“Пешонамдаги нур”

Тақриз

Пешонамдаги нур китоби менинг илк ўқиган бадиий асарим эди. У китоб менинг китоблар оламига муҳаббат қўйишимнинг асосий сабабчиси бўлди. Бу китоб ўзбек халқига янгилик бўлиб келди, десам муболаға бўлмайди. Сабаби бу китоб висоласи ила нечта одам муборак Ислом динини яхшироқ англади ва, ўйлайманки, ҳар бир китобдор ўзини Салжуқбейга таққослаб кўрган ва ибрат олабилган. Бу китоб Туркияда ҳам кўп марта босилган ва Меҳмет Олақошнинг энг ажойиб асари ўлароқ китобдорларнинг кўнглидан муносиб жой олишга улгурган.

Мен Меҳмет Олақошнинг “Жумали”, “Девона” китобларини мутолаа қилдим. Улар ҳам жуда ажойиб, кишини чуқур ўйлашга мажбурлайдиган китоблардир. Меҳмет Олақошнинг сўз соҳасидаги маҳоратига қойил қолмасликнинг ҳечам иложиси йўқ!

Китобнинг оқимига келсак, китоб Салжуқбейнинг пешонасида ўлдирувчи ўсимта борлигидан хабардор бўлиши билан бошланади. Унга шифокори “Ўлимингизга олти ой қолди. Умрингизнинг айшини суриб қолинг” деб тавсия беради. У машинага чиқиб, узоқ тафаккур қилади. Бу ҳақида кўп ўйлайди. Ахир болалари, суюкли рафиқасини қандай қилиб ташлаб кета олади. Ахир у бой ва кўплаб корхоналарнинг бошлиғи-ку! У шундай ўйлар билан бир неча кун юради ва тасодифан бир инсон билан танишиб қолади. У буюк Ислом динини яхши билгувчи ва насихатгўй эди. У аввал Салжуқбейга тоғут ҳақида дарс беради. Салжуқбей айни замонда яхши шогирд ва тингловчи эди. У намозни қоим қилади ва бошқа фарз-суннатларни ҳам бажо келтира бошлайди.

“Белгиланган”ўлим санаси келди, лекин у, негадир, ўлмайди. Бориб шифокор кўригидан яна ўтади. Билсаки, ўсимта мўъжизавий ҳолатда йўқ бўлибди.

Салжуқбей дейди: “Бу мен учун қўрқинчли қотил эмас, пешонамдаги нур эди. Унинг соясида улуғ ислом динига тўлиқ мусулмон ўлароқ қайтдим”.

Бу китобнинг кўп жойларини йиғлаб ўқиганман. Жуда таъсирли китоб ва тили ҳам унча қийин эмас. Ёш-у қарига бирдек тавсия қилган бўлардим.

Закияхон Абдурауф