ГЛОБАЛ АХБОРОТ ВА ЁШЛАР

Глобаллашаётган дунёда ахборот-коммуникация технологиялари ва айниқса, Интернет кишилар кундалик ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бораётганлиги барчамизга яхши маълум. Хусусан, бугунги кунда ўз жонига қасд қилишнинг осон йўлларини тарғиб қилувчи 9 мингдан ортиқ, эротик мазмунга эга 4 мингдан зиёд ҳамда 12% порнографик характердаги сайтлар фаолият кўрсатмоқда.  42% болалар ва ўсмирлар онлайн порнография таъсирига тушмоқда, 49% компьютер ўйинлари зўравонлик ва ёвузликни, 41% ўта жангари, бешафқат урушлар, ўлдиришлар, отишмалар, портлашларни тарғиб қилмоқда.  

Google компаниясининг таҳлилларига кўра, Ўзбекистон бўйича интернетдан фойдаланувчилар “Одноклассники.ru”да 20.000 нафардан ортиқ, “Fasebook”да 90.000 нафар, “Мой мир”да 40.000 нафардан ортиқ,  “Вконтакте”да 15.000 дан ошиқ кишини ташкил этар экан.

Ачинарлиси, Ўзбекистондаги Doira.uz, vsetut.uz, odnoklassniki.uz, sinfdosh.uz, muloqot.uz, olam.uz каби жами сайтларда рўйхатдан ўтганлар жамланса ҳам юқоридаги миқдорга етмайди.  Глобал тармоқдаги ахборот ресурсларининг ўсиб келаётган ёш авлод ҳаёт тарзининг шаклланишига таъсирини таҳлил қилиш натижасида шундай фикр келиб чиқмоқдаки, Интернет ҳозирги кунда ижтимоий муносабатларнинг ўзига хос мухитига айланиб қолди. Шундай экан, фикримизча, миллий тармоқда ёшларнинг психологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг дунёқараши, қизиқишларидан келиб чиқиб, бевосита ёш авлод манфаатлари ва муаммоларини қамраб олувчи маънан мазмунли, шу билан бирга, замонавий мавзулардан иборат интернет сайтлари  яратиш ниҳоятда муҳимдир.

Ахборот турли ижтимоий қатламларга, тажрибали ва миллий гуруҳларга ҳар хил таъсир этиши ҳамда уни истеъмол қилиш ҳам бир-биридан фарқ қилганлиги боис, кишиларда, айниқса, ёшларда ахборотни саралай олиш, яъни ахборот истеъмоли маданиятини юксак даражада шакллантириш учун, энг аввало, ёш йигит-қизларда миллий ғypyp, ватанпарварлик, фидойилик туйғуларини уйғотиш муҳим.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йилдаги «Камолот» ЁИҲни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонида келтирганидек, “Ҳар томонлама комил ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш масаласи давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан биридир”.

Тўхтовсиз шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги жамиятда ҳар бир янгилик, содир бўлаётган воқеа ҳодисалардан оқилона фикр чиқариб, ҳамиша ўзимизга уларнинг яхши томонларини ўзлаштириб олмоғимиз даркор. Айниқса, ёшларимизнинг бошқа ёт мафкуралар гирдобига тушиб қолишининг олдини олиш муҳим вазифа ҳисобланади. Ёт мафкуравий таъсирлар ҳаётимизга салбий оқибатларга олиб келмаслиги учун, “Бунинг йўли  – дейди давлатимиз раҳбари Ислом Каримов  одамларимиз, авваламбор, ёшларимизнинг иймон-эътиқодини мустаҳкамлаш, иродасини бақувват қилиш, уларни ўз мустақил фикрига эга бўлган баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг тафаккурида ўзлигини унутмаслик, ота-боболарнинг муқаддас қадриятларини асраб-авайлаш ва ҳурмат қилиш фазилатларини қарор топтириш. Уларнинг, мен ўзбек фарзандиман, деб, ғурур ва ифтихор билан яшашига эришишдир”.

Ана шу сабабдан ҳам мустақил Ўзбекистонда ҳозирги даврда миллат, жамият, давлатни бирлаштирувчи байроғи бўлган миллий ғоя ва мафкурани шакллантириш ва ҳалқимиз онгига сингдириш бизнинг асосий вазифамиздир. Чунки миллий мафкурамиз мустақиллик йилларида эришилган ғалабаларни ва энг катта ютуғимиз бўлган истиқболимизни, Она Ватанимизни, фарзандларимизни бахтли келажагини тараннум эатди. Шу сабаб, ёшларимизни бегона мафкуралардан фидоийлик билан химоя қилиш, доимо хушёр ва сергак бўлмоғимиз даркор.

Зеро, Ўзбекистон бизнинг умумий уйимиз, уни асраш эса ҳар биримизнинг муқаддас вазифамиздир.

Дилафруз САМАДОВА, Ғиждувон Маиший хизмат касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси.