ҒУРУР ВА ИФТИХОР ТИМСОЛИ, ҲУРЛИК ВА ТИНЧЛИК РАМЗИ

Байроғимиз — оримиз, ғуруримиз. Заминимизда эллар ва элатлар кўп. Аммо ҳар ким ҳам муқаддас она тупроғида ардоқда яшаш, ўз Ватани билан фахрланиш, ғурурланиш бахтига эга эмас.

Гоҳида турли хориж давлатларида тирикчилик учун меҳнат қилаётган ҳамюртларимизнинг ижтимоий тармоқларда Ватанимиз байроғини ғурур билан кўтариб тушган сурат ва видеоларига кўзимиз тушганда, вужудимизда титроқ, қалбимизда оғриқ туради… Узоқ юртларда туриб ҳам мамлакатимизга бўлган эҳтиром ва ишончларини йўқотмаган бундай ёшларга “Баракалла!” деймиз. Улар Она заминининг эрку озодлиги тимсоли бўлган байроқни қўлдан тушириб юборишни хиёнатдек қабул қилишади.

Бундан ташқари, кучли ва жасур спортчиларимиз жаҳон ареналарида ғалаба нашидасини сураётган чоғида улар ҳам Ўзбекистон халқининг дунёда борлигини, ўзига ўзи беклиги, жаҳон аро ўрнига эгалигини намоён этиб, фахр билан ҳилпиратишади. Бу ғурур, бу жуда гўзал лаҳзалар!

Айтиш жоизки, байроқ ўз эрки, озодлигига эга мамлакатнинг тимсоли. Жумладан, соҳибқирон бобомиз Амир Темур шонли юришлари олдидан лашкарларини жангга ҳозирлар экан, байроқдорларига алоҳида эътибор қаратиб, уни ҳар қандай шароитда ҳам тик тутишни уқтирган. Босқинчиларга қарши курашга отланган аскарларнинг жанговар ҳолатига байроқнинг мағрур ҳилпираши жуда катта руҳий куч ва мадад берган. Шунинг учун ҳам байроқдорлар ҳатто жароҳатланганида ҳам уни қўлидан қўймай, маҳкам тутган ҳолда жон беришган.

Байроғимизга мантиқан тугаллик бағишлаган Ойу, Юлдуз, бетакрор ранг ва чизиқлар илми нужумга, аждодларимизнинг барҳаёт анъаналарига садоқатимизни англатади. Ёшларимизни эзгуликка, янги-янги марраларга интилиб яшашга чорлайди. Шунинг учун ҳам ёшларимиз ҳар гал байроғимизни кўтарганда, қалбларини ҳаяжон, илиқлик, ширин туйғулар қамраб олади. Бу ҳис ифодасини уларнинг кўзидан, қувончли табассумларидан англаш мумкин.

Давлатчилигимиз тарихининг қайси бир даврини олиб қарамайлик, давлат рамзлари Ватан тимсоллари сифатида ҳамиша азиз ва муқаддас саналган. Буюк давлат барпо этиш ғояси мустақиллигимизнинг илк кунларидаёқ қабул қилинган давлатимиз рамзларида ўз ифодасини топди.

Давлатимиз байроғининг ҳуқуқий асоси 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун билан мустаҳкамланди. Ўша кундан эътиборан, барча нуфузли тадбиру тантаналарда Давлат байроғининг кўтарилиши, ёшларнинг ўнг қўлини кўксига қўйиб, мадҳиямизни куйлашидан бошланиши қалбларга Ватанга, давлатимиз рамзларига нисбатан илиқ муносабат пайдо бўлишига олиб келди. Зеро, ватанпарварман, деган ҳар бир инсон, энг аввало, бебаҳо ижтимоий-сиёсий қадриятларимиз бўлган давлат рамзларини билиши, ҳурмат қилиши шарт.

Шунга кўра, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуни 13-моддасида таъкидланганидек, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистонда турган бошқа шахслар – Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини ҳурмат қилишлари шарт” деб ёзиб қўйилган.

Шавкат Раҳмонов,

Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи.