“…Устига-устак шифохонага борган келинчакка очликдан саломатлигига зарар етгани айтилган. Очликнинг сурункасига давом этиши оқибатида юрак хасталиги авж олгани ташхиси қўйилган.”
Аллоҳ таоло бутун борлиқдан сўнг ўзининг буюк мўжизаси бўлмиш инсонни яратди. Дастлаб Одам Ато ва унга жуфт қилиб Момо Ҳавога жон бахш этди. Шу тариқа ер юзида инсоният авлодлари тарқала бошлади.
Миллий қадриятларимизга кўра, эркак киши оиланинг боши, устунидир. Аёл киши эса эрига бўйсуниши, уни ҳурмат қилиши лозим. Аммо, ХХI асрга келиб ҳаётимизга “Гендер тенглик” деган тушунча кириб келди-ю, эркагу аёлларнинг оиладаги ўрнига нисбатан қарашлар ўзгарди. Кўпчилик “гендер тенглик”ни хато тушунгани сабабли оилаларда турли келишмовчиликлар вужудга келади.
Шахсий кузатишларимга кўра, охирги пайтларда одамлар орасида бой ва камбағал, келинни хўрлаш, аёлини менсимаслик ва бошқа иллатлар кўпайиб кетган. Масалан, яқин танишимнинг жияни ҳаётида ҳам шундай воқеалар юз бермоқда. Келин бўлиб тушган хонадонида қайнонасининг зулмлари эвазига эрининг ҳам ундан кўнгли совуй бошлаган. Устига-устак шифохонага борган келинчакка очликдан саломатлигига зарар етгани айтилган. Очликнинг сурункасига давом этиши оқибатида юрак хасталиги авж олгани ташхиси қўйилган. Қайнонаси “менга касалманд келин керак эмас”, дегач отаси қизини болалари билан олиб кетган. Бу ерда “гендер тенгилик”нинг бузилгани ва айниқса, аёл бўла туриб ўз келинини сиғдирмаганлигини кўришиз мумкин. Оиладаги каттаю кичик муаммолар бир кун ўтиб кетар аммо, инсоннинг қадри ва қиммати йўқолаётгани, аёл ва қизларнинг камситилиши ҳануз давом этиб келмоқда. Демак, “гендер тенглик” тушунчаси асл маъноси ҳали одамларга тўлақонли етиб бормаган. Хўш, “гендер тенглик” нимани англатади ўзи?
“Гендер тенглик” бу ҳаётнинг барча жабҳаларида эркаклар ва аёллар шахсиятини аниқлаш учун тенг ижтимоий, ҳуқуқий имкониятларни яратишдир.
Қизлар ҳам йигитлар сингари чет давлатларда ўқиши, оилада, иш ёки ўқиш жойида аёлларга нисбатан бўладиган тазйиқлар ва камситишларнинг олдини олиш имконидир. Бироқ ҳар бир нарсанинг ижобий томонлари бўлганидек, салбий томонлари ҳам мавжуд. Бундан кўплаб муаммолар келиб чиқмоқда. Баъзи аёллар ўз ўринларини унутиб қўйиб, эркакларнинг юзига сапчиш, улар билан тенгма-тенг тортишиш, ҳаттоки, уларни таҳқирлашгача боришяпти. Оқибат оила парокандаликка юз тутмоқда. Булар барчаси “гендер тенглиги” тушунчасини нотўғри тушуниш натижасидир. Сўзим сўнгида шуни сўраб қолардим: Қалб оғритувчи бўлманг, чунки бу ҳаммани қўлидан келади. Сиз эса қалбни гуллатувчи бўлинг. Шунда ҳамма яхшиликлар сизга талпинади.
Хумора Неъматова,
БухДУ, журналистика йўналиши талабаси