АМИР ТЕМУРГА ПАНД БЕРГАН КЕЛИН…

Қашқадарёнинг қадимги Кеш шаҳридан 13 чақирим оралиқ масофадаги Хўжа Илғор қишлоғида бундан салкам етти аср муқаддам ҳам ҳаёт қайнарди. Мусаффо ва сокин тунларнинг бирида Барлос уруғига қарашли қабиланинг обрў-эътиборли кишиларидан бўлган оқсоқол-Тарағай ғаройиб туш кўради.

Тушида у қўлидаги катта ва ўткир қиличини осмонга қаратади, шу онда бутун коинот ёришиб кетади, оламни дахшатли овозлар асир қилади. Тарағай бу тушни табирини билмоқ учун донишманднинг ҳузурига ошиқади. Донишманд эса тушнинг эгасига оллоҳ томонидан улуғ жаҳонгир ўғлон ато қилинишини башорат қилади. Ҳеч қанча фурсат ўтмай, яъни 1336 йилнинг 9 апрель санасида Тарағайнинг хонадонида ўғил фарзанд дунёга келади. Унга Темур дея исм қўяди.
Шу каби ривоятлар авлоддан-авлодга ўтиб халқимиз онги ва қалбида сақланиб келмоқда. Темурнинг онаси Тегинабегим зукко ва оқила аёл бўлиб, у замонасининг буюк алломаларидан саналган Убайдуллоҳ ал-Бухорийнинг қизи бўлган. Амир Темурдаги ноёб истеъдод болалигиданоқ намоён бўла бошлади. У 14 ёшида мўғул аскарларига қарши курашиб ғалабага эришади. Улуғ жаҳонгирнинг биз билган ва билмаган жиҳатлари жуда кўп. Тарихий китобларни варақлар эканман, Темурнинг нечоғлик буюк саркарда ва матонатда тенгсиз шахс эканига гувоҳ бўлдим. Минг афсуским, Темур тимсолига турли даврларда турлича муносабатлар ва турлича қарашлар бўлган.
Амир Темур саводсиз бўлганми?..
Собиқ советлар мафкураси ҳукмронлик қилган шароитда Темур фаолиятига нисбатан салбий муносабатда бўлинди, ўша давр адабиётларида ҳар доим қораланиб келинди. Шу боис, одамлар тилидан Амир Темур ҳақида ҳар хил гапларни эшитамиз. Баъзилари асоссиз ёзилган манбаларга таянишади. Амир Темурга нисбатан қалбида кучли адовати бўлган аллома Ибн Арабшоҳ бир манбада “Темур саводсиз бўлиб, ҳеч нарса ўқимас ва ёзмасди, араб тилини мутлақо билмасди, турк ва мўғул тилларидан ўзига яраша биларди” каби жумлаларни келтиради. Ушбу сўзларга Соҳибқирон тўғрисида етарли маълумотга эга бўлмаган инсонгина ишониши мумкин. Бироқ, машҳур тарихшунос Турғун Файзиев ўзининг “Темурийлар шажараси” китобида қуйидаги маълумотларни келтирган: “Ёш Темурни етти ёшидаёқ ўқишга бердилар. У мадрасага келиб алифбодан мукаммал хабардор бўлган, ўз она тили – турк тилидан ташқари, форс тилини ҳам мукаммал эгаллаган эди”. Мазкур асарда Амир Темурни тиббиёт, математика, фалакиёт, меъморчилик ва тарих илмидан яхшигина хабардор бўлгани ҳам айтилган. Кўпгина тарихшунослар Амир Темур ўзини моҳир дипломат сифатида ҳам намоён қила олганлигини, унинг Византия, Венеция, Генуя, Испания, Франция, Англия давлатлари билан иқтисодий алоқалар ўрнатиш ва уни мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини, француз ва инглиз қиролларининг унга ёзган мактублари билан далиллаш мумкинлигини таъкидлайди. Баъзи манбаларда Темур ёшлигиданоқ Қуръонни ёд олган, деб айтилган. Энди айтингчи, ярим дунёни забт этган жаҳонгирни қандай қилиб саводсизга чиқариш мумкин?.. Диний ва дунёвий билимлардан хабардор бўлмаган, дунёқараши тор одам ўз ортидан миллионлаб одамларни эргаштира олармиди?.. Айрим манбаларда Амир Темур кучли руҳшунос бўлганлиги маълум қилинади. У садоқатли ва вафосиз дўстларни бир қарашда ажрата олган.
Келин танлашдаги талаблари…
Амир Темур рақиби Ҳусайин ибн Мусаллабни мағлуб этиб, унинг беваси Сарой Мулк хоним (Бибихоним) – Қозонхоннинг қизини никоҳига олгач, хоннинг куёви сифатида “Кўрагон” унвонини олади. Амир Темур кейинроқ яна хоннинг қизига уйланган. Шунингдек, унинг ўғиллари, набиралари орасида ҳам хоннинг қизига уйланиб “Кўрагон” лақабини олганлар бор. Соҳибқирон бобомиз ўғиллари ва набираларига келин танлашда жуда эҳтиёткор ва талабчан бўлганлиги кўп манбаларда келтирилади. Келиннинг етти бобосини суриштиришни одат қилган Темур киборли хонадоннинг қизларини ўз оиласига қабул қилган. Фарзанд тарбиясида онанинг нечоғлик ўрни мужассам эканлигига, туғилажак набиралари оқила она тарбиясидан комил бўлиб етишишига ишонган. Амир Темурнинг набира ва чеваралари илм-маърифатда етакчи кишилар бўлиб етишгани ҳам – фикримизнинг далили. Фарзандларига талабчан ва қаттиққўл ота, негадир айрим набираларига нисбатан қаттиққўллик қила олмайди. Амир Темурнинг ўғиллари келин танлашда отасининг ўгитига қаттиқ амал қилган. Лекин, унинг набираси Ҳалил Султон саройдаги канизакка кўнгил қўяди. Бир неча бор бобоси бу никоҳга қарши чиқсада, танти набира ўз қароридан қайтмайди. Ҳалил Султонга меҳри бўлакча бўлган Амир Темур биринчи бор насл-насабсиз канизакни келинликка қабул қилади. Бу эса кейинчалик салтанат тарихида мисли кўрилмаган уқубатларни келтиради. Батафсил маълумотни мақола сўнгида келтириб ўтаман.
Амир Темурнинг муҳаббати…
Ҳурматли газетхон, бобомизнинг келин танлашдаги талабларидан Соҳибқиронга севги-муҳаббатга ишонмайдиган реалист шахс сифатида баҳо беришимиз нотўғри. Муҳит ва замон тақозоси билан унинг никоҳидаги рафиқалари ва хос канизлари жуда кўпчиликни ташкил қилган. Тарихчи олимларни ҳам Амир Темурнинг асл муҳаббатига муяссар бўлган аёлнинг ким бўлганлиги қизиқтиради. Сарой Мулк хоним – Соҳибқироннинг маънавий суянчиғи ва фарзандларининг муаллими сифатида кўпгина манбаларда улуғланади. Бефарзанд бўлсада зукколиги туфайли Амир Темурнинг меҳрини қозонган. Аммо, Америка шоири Эдгар Аллан По “Темур” номли достонида унинг биринчи муҳаббати ҳақида ёзган. Асарда ҳазрат Соҳибқирон Амир Темур ўлим тўшагида ётаркан, бир умрлик пирига ўзининг биринчи муҳаббати ва бу муҳаббат шу видо чоғигача ўзини тарк этмагани борасида гапиради. Ҳикоясида ўз севгани билан энг бахтли онлари, юксак тоққа чиққанлари, қояларда туриб дарадаги янгроқ ирмоққа қулоқ тутганлари каби манзаралар жонланади. Амир Темур ўша пайтда фақат муҳаббат эмас, шон-шуҳрат ҳам ўзига қанот бўлганлиги ва у келгусида бошига тож кияжаги ва қизни малика қилажаги ҳақида гапирганда, қиз жавоб беришдан ўзини чап олгани борасида ҳам сўзлайди. Буюк шон-шуҳратларни қўлга киритиб қизнинг уйига қайтганида уни топмаганлигини алам билан сўзлаб беради. Эдгар По “шон-шуҳрат – муҳаббатнинг сочларини юлгани” ҳақидаги фикри билан достонни якунлайди. Албатта, бу воқеалар шоирнинг хаёл маҳсули бўлиши мумкин, лекин ижодкор бирор манбага таянмай бундай асарни ёзиши мумкин эмас, деб ўйлайман. Демак, Амир Темурнинг ўсмирлиги тўғрисида биз билмаган манбалар хориж давлатларида сақланаяпти.
Бошдан тушганда ҳам тож – барибир тож
Хижрий 1404 йилнинг куз ойлари Соҳибқирон учун негадир оғир кечди. Хитойдан келган элчининг олиб келган мактуби уни дарғазаб қилади. Чин давлатига ўз хаддини эслатиб қўйиш учун ноябрь ойининг 27 санасида қўшинини тўплаб юриш бошлайди. Мўрмалақдек бўлиб олис масофага йўл олган жангчилар қишнинг аёзли кунларида заифлашади. Январь ойида Ўтрорга етиб келган Соҳибқироннинг қўшини бир муддат чодир тикиб дам олади. Аскарларининг руҳини кўтаришга одатланган Темур, совуқдан дир-дир титраётган қўшинини кўриб ғазабланади. Изғиринда қони қайнаган ҳукмдор хос сартарошини ҳузурига чорлаб сочларини қирдириб ташлайди. Қўшинига руҳий кўмак бериш учун бош кийимсиз аскарлар тизилган қаторни айланади. Етмишга қадам қўяётган Амир Темур учун бу ҳол қимматга тушади. Ҳеч қанча вақт ўтмай у менингит касали билан оғриб, 1405 йилнинг 18 февраль куни вафот этади. Ҳаёти давомида донишманд Темур сира хато қилмади. У буюк башоратчи каби ҳар бир ҳодисанинг замирини биларди. Набираси Ҳалил Султоннинг канизак Шодмулк бегимга уйланишига норизо бўлгани ҳам бежизга эмас. Амир Темур вафотидан сўнг салтанатида катта ўзгаришлар рўй берди. Набира келини Шодмулк бегимнинг салтанатга даъвоси туфайли ака-укаларнинг муносабати издан чиқди. Амир Темурдан сўнг тахтни эгаллаган Ҳалил Султон хотинига катта ваколатлар бериб қўйиши натижасида Шодмулк бегим 1408 йилда малика Сарой Мулк хоним ва Тўкал хонимларни заҳарлаб ўлдиради. Сарой Мулк хоним – Ҳалил Султоннинг канизак Шодмулк бегимга уйланиши учун Амир Темурнинг ризолигини олиб берган ягона инсон эди. Қилган яхшилиги эвазига ёмонлик кўрган хонимнинг кўзлари мангуликка армон билан юмилди.
Нима бўлганда ҳам она тупроғини жондан севган, юрт қалқонларининг кўтаринки руҳи учун ўз жонидан кечган буюк бобомизнинг хотираси ҳамиша мангудир. Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Муҳаммад Али айтганидек, Тори узилса ҳам – соз аталур соз, Бошдан тушганда ҳам тож – барибир тож! Амир Темур шак-шубҳасиз ўзбекнинг фахри-ғурури, миллат тожидир.

СОҲИБҚИРОН

Шиддатлари чарх уради чақмоқ бўлиб,

Яшин бўлар ёвузликни ёқмоқ бўлиб,

Ҳайрат билан назар ташлар мулки турон,

Айтинг яна туғиларми Соҳибқирон?

 

У тоғгамас, тоғлар унга суянарди,

Халқи унга у ватанга таянарди.

Қошин уйса қахр билан бўлар бўрон,

Айтинг яна туғиларми Соҳибқирон?

 

Темурийсиз ватан-ватан бўлмас эди,

Улуғбек ҳам юлдузларни кўрмас эди,

Ундан титрар Осиё ҳам ярим жаҳон,

Айтинг яна туғиларми Соҳибқирон?

 

Фароғатдан кечиб роҳат олмагандир,

Ватан учун жонин бериб толмагандир.

Бутун умр от устида ўтди султон,

Айтинг яна туғиларми Соҳибқирон?

 

Қошида тиз чўкардику барча арбоб,

Ўлганида қабрин очиб берди азоб,

Балки шундан дунёдаги шовқин-сурон,

Айтинг яна туғиларми Соҳибқирон?

✍️Шоира ТЎЛАГАНОВА