Муҳожир қиз ҳикояси: «Тоғамни кечира олмайман»

Яқин қариндошининг қистови билан Россия Федерациясининг Бохняка, Петропавловск-Камчатский шаҳрига қурилиш-таъмирлаш ишларига даромад топиш мақсадида кетган ва ўзи билмаган ҳолда ИШИД сафига қўшилиб, бир неча йил умрини қамоқда ўтказган ромитанлик муҳожир қиз ҳикояси.

Ҳикоядаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган.

Лақманинг калласи тарози палласига қиёс экан. Чунки у ким нима қўйса, ўша томонга оғади. Лақманинг ўз фикрига эга эмаслиги, ўз қараши йўқлиги эса тарозибонга қўл келади. Лоқайд одам учун эса дўстнинг ҳам, душманнинг ҳам, қавму-қариндоши, бегонанинг ҳам аҳамияти йўқ. Яқин қариндошимиз, тўғрироғи, ўз тоғамнинг лақмалиги, нафақат, жамиятга, тинч-осуда ҳаётга, кўплаб яқин қариндошу ошна-оғайниларимизнинг ҳам умрига завол бўлди.

Мен туғилганда, исмимни яхши ният билан Ёригул, деб қўйишган. Бироқ, гулдек умрим хазон бўлди, айни тўй ёшимда бошимни ёр кўксига эмас, қамоқнинг зах ва қора деворларига қўйдим. Ақлимни таниб-танимай, тоғам Амир Самировнинг ваъдаларига ишонган онам мениям ўзи билан Россия Федерациясининг Петропавловск-Камчатск шаҳрига олиб кетди. Ўшанда бизга қўшилиб, яна икки яқин қариндошимиз ҳам бирга жўнаганди.

Онам, мен ва бошқа яқин қариндошларимиз Россияга бориб, катта даромад топиш, рўзғорни бутлаш, уй-жойни тиклаш, машиналар олиш ва бошқалардан ҳеч қолишмайдиган тўкин-тўкис ҳаётда яшаш орзусида йўлбўйи суҳбатлашиб кетдик. Манзилга етиб боргач, афсуски, ҳеч қандай қурилиш ёки бошқа ишларга эмас, бошқа муҳитнинг сурункали таъсири остида қолиб қолиб кетишимизни тушуниб етдик.

Ўзимизга номаълум шахсларнинг ўзбек тилидаги маъруза ва ноширларини, интернет тармоғи орқали ёт мазмундаги материалларни ўқишга, видеороликларни томоша қилишга мажбур эдик. Бундан ташқари, маърузаларни муҳокама қилишга руҳий зўриқиш орқали сингдириб бораётган биз, яқинларининг тақдири тоғамиз Амир Самировни мутлақо қизиқтирмасди. «Ўз опангга, ўз жиянингга, ўз яқинларингга шундай кўрнамаклик қиласанми?»-дея онамнинг жоврашлари фойдасиз эди. Кўз олдимда онамни урар, тепкилар, ёт талқиндаги китобларни ўқиб, видеоларни кўришга мажбурлар эди. Бундай пайтда бошқа яқин қариндошимиз бўлган йигитлар ҳам ожиз қолишарди.

Ҳа, айтмоқчи, Петропавловск-Камчатск шаҳрига тоғам биздан ҳам олдин божаси Фаёз Темиров, ўз акаси Акрам Самиров ва унинг турмуш ўртоғи, яъни янгам Мадина Самирова, жиянлари Рамазон Қодиров ҳамда Манзура Қодирова, Суннат Салимов, синфдоши Нодир Намозовларни ҳам Россия Федерациясига «иш»га чақириб улгурган экан.

Ҳаммамиз худди тутқунликдаги қулларга ўхшардик Ҳатто, ўшанда, онамга, ҳамқишлоқларимга: «Ҳаммамиз бир бўлиб тоғамни ўлдирайлик ёки кимгадир билдирайлик!»-деб жовраганман. Афсуски, бизнинг бирортамизнинг қўлимизда на телефон ва кўчага чиқиб, кимгадир ҳолатни айтиб бериш учун шароит бор эди. Ҳаммамиз туну-кун атрофи ўзимизга нотаниш «уламо»лар билан ўраб олинган бино ичида эдик. Тўйиб овқатланмасдик, совуқ ва зах бино ичида узуккун диний таълим олишга мажмурий жалб этилган эдик.

Тоғам Амир Самировнинг ўзи 1981 йилда Ромитан туманида туғилган. Ўрта маълумотли, оилали, 3 нафар фарзанди бор. Муқаддам унга нисбатан жиноят иши бўйича эҳтиёт чораси сифатида сиртдан «қамоқ» жазоси қўлланилган.

Мўмай даромад топиш илинжида Россия Федерациясининг Петропавловск-Камчатск шаҳрига қурилиш-таъмирлаш ишлари билан шуғулланиб келган тоғам бўш вақт топдим, дегунча спиртли ичимликлар ичиб, вақтичоғлиқ қилган экан. Унинг вақтичоғлиги аввалига, рўжўга, кейин эса тобеликка айланган. Шундай кунларнинг бирида у ҳамюрти Ҳамро Эрмат билан танишиб қолган ва унга сўзсиз эргашган. Тоғамга Ҳамронинг «амри маъруф»лари, айниқса, «жиҳод», «шаҳидлик» ва «ҳижрат»ни тарғиб қилувчи ғоялари маъқул кела бошлаган.

Маълумот ўрнида: суд ҳужжатларига кўра, Ҳамро Эрмат – «Исломий жиҳод иттиҳоди» диний экстремистик оқими раҳбари. «Каменск-Уральский жиҳодий жамоати» аъзоси бўлган. Сепаратистик, фундаменталистик ва ақидапарастлик ғоялари билан бойитилган маъруза, эслатма ва қўшиқлар тарғиботчиси. Халқаро террористик ташкилотлар бирлашувидан ташкил топган «Ироқ Шом Ислом Давлати» халқаро террористик ташкилоти сафига қўшилиш, махсус ўқувдан ўтиб, қуролли гуруҳлар билан Ироқ ва Сурия давлатларига террорчилик ҳаракатларида иштирок этиш ва бутун дунёда ислом давлатини қуришни режалаштириш жиноятини содир қилган.

Опа, билсангиз, тоғам Ҳамронинг тузоғига хамирдан қил суғиргандек осон илинган,-дея сўзида давом этади суҳбатдош,- Чунки Ҳамро Эрмат одамларнинг диндорлик туйғуларидан фойдаланишни жуда яхши биларди. Бундайларни бир марта моддий қўллаб-қувватлаб, «сигнал» берса, тамом-вассалом, дини ва Ватани тайинсиз йигитлар ота-она ва оила тугул, ўзлари туғилиб ўсган юртни ҳам алғов-далғов қилишга тайёр туришади. Тоғамнинг ҳам худди шундайлар тоифасидан эканини Ҳамро тушуниб етган. Ва албатта, унга худди шундай манқуртлар зарур бўлган.

Тоғам ўзига араб алифбосини ўргатиб, диний илм ва амаллар билан онгу шуурини забт этиб олган Ҳамрони устоз сифатида қабул қилган.

Тўғриси, тоғам у қилди-бу қилди, барибир, биз қариндошларнинг бир нечтамиз унинг йўриғига ён бермадик. Айтганини бажармасак, қандайдир, ҳужрага ўхшаган бир ёқимсиз ва қоронғу хонага олиб кириб, урарди, тепарди. Ҳатто, онам: «Ўлдирсанг ўлдир, жонимдан ҳам ўтди, сенинг жазоингни Аллоҳ берсин!»-деб укаси билан кўп жанжалларга борган. Шу орада тоғамга инсоф кириб, йигитларни қурилиш ишларига жалб этди. Топган даромадларидан бир қисмини ўзи қишлоқдагиларни хавотирга қўймаслик учун уларнинг номидан оилаларига юбориб турди. Хотин, бола-чақаси билан гаплаштириб туриш учун ўзининг телефонини бериб турар ва бу ердаги ҳолатлар ҳақида айтиб қўймаслиги учун қўлида пичоқ ёки таёқ билан бошида турарди. Мен бундай манзараларни фақат киноларда бўлса керак, деб ўйлардим. Афсуски, мактабни тугатибоқ, кўрган кечинмаларим мана шундай оғриқли манзаралар гирдобида хазон бўлди.

Кейинчалик билсак, ўшанда биз Камчатка шаҳри, «Бохнияка» кўчасидаги кўп қаватли уйлардан бирида жойлашган мусулмонлар масжидига жойлаштирилган эканмиз. Тоғам шу ерда имомлик қилувчи тожикистонлик Нусрат Муҳаммад билан бизни таништирди. Шундан сўнг имом бизнинг ҳаммамизни 20-30 километрча олисдаги аллақандай ижара уйга олиб кетди. Бир нечта кичик, тор ва сиқиқ хоналарга ажратилган уй бизга худди қамоқхонани эслатарди. Аёллар ва эркаклар хонаси пластмаст девор билан ажратилган, яқин қариндош бўлишимизга қарамай, бир-биримиз билан суҳбатлашишни ҳам, ҳатто, гуноҳга чиқаришди. Ижара уй эгаси, яъни Нусрат Муҳаммад шу қадар жоҳил ва шафқатсиз эдики, биз, қиз-жувонларни кундуз кунлари бир фурсат бўлса ҳам мизғиб олишга рухсат бермасди.

Энг ёмони, кун кечида қурилиш ишларидан чарчаб қайтган йигит қариндошларимизни ҳар жиҳатдан сиқувга олишар, ҳуқуқларини таъқиқлашар, қилган ҳар бир ҳатти-ҳаракатларидан камчилик топишарди. Кўз олдимизда яқинларимиз сўлиб борарди. Амир тоғам катта тоғам Акрамнинг ўғли Суннатнинг норози арзу-шикоятларини ўринсиз қолдираверди. Уни кўп жазолар, «ишдан чарчаб келдим, намоз ўқишга ҳам, бошқасига ҳам ҳолим йўқ» дея жоврашларини инобатга ҳам олмасди.

Орадан вақт ўтди. Кўнглида ғайир мақсадни тугиб олган Амир тоғам Суннатни, ўз синфдоши Нодир ҳамда божаси Фаёзни имом ихтиёридаги шу ижара уйда қолдириб, қолганларни ўзи билан бирга олиб, яна Петропавловск-Камчатскка қайтди.

Яна кунлар бир зайлда кечаверди. Мени эса, булар шундай ғайирли ишлар қилишаяпти, наҳотки, ҳеч ким бу ҳақда Ўзбекистонга хабар етказмаяпти, деган ўй қийнарди. Бу ҳақда онамга айтсам, «агар тирик қолишимизни истасанг, жим юр. Кун келади, ҳали ҳаммаси фош бўлади. Фақат бегона юртларда ўлиб кетмай, жасадимиз ёт тупроқларда қолиб кетмасин, десанг, сабр қил, қизим, сабр»,-дерди.

Орадан кўп ўтмай, Ҳамро Эрмат «сирли» равишда кўздан ғойиб бўлади. Кунларнинг бирида Амир тоғам Суннатга Камчаткадаги «Рай файзен» банкидан «Золотая корона» пул ўтказиш тизими орқали Ҳамро Эрмат номига 1000 АҚШ доллари жўнатишини буюради. Ҳар доим Ҳамро ва Нусратларнинг қадам босишида аллақандай хавф сезаётганини тоғамга айтавериб чарчаган Суннат у шахсга нима мақсадда маблағ жўнатаётгани сабабини суриштирмаган ҳам, ҳатто. Муҳими, Ҳамро кўринмайди. Тинчгина ишлаб, ўз даромадларини топишса, бас.

Бир йилча ўтар-ўтмас Суннат Ўзбекистонда ўзини жиноий жавобгарлик кутаётгани машъум хабарини эшитиб, саросимага туша бошлади. Нега ва нима учун сабабини билмасди. Биз ҳам ҳайратда эдик. Шунда Амир тоғам бебурдларча, Ҳамро Эрмат номига Суннат Салимов томонидан жўнатилган маблағ Сурия ва Ироқда жиҳод қилаётганларни моддий таъминлашга йўналтирилганини, шунинг учун жавобгарликка тортилаётганини айтди. Ўз яқин биродари бўла туриб, бошига шундай кулфатларни солган тоғасидан, устига-устак, ўз юртида унга нисбатан жиноий иш очилганидан Суннат жаҳл отига минди. Ҳаммамизни шундай аянчли қисмат кутиши мумкинлигидан қўрқдик.

Бир пайтлар спиртли ичимликларга рўжў қўйган тоғам Суннатнинг пешхезликлари учун адабини яхшигина бериш мақсадида шу ғайир ишни қилганини безбетларча олдимизда тан олди. Кўз олдимизда Суннатга қўл телефони орқали интернет тармоғидан Сурия ва Ироқдаги жангларда туширилган мусулмонларнинг аянчли фотосуратлари ва видеороликларини кўрсатиб, мусулмонлар жиҳод қилаётганини, уларга моддий кўмак зарурлигини, Ҳамро Эрмат ҳам, айнан, Сурия ва Ироқ давлатига жиҳод учун кетганини, ачинарлиси, унга жиянининг қўли билан маблағ жўнатганини ошкор қилди.

Шундан сўнггина ҳаммамиз бош кўтардик. Бу манфур кимса ҳар дақиқада ҳар биримизни бирма-бир оловга ташлаши мумкинлигини англаб етди. Кўзларимиз яқин биродаримиз оғир аҳволда қолганда очилди. Ҳаммамиз жаҳл отига минганмиз, кўзларимиз қонга тўлган. Охири чидолмаган онам укаси Амирнинг қўлидан телефонини тортиб олди. Суннатга ва бошқаларга уни маҳкам ушлаб туришни, лозим бўлса, уриб калтаклаб, боғлаб ташлашни буюрди. Бундай вазиятда йигитлар ўзларини қўлга олишган бўлса ҳам Амир тоғамнинг қаршилик кўрсатмаслиги учун унинг қўл-оёғини боғлаб, оғзини маҳкам босиб туришди. Онам, чамаси, 40 минут, бир соатларда ичида тоғамнинг телефон рақамидан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари билан боғланди. Ҳолат бўйича қисқа-ёрти, шоша-пиша гапирди. Вазият шу нуқтага етгандан кейингина ўз укасига нисбатан айни дамда куч ишлатиб, уни ушлаб туришгани, кўп ситамларни бошдан ўтказганимиз, зудлик билан манзилга етиб келишмаса, бошқа яқин қариндошларнинг ҳам бошига кулфатлар тушиши мумкинлигини билдирди. Ўзини оғир ва қора кунлар кутаётганини билган Суннат ўкириб йиғлади. Аммо, мардликка борди, қочишга уринмади. Қўл-оёғи ва оғзи боғлиқли Амир тоғам ҳаммамизнинг қарғишимиз ва лаънатимизга қолиб, бир нималар дейишга уринарди. Аммо, биз уни эшитишни ҳам хоҳламадик.

Орадан икки соатлардан кўпроқ, чамаси, вақт ўтиб, Россия полицияси биз турган манзилга етиб келди. Қайси биримизга қамоқ, қайси биримизга озодлик бўлади – бизга мавҳум эди. Муҳими, қора ис босган бу зимистон манзилдан қутилаётганимизга шукур қилардик.

***

Тергов ишлари узоқ, жуда узоқ давом этди. Мен, ҳали турмушга чиқмаган, диний таълимга мажбурий жалб этилган қиз терговга қадар бошқалар қатори қамоқда ушландим. Зах ва нам қамоқ деворларига бошимни уриб, шу дадилликни онам нега вақтида қила олмаганини, энди мен умрбўйи ёр кўксида эмас, турмага бош қўйиб ўтишимни эслаб, қон-қон йиғладим. Россияга бориб, пул ишлаб келсак, бошқалардан кам бўлмаймиз, сандиқларим сепга, хонадоним гулга аланади, деган ўй-орзуларим ҳавога учди. Қишлоқдошларим юзига энди қандай қарай олишим хавотири мени ўтдан олиб сувга, сувдан олиб ўтга ташлади.

Суд, тергов ишлари шу қадар адолатли якунландики, судья ва терговчилар бу нозик масалада ўта масъулият билан ёндошишди. Тўғриси, Россияда тоғамдан кўп жабр кўрганмасманми, тергов-суриштирув ишлари ҳам оғир кечади, қилмишларимиз учун бизни қийнашади, калтаклашади, уриб-тепишади, деб ўйлагандим. Ахир, биз Россияда ўз қавмимиз томонидан тутқунликда ушланган қуллардек эдик. Йўқ. Ҳар биримизни тинглашди, воқеликларни чуқур суриштиришди. Таҳлил қилишди. Оғир кечган жиҳати эса – ўз виждон азобимизда эди: «нега ўз вақтида ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар бера олмаганимизда, тоғамиз бизни ўлдириб юбориши мумкин» деган ҳадик билан унинг калтак ва тепкиларига бош эгиб келганимизда эди.

Суд Жиноят ишлари бўйича Вобкент туман суди томонидан якунланди. Шу ўринда, суд-тергов ишини олиб борган ёши кекса судьянинг ўгитли гаплари ҳам ҳали-ҳануз қалбимда қолган: «Сиз билиб-билмай, жиноятга дахлдор бўлгансиз. Аммо, шуни унутмангки, ҳар бирингиз шу юртнинг фарзандларисиз. Юрт ўз фарзандларини дин ниқоби остидаги ва жиҳодни илгари сурган манфур кимсалар қўлига топшириб қўймайди. Ҳали эртанги кунингиз ёруғ бўлади. Фақат яна йўлдан адаша кўрманг!»-деди оталарча.

Ҳар биримизга нисбатан жазо қўлланилди. Бузғунчи мафкуравий гуруҳлар таъсирига тушиб, ўз инсоний фазилатларини йўқотган, бегоналар қатори биз, яқин қавмлари тақдирига ҳам қора доғ туширишдан тап тортмаган тоғам диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ташкилот фаолиятида иштирок этиш жиноятини содир этишда айбли, деб топилди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси бўйича жазо қўлланилди.

Ҳа, айтмоқчи, яқинда бундан бир неча йил илгари Сурия ва Ироқ давлатига жиҳод учун кетган ва қидирувдаги Ҳамид Эрматнинг қўлга олингани ҳамда унга нисбатан суд ҳукми ўқилганини эшитиб, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ишига яна бир карра миннатдорлик билдиргим келди. Зеро, кўплаб қавмларимнинг ва бошқаларнинг бошига оғир кунларни солган бундай кимсалар оғир жазога муносиб. Халқ нафрати ва лаънатига учраганлар қонун қўлидан қочиб қутила олишмайди.

***

Бу воқеалар 2015-2017 йилларда содир бўлган. Бугун қишлоқда деразам ойнасидан термулиб тураман. Орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, одамлардан, хешу тоборлардан уяламан. Гарчи, шунча азоблар зулматидан номусим ўзимда қайтган бўлсам-да, қари қизлигимдан тортинаман. Юрагим қисилади, виждон азобидан эзиламан. Бир пайтлар менга севги мактуби ёзган синфдошим ҳовлисида ўғиллари учун бўлаётган хатна тўйлари сас-садосига қўшилиб йиғлайман. Ғаму-армонга тўлган сандиғимни қучиб ўкинаман. Хаёлан ҳали туғилмаган боламнинг бешикларини тебратаман. Унга атаб кийимчалар тикаман, пайпоқу шапкачалар тўқийман. Гўёки ёрим кўксига бош қўйиб, дардларимни айтаман. Қайнона-қайноталарим хизматида югуриб-еламан. Ўзимнинг хом ўй-хаёлларимдан телбавор бўламан, гўё. Бугун раҳматли бўлган онам сурати билан суҳбатлашиб, тунларни тонгга улайман.

Яқин қавмим, Амир тоғамнинг уч фарзанди тақдири ҳам отасининг қилмишлари ортидан бахтиқаро бўлди. Катта қизини эри ота уйига ҳайдаб юборган. Икки фарзанди билан қайтди. Бир ўғли автоҳалокатда вафот этди. Кенжаси худди менингдек – ҳаётдаям, турмушдаям ўз йўлини тополмади. Давраларга қўшилмайди, тўй-ҳашамга бормайди. Гоҳ-гоҳда мендан хабар олгани келади: «Фарзандга оқ бўлган отамни мен кечира олмаганда, сиз кечира оласизми, аммажон. Уйланмайман, чунки, мен шу отанинг ўғлиман, бундай отадан из қолмасин. Мениям, бошқа яқинларимниям тақдирини аямаган отам учун жазо бу!»-деганида ўкириб йиғлаб юбордим.

Ақл бўй билан эмас, ўй билан ўлчанганидек, ҳар бир инсон ақл билан идрок этиб, ҳаётда ҳушёр бўлган тақдирдагина тинчликнинг қадрига етар экан. Умрининг охирига қадар эл-улус, хешу тоборлар орасидаги хатар, Ватан кўксидаги доғ бўлиб қолган тоғамни ҳеч қачон кечира олмайман…

Ромитанлик Ёригул Козимованинг сўзларини

Лайло Ҳайитова оққа кўчирди.