсонларнинг барчаси қандай ташвиш билан машғул, бу кўп-да бизни қизиқтирмайди. Аслида, бизнинг энг катта хатойимиз, нуқсонларимиз ҳам ана шунда! Маълумки, вилоятимизнинг табиий газдан фойдаланиш бўйича тўловлардан қарздорлиги йил сайин ортиб бормоқда. Бу аҳоли ўртасида турли хил норозиликларнинг келиб чиқишига ҳамда улар томонидан мурожаатлар сонининг ошиб боришига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 26 майдаги 132-сонли “Табиий газ истеъмолчилари ва газ билан таъминловчи ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларни такомиллаштириш тўғрисида”ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2014 йил 24 июндаги 169-сонли “Иқтисодиёт тармоқларида газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорлари ижросининг вилоятимизда таъминланиши борасидаги амалларда қатор камчиликларга йўл қўйилгани, ачинарли ҳол.
Мазкур қарор ижроси бўйича ишлар етарли даражада бажарилмаганлиги сабабли, жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатида “Ғарбгазтаъминот” унитар корхонаси истеъмолчиларининг умумий дебитор қарздорлик 285 млрд. 823,4 млн. сўмни, шундан аҳоли хонадонларининг қарздорлиги 255 млрд. 672,5 млн. сўмни ва улгуржи истеъмолчиларнинг қарздорлиги 30 млрд. 150,9 млн. сўмни ташкил қилган.
Аҳоли хонадонларига етказиб берилган газ ҳажмлари бўйича хисоб-китобларнинг дебитор қарздорлигининг туманлар кесимида тақсимланишига назар ташлайдиган бўлсак, бу Бухоро шаҳрида 61,7 млрд. сўмни, Когон шаҳрида 11,2 млрд. сўмни, Когон туманида 12,2 млрд. сўмни, Ромитан туманида 27,1 млрд.сўмни, Пешкў туманида 9,7 млрд. сўмни, Ғиждувон туманида 36,9 млрд. сўмни, Шофиркон туманида 17,2 млрд. сўмни, Бухоро туманида 44,2 млрд. сўмни, Вобкент туманида 8,4 млрд. сўмни, Жондор туманида 8,7 млрд. сўмни, Қоракўл туманида 13,8 млрд. сўмни, Олот туманида 9,0 млрд. сўмни ва Қоровулбозор туманида 0,2 млрд. сўмни ташкил қилади.
Шунингдек, вилоятнинг шаҳар ва тумангаз филиалларида 2007-2013 йиллар давомида жами 70 млрд. 739,3 млн. сўмлик табиий газдан қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган ҳамда бу ҳолатлар бўйича расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига топширилган. Бугунги кунга қадар эса ушбу зарарнинг фақатгина 24,0 млн. сўми тўланганлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлиб, қолган қисми қопланмасдан қолган. 287,7 млн. м3 эгаси топилмаган газ ҳажмлари филиалларнинг “Автоматлаштирилган бошқариш тизими” ҳисоботларидаги қолдирилганлиги сабабли корхона бўйича 48 млрд. 590,0 млн. сўмлик фарқ вужудга келган.
- Демак, эътиборсизлик ёҳуд фаолиятдаги назоратсизлик оқибатида аҳоли ҳисобига юқорида айтганимиздек 2 та ҳолатда 119,329 млрд. сўмлик нореал дебитор қарздорлик вужудга келган ва бу ўз-ўзидан аҳолини ташвишга солмай қўймайди. Шундайми?!
– Юқорида кўрсатиб ўтилган 70 млрд. 739,3 млн. сўмлик ва 48 млрд. 590,0 млн. сўмлик нореал дебитор қарздорлик ҳам айни вақтдаги вилоят бўйича юзага келган умумий 255 млрд. 672,5 млн. сўмлик дебитор қарздорлик ичида турганлигини алоҳида таъкидлашим жоиз. Ушбу жами 119,329 млрд. сўмлик табиий газни вилоятнинг умумий қарздорлигидан чиқариш борасида алоҳида бош қотиришга тўғри келади. Ва бундан шундай хулосага келиш мумкинки, бугунги кунда вилоятда аҳоли ҳисобида турган ҳақиқий қарздорлик 255 млрд. 672,5 млн. сўм эмас, балки 136,4 млрд. сўмни ташкил этади.
– Билишимизча, “Ғарбгазтаъминот” унитар корхонаси, унинг шаҳар ва тумангаз филиаллари томонидан 100 % тўловни амалга оширмаган корхоналарга ва ҳаттоки, фойдаланган табиий газ учун тўловни амалга оширмаган корхоналарига, қанчадан-қанча тадбиркорлик субъектларига табиий газ етказиб берилиши оқибатида ҳам катта миқдордаги дебитор қарздорликлар вужудга келган?
– Вазирлар Маҳкамасининг 169-сонли қарорининг “Етказиб берилган газ учун ҳисоб қилиш тартиби” тўғрисидаги 66-бандига мувофиқ, истеъмолчиларга газни олдиндан тўловсиз бериш таъқиқланиши кўрсатиб ўтилган. Бироқ қатор газ таъминоти филиаллари раҳбарлари ва масъул ходимларининг фаолиятга панжа ортидан қараб, қонунга номувофиқ ҳатти-ҳаракатлари оқибатида бугунги кунда вилоят бўйича улгуржи истеъмолчиларга табиий газдан 30 млрд. 150,7 млн. сўмлик қарздорлик мавжуд бўлиб, ушбу қарздорликнинг 24 млрд. 815,5 млн. сўми иккита йирик иссиқлик таъминоти корхоналари ҳисобига тўғри келмоқда. Биргина “Иссиқлик манбаи” АЖнинг дебитор қарздорлиги 15 млрд. 755,1 млн. сўмни ҳамда “Бухороэнергомарказ” АЖнинг қарздорлиги 9 млрд. 060,4 млн. сўмни ташкил қилмоқда.
Бундан ташқари, вилоятдаги қурилиш материаллари (ғишт, оҳак, гипс ва бошқа) ишлаб чиқариш цехларининг ҳам табиий газдан катта миқдорда қарздорлиги бўлса-да, газ таъминоти филиаллари томонидан бу истеъмолчиларга табиий газ етказиб берилиши ҳалигача давом эттирилмоқда.
- Бу ҳолатларни айнан қайси туманларда учратиш мумкин?
– “Ромитантумангаз” филиали бўйича тумандаги улгуржи истеъмолчилар томонидан 2015 йилнинг 1 октябрь ҳолатида 1 млрд. 302 млн. 326 минг 967 сўмлик табиий газдан дебитор қарздорлиги мавжуд бўлиб, ушбу қарздорликнинг аксарияти тумандаги 10 дан ортиқ пишган ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналар зиммасига тўғри келмоқда. Шунингдек, вилоятдаги барча ғишт ишлаб чиқарувчи цехлар 2015 йилнинг 1 октябридан бошлаб табиий газ тармоғидан узиб қўйилган бўлса-да, ғишт ишлаб чиқарувчи цехлар томонидан фойдаланилган табиий газдан қарздорлик ҳар хил ўринсиз баҳоналар билан бугунги кунга қадар тўланмасдан келинмоқда. Ушбу ҳолатларни барча туманларда ҳам кузатиш мумкин. Жумладан: Бухоро шаҳридаги “Ал-Азиз” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати 4 миллион 917 минг 513 сўмлик, “Хайрулло бобо” хусусий савдо ишлаб чиқариш корхонаси 9 миллион 549 минг 902 сўмлик, “Бухоро таъмирлаш” ишлаб чиқариш корхонаси 12 миллион 135 минг 875 сўмлик, Жондор тумани, “Навработ” ММТПнинг 1 миллион 604 минг 786 сўмлик, Когон туман МТПнинг 3 миллион 989 минг 507 сўмлик, Когон “Мададкор машъали” МТПнинг 2миллион 684 минг 446 сўмлик, Бухоро туманидаги “Камол Акмал” фирмасига қарашли ғишт ишлаб чиқариш корхонаси 16 миллион 670 минг 801 сўмлик, Қоровулбозор туманидаги “Плюс Мега строй сервис” МЧЖга қарашли ғишт ишлаб чиқариш корхонаси 7 миллион 787 минг 166 сўмлик, тумандаги фуқаро Қобил Тўраевга қарашли Иссиқхона 19 миллион 127 минг 269 сўмлик, шунингдек, фуқаро Шуҳрат Ёдгоровга қарашли Иссиқхона 12 миллион 191минг 702 сўмлик қарздорлиги мавжуд. Ушбу корхона-ташкилотлар аксариятининг фаолияти тўхтатилган, ёхуд айримлари банкротга учраган бўлса-да мавжуд қарздорликлар узоқ йиллардан буён улар томонидан тўланмасдан келинмоқда. Бундай ҳолатларни юзлаб ишлаб чиқариш корхоналари мисолида келтириш мумкин.
– Қарздорлик ўз вақтида тўланмаётган ёки у турли важлар билан қопланмаётган экан, балки бу масала бўйича ҳуқуқ-тартибот идораларининг аралашувини таъминлашга эътибор қаратиш зарурдир?
– Дарҳақиқат, бундай истеъмолчиларнинг қарздорлик ҳолатлари газтаъминоти корхоналари томонидан хўжалик судларига топширилган. Хўжалик судлари томонидан ушбу қарздорликларнинг ундирилиши бўйича қарорлар чиқарилган бўлса-да, унинг ижроси ҳалигача ўз ечимини топмаган. Шу нуқтайи назардан, ушбу қарздорликларнинг ундирилиши борасида етарли ва аниқ чора-тадбирларга асосланган ишлар бажарилса, кутилган натижага эришган бўлардик.
Яна шуни айтиб ўтиш ўринлики, ўрганишлар натижасида юқорида айтиб ўтилганидек, “Ғарбгазтаминот” УКси ва унинг шаҳар ва тумангаз бўлимларида 2007-2013 йиллар давомида жами 70 миллиард 739,3 миллион сўмлик табиий газдаги қонун бузилиш ҳолатлари ва бу борада расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига топширилиб, ушбу ҳужжатлар улар томонидан “Жиноят ишлари бўйича” судларга ўтказилган. Ва бугунги кунга қадар етказилган ушбу зарарнинг 24 миллион сўм миқдори тўланган, холос. Қолган қисми эса ҳалигача қопланмаган.
Бу борада ҳуқуқ-тартибот органлари идоралари аралашувидан ташқари, вилоятимиздаги ўзини-ўзи бошқариш органлари, яъни қишлоқ, маҳалла фуқаролар йиғинлари мутассади ходимлари, профилактика инспекторлари, қишлоқ вакиллари, қолаверса, кўпни кўрган нуроний отахонлар ва онахонлар томонидан табиий газдан қарздорликларни ўз вақтида амалга ошириш борасида тушунтириш ва тарғибот ишлари ҳам олиб борилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
- “Ўздавнефтгазинспекция” Бухоро вилоят ҳудудий бўлими, “Бухоро синов ва сертификатлаштириш маркази, “Ғарбгазтаъминот” унитар корхонаси ва унинг шаҳар ва тумангаз филиаллари мутахассислари иштирокида табиий газ истеъмолчилари учун етказиб берилаётган газ ҳажмлари ҳисоб-китобини юритилишидаги ноаниқликлар туфайли вужудга келаётган нореал дебитор қарздорликнинг келиб чиқиши сабаблари ўрганилган. Шу ҳақда тўхталсангиз…
- Дарҳақиқат, бу борада ўрганилган ҳолатларга кўра, табиий газ истеъмолчиларига етказиб берилаётган газ ҳажмларини хонадонлардаги мавжуд газ ҳисоблагичлар орқали ҳисоб китоб қилинишида тафовутлар мавжудлиги аниқланган. Ва электрон газ ҳисоблагич ва механик газ ҳисоблагичлар орасида анчагина тафовут борлиги аён бўлган. Энг ачинарлиси, эътиборсизлик ва “мендан кетгунча…” қабилида механик газ ҳисоблагичларни ўрнатишда уларнинг лойиҳавий ишлаш талаблари ҳам бажарилмаган. Аҳоли хонадоналарида ўрнатилган газ ўлчагичларнинг асосий қисми 2004 йилдан 2010 йилгача бўлган давр давомида ўрнатилган газ ўлчагичлар ҳарорат ва босим бўйича коррекция блоки билан таъминланмаган. Шунингдек, ушбу газ ҳисоблагичларни ўрнатишда уларнинг лойиҳавий ишлатиш талаблари ҳам бажарилмаган (яъни уларни ўрнатишда атроф-муҳит, ҳарорат, кун-тиғи тушмайдиган жойларда ўрнатиш талаб этилади). Уларнинг кўп қисми хонадон йўлаклари ёки кўча газ қувурига очиқ ҳолда ўрнатилган. Ҳаво ҳароратининг газ ҳисоблагичларнинг техник кўрсаткичидан паст ёки баланд даражада ишлатилиши ҳам газ ҳисоблагичлар кўрсаткичига салбий таъсир кўрсатади ва хатолик даражасининг юқори бўлишига олиб келади.
- Албатта, аҳоли, аниқроғи, истеъмолчи ҳамиша тўловларнинг тўғри ва одилона, аниқ ҳисоб-китоб билан амалга оширилиши тарафдори бўлиб келган. Замонавий электрон ҳисоблагичларга ўтилиши ҳар икки томон учун ҳам қулайлик туғдириши, табиий. Бироқ, бу ҳам ўзига яраша маблағ ва харажат талаб қилади. Хўш, айтингчи, табиий газ электрон ҳисоблагичларини ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар қандай қопланади?
- Албатта, табиий газ ҳажмларини истеъмолчиларга тўғри ҳисоб-китоб билан тарқатилиши таъминлаш учун ўлчов хатолиги юқори бўлган ўлчагичларни замонавий электрон ҳисоблагичларга алмаштириш орқали эришиш мумкин. Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 2 ноябрдаги “Электр энергияси ва табиий газ истеъмолчиларини ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги 309-сонли қарорига асосан, 2018 йилнинг 1 январига қадар барча улгуржи итеъмолчилар ўз маблағи ҳисобидан замонавий электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатган ҳолда, табиий газдан фойдаланиши кўзда тутилган. Аста-секинлик билан бу тартиб аҳоли истеъмолчилари ўртасида ҳам жорий этилади. Бу ўз-ўзидан истеъмолчилар ҳамда газтаъминоти корхоналари ўртасидаги ҳисоб-китобларнинг аниқ юритилишида ва юзага келган ноаниқликларнинг ўз ечимини топишида хизмат қилади.
- Юқорида “бугунги кунда вилоятда аҳоли ҳисобида турган ҳақиқий қарздорлик 255 млрд. 672,5 млн. сўм эмас, балки 136,4 млрд. сўмни ташкил этади” деб ўтдингиз. Ҳолатни аҳоли манфаатига амалда мувофиқлаштириш эса, албатта, ўз-ўзидан юридик мақом талаб этади. Бу борада қандай чора-тадбирлар белгиланмоқда?
- Вилоятнинг бўлиб ўтган 7 сессиясида ушбу масалага янада ойдинлик киритиш мақсадида юқоридаги ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун ишчи гуруҳ ташкил этилди ва ишчи гуруҳ зиммасига 2015 йилнинг 10 декабрига қадар ҳуқуқий баҳо бериш таклифи тушди. Ушбу таклифлардан келиб чиқиб, сессияда Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалик ва алоқа ҳамда аҳолига хизмат кўрсатиш комиссияси, шунингдек, қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари доимий комиссияси ҳамда вилоят Адлия бошқармаси, ижро департаменти, Синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси, вилоят Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси, “Ўздавнефтгазинспекция” вилоят ҳудудий бўлими “Ғарбгазтаъминот” унитар корхонаси ва бошқа соҳа вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тасдиқланди. Аҳоли ҳисобида бўлмаган мавжуд нореал қарздорлик ҳолатлари мазкур ишчи гуруҳи ўрганиб чиқилади. Ва уларнинг хулоса ва таклифларига асосан, вилоятда аҳоли хонадонлари бўйича йиғилиб қолган ушбу нореал дебитор қарздорликларни аҳоли ҳисобидан чиқариш белгиланган тартибда амалга оширилади.
- Ёш депутат сифатидаги ўрганишларингиз юзасидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, биз, албатта, аҳоли ҳисобидаги нореал қарздорликларни бартараф этишга эришамиз!
- Юртбошимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидланганидек, ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун хизмат қилиши керак. Демак, аҳоли манфаатларини таъминлаш, юртга хизмат қилиш зиммамизда экан, ташаббусларимиз жамият ривожланишига ҳар жиҳатдан ҳисса қўшишга асос бўлса, шубҳасиз. Яна шуни унутмайликки, табиий газ ҳам миллий бойлигимиз саналади. Шундай экан, ундан оқилона фойдаланишда белгиланган қонун талабларига риоя этиш лозим. Зеро, қонун ҳамма учун баробар бўлганидек, унинг ижросини таъминлаш ҳам ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.
- Суҳбатингиз учун ташаккур!
Лайло ҲАЙИТОВА,
суҳбатлашди.