Дарё суриштируви жараёнида
блогер Умид Ғаффоровнинг онаси Азиза Ғаффорова
ҳақиқат йўқлигини ва бир неча кундан
буён ижтимоий тармоқларда “болалаётган”
шов-шувларни тўхтатишни сўради.
Жорий йилнинг 23 июль куни Daryo.uzда “Дарё” суриштируви: Бухородаги Ҳазрати Имом қабристонида 1700 та майитсиз қабр борлиги аниқланди” сарлавҳаси остидаги мақолада мазкур қабристонда кенг кўламли қурилиш-таъмир ва ободонлаштириш ишлари кечаётгани ҳақида билдирилган.
Маълумки, Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси расмий сайтининг жорий йилнинг 6 январида билдиришича, Ислом ҳамкорлик ташкилоти томонидан Бухоро 2020 йилдаги Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинган. Бу қарор ташкилотга аъзо давлатлар маданият вазирларининг IX Ислом конференцияси доирасида қабул қилинган. Айни даврда 2020 йилда Бухорода ўтказиладиган Халқаро тантана муносабати билан тарихий обидалар, муқаддас зиёратгоҳлар, қабристонларда кенг кўламли қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари йўлга қўйилган. Ҳожа Исмом Хафси Кабир Бухорий қабристонини сақлаш ва ободонлаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси тузилган.
Унга кўра, эски шаҳарнинг қадимий деворларидан шимолий ғарбда, мозор эса янги қурилган мақбаранинг шимолий шарқида жойлашган бу қабристонни ободонлаштиришга шаҳар аҳолисини ихтиёрий равишда кўмак тариқасида ҳашарга чорлаш таклифи берилган.
Бундан ташқари, имом-хатиблар, ёши улуғ инсонлар томонидан намозларда, маърака-мавридларда эзгу ишга бош қўшишга чақириқлар қилинган. Бухоро шаҳрида яшовчи аҳоли орасида кўпчиликнинг қавми-қариндоши шу ерда дафн этилганлиги боис, уларга ҳам даъватлар бўлган.
Бироқ, сўнгги икки кунда эса ижтимоий тармоқларда қабристонни ободонлаштириш ва турли қурилиш ишларига шаҳардаги мавжуд ташкилотлар, жумладан, таълим муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва ҳарбий қисм аскарларининг мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани ҳақидаги хабарлар “болалаган”. Айниқса, Troll.uz номи билан хабарлар тарақатаётган блогер Умид Ғаффоровнинг “Ошиб тушди! Халққа, ҳокимлар, вазирларга мурожаат!”и эътибордан четда қолмаган.
Воқеалар ривожи аслида қандай тус олгани хусусида “Дарё” мухбири Бухоро шаҳар ҳокими Карим Камоловга мурожаат қилган.
– Қарийб, бир ойдан буён қабристонда қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб бориляпти. Аввалги ҳолати жуда хароб ҳолда эди. Аҳвол ҳаддан ташқари оғир, деворлар йиқилиб кетган, қабрлар ошлари кўчган ва бегона ўтган босган эди. Муқаддас жойни шундай кўйга солган, бундан ташқари, майитсиз қабрларнинг ҳаддан зиёд ошишига сабаб бўлган қабристон бошқарувчисидан тортиб, гўрковигача ишдан бўшатилди. Ҳозир янги меҳнат жамоаси шакллантирилди. Кейин муфтийлар орқали қабристон ободончилигига қарата даъват уюштирилди. Шу ҳудудда яшайдиган ва шунингдек, зиёратгоҳ ободончилигига ўз хоҳиш-истаги билан ҳисса қўшишга кўмак бера оладиган одамларни чорладик. Қалбида улуғ дониш Ҳожа Исмом Хафси Кабир Бухорийга нисбатан эҳтироми зиёда ва бу манзилни биттагина бўлса-да, хасдан тозалаш учун ошиққанларнинг чеки кўринмади. Бундан биз фақат хурсанд бўлдик. Аммо бу ердаги хайрли ишларни ноўрин баҳолаб, бу улуғ жойга шаккоклик қилиш – динимизга ҳам, мусулмончилигимизга ҳам тўғри келмайди. Шаҳар ҳокими сифатида айтаман, бу ерда кечаётган катта ва кенг кўламли ишларга кўмаклашиш, ободлиги ва тозалиги учун ишлашга ҳеч ким мажбур эмас ва мажбурланмайди ҳам. Бу фақат кўнгилга даъват, холос. Қабристон – муқаддас жой. Бу қабристоннинг буюк дониш зиёратгоҳида қўним топгани ундан-да зиёда. Биз шундай юртда яшаяпмиз. Аммо қабристоннинг ачинарли аҳволда эканлиги ва уни сўлим маскан ҳолига келтириш учун бир тану бир жон бўлиш ўрнида, ноўрин шов-шув ва миш-мишларнинг тарқалаётгани ҳаммамизнинг қимматли вақтимизга таъсир қиляпти, холос,-дея жавоб берди Карим Камолов.
Бухоро шаҳар ҳокими таъкидлашича, қабристонни таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишларига 2,5 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бухоро шаҳар ободонлаштириш бошқармаси (200 нафар), “Довуд Темир Метал” МЧЖ (25 нафар), “Бухара бизнес” (37 нафар), “Муҳаммадов-Ражабов” (68 нафар), “Бухоро Ипак гилам тўқув маркази” МЧЖ (43 нафар) ва “Усто Ширин” (47 нафар) МЧЖдан ишчи-ходимлари қурилиш-таъмир ва реконструкция ишларига жалб қилинган. Маҳаллий бюджетдан 500 миллион сўм маблағ ҳам ажратиб берилган. Меҳнатга ҳақ тўланиши эвазига ишлаётган ишчи-ходимларга қабристон деворларини қайтадан тиклаш, йўлакларни таъмирлаш, сағаналар атрофини тартибга келтириш бўйича топшириқлар берилган.
Қурилиш-таъмирлаш ишларига жами 1000 дан зиёд меҳнат кучи қаратилган. Қабрлар атрофи 1,5х2 метрдан зиёд қилиб ўрнатилган темир панжаралар 60 сантиметрдан ортиқ бўлмаган шаклга келтирилган. Чиқиндилардан, бегона ўтлардан тозаланган. Жами 500 машинага яқин чиқинди чиқарилган. Йўлакларга оқтошлар ётқизилган. Собиқ иттифоқ даврида тикланган эски деворлар қайта тикланиб, қабристон атрофидаги йўлларга асфальт ётқизиш ишлари тугатилган. Ўтганлар хотирасига тиловат ўқиш учун ўриндиқ ва соябонлар ўрнатиш ишлари давом этмоқда.
Бухоро шаҳар ободонлаштириш бошқармаси муҳандиси Ҳусниддин Қосимовнинг билдиришича, бирор корхона-ташкилот ходимларига тазйиқ ўтказилиб, бирор жазо қўллаш таҳдиди остида меҳнатга жалб қилинмаган.
Бироқ, блогер Умид Ғаффоровнинг Ўзбекистон халқига, ҳокимиятларга ва ўз навбатида шу ҳокимиятларни назорат қиладиган барча юқори ташкилотларга қаратилган видеомурожаатида: “Ушбу қабристонда ҳозир бир ойдан бери ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб келиняпти экан. Ободонлаштириш ишларида, тўғри тушундингиз, бюджет ташкилотлари банд экан. Поликлиника, мактаб, боғча, интернат, маҳалла комитетлари, аскарлар шу ишларни қилаётган экан. Ҳа, тўғри ободонлаштириш бўйича ишчилар ҳам банд экан, у ерда, тўғри, лекин, бюджет ташкилотларидан ҳам ишчилар бориб, 7 эрталабдан куннинг жазирамасигача ишлаб келяпти экан. Бир ойдан бери.(шунингдек, видеомурожаатнинг давоми сифатида)… бир неча кундан бери бораётган онам: Тозалаяпмиз қабрларни, деяптилар. Майли савобли иш, деяптилар. Тўғри савоб, лекин бунақа тарзда эмаску, мажбурлаб. Мажбурлаб қанақа қилиб ишлатса бўлади, одамларни? Жазирама иссиқда. Салгина ўзимни бошқаришим қийин бўляпти. Лекин, тўғри тушунасизлар, бу мени ойим. Онам” деган жумлалари бор.
Дарё мухбири ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида қабристонда бўлган, ҳолат билан танишган. Бухоро шаҳар ободонлаштириш бошқармаси хизматчилари билан суҳбатлашганда, улар томонидан иш соати эрталабки соат 7 дан 11 гача, тушликдан кейин эса соат 3 дан бешгача эканлиги, эвазига 600-700 сўм миқдорида ойлик маош олишаётгани, бундан ташқари, тушлик ва кечки нонушда бепул ташкил этилаётганини билдирилган.
Меҳнатга жалб этилганлар орасида Бухоро шаҳридаги 50-ҳамда 78-мактабгача таълим муассасасининг 2 нафар боғбони сувоқ ишлари билан шуғулланаётгани аниқланган. Боғбонлар шу маҳаллада фуқароси эканлиги сабабли бир неча кундан буён ҳашарга кўмак бериш учун келганини билдирган. Ундан ташқари, ҳашарга келган бошқа маҳалла раислари, мутахассислари ва аҳоли ҳам ўз ихтиёри билан ишлаётганини айтган.
– Қабристон қўним топган бизнинг 32-сонли “Имом ал-Бухорий” номли маҳалламизда 3660 та фуқаро, 726 та оила бор. Ҳҳар куни ўз ташаббуслари билан 500-600 дан зиёд кишилар қабристонни оюодонлаштириш ишларига чиқишмоқда. Кимнингдир ота-онаси, кимнингдир ёру-биродари, яқинлари шу ерда кўмилган. Қабрлар атрофида одамбўйи бўлиб кетган бегона ўтлардан тозалаш, супир-сийир ишларига агар имконлари бўлса, қарашишлари ва лекин бу ихтиёрий, ўз хоҳишлари билан эканлигини қайта-қайта тушунтирдик. Шундай истак билан келаётганларнинг саноғи йўқ. Бир ёки ундан ортиқ ўзи истамаса-да келаётганлар бўлса, уларга муҳтожлик жойимиз йўқ, бу ер муқаддас жой. Ҳаммамизнинг сўнгги келар манзилимиз шу,- деди маҳалла мутахассиси Оля Сафарова.
Бухоро шаҳридаги 7-сонли Имом ал-Бухорий маҳалласи мутахассиси Азиза Ғаффорова (блогернинг онаси) Дарё мухбирига:
– Тўғри, энди барча маҳалла раислари бирлашиб олади. Мен эса бу борада ҳеч кимга муносабатимни билдирмоқчи эмасман. Ва умуман, комментарий бермоқчи эмасман. Бизда ҳеч қачон ҳақиқат бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Бизлар эрталаб соат 7 дан 11гача ўша ерда эдик. Бизга телеграмм гуруҳи орқали қабристонни тозалашга боришимиз шартлиги тўғрисида қатъий топшириқ келди. Айтингчи, бир соатда нима иш қилиш мумкин? Умид менинг ўғлим, менга фарзандим сифатида мендан ҳол сўради. Мен саҳар уйғонганимни ва “Ҳазрат Имом” қабристонига ҳашарга бораётганимни ва ўша ерда ишлаётганимизни айтдим. Бор гап шу бўлди. Ўғлим менинг иш ўрним маҳаллада эканлигини, ўша ерга боришимни, ёшим катталиги ва бировнинг қабрини тозалаш учун иссиқда ишлашга мажбур эмаслигимни билдирди. Мен эса бу ишнинг савоб эканлигини, ҳамма билан бир сафда туришим кераклигини тушунтирдим. У ўғил сифатида менга ичи куйиб, бу ишни қилган. Мен унга ёзгин ёки кимнидир қоралагин, деганмасман, бу хаёлимда ҳам йўқ.
Имом ал Бухорий номидаги 7-маҳалла раиси Баҳодир Ҳожиевнинг билдиришича, у Азиза Ғаффоровага маҳалла мутахассиси сифатида маҳалладаги аҳолининг имкони бўлса, ҳар бири ўзининг яқинларига тегишли қабрларни тозалашга чиқишида бош бўлишини тайинлаган. Азиза Ғаффорова ўзи ишлаб кетган уч кун давомида жисмоний меҳнат қилмаган.
– Мен бетарафман, аммо, бир соат вақтимизни нималарга ҳам сарфламаймиз, ахир. Халқнинг ўзи рози бўлиб келаяпти. Ўша аёл келиб шу ернинг ободонлаштирилишига ҳисса қўшдими-қўшмадими? Албатта, ҳар бир инсоннинг қилган хайрли иши, савоби ўзи учун. Ҳаммамизнинг сўнгги манзилимиз шу! Айтишади-ку, қайси юртга борсанг, ё бозорини кўр, ё мозорини. Эрта-индин Қурбон ҳайити кириб келади, қанча-қанча юртлардан, турли вилоятлардан зиёратчилар ошиқишади бу ерга. Ахир бу маскан фақатгина қабристон эмас, зиёратгоҳ ҳам-ку!-деди 2-сон маҳалла фуқаролар йиғини мутахассиси Адолат Шукурова.
Азиза Ғаффорованинг маълум қилишича, 2 августь куни у Бухоро шаҳар хотин-қизлар қўмитасига чақирилган. У ўғлининг видеомурожаатига қарши муносабат билдирмаслигини маълум қилган:
– Мен шундай ўғлим борлигидан фахрланаман. Биласизми, сезишимча, бу ерда шунчаки ўғлимга қарши компания бўляпти. Мен ёшимни яшадим. Агар гап менинг эгаллаб турган лавозимим ҳақида кетаётган бўлса, мен уни топшираман. Бу ишда фаолият юритаётганимда эндигина беш ой бўлди. Нега ўғилнинг онанинг ёнини олиб чиққани шунча шов-шувга сабаб бўлди? Бунинг учун пашшадан фил ясаш керак эмас. Ҳар қандай ҳолатдаям мен ўғлим томонда тураман. Ўғлимнинг манфаати ёки обрўйига путур етишини хоҳламайман.
Вилоят бандлик бош бошқармаси бош давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори Шукрулло Ражабов Дарёга шу куни ўтказилган суриштирув давомида ҳеч кимнинг меҳнат ҳуқуқи бузилмагани ва текширув хулосаларига кўра, одамларнинг қабристонни тозалаш ишларига мажбурий жалб этилмагани аниқланган.
– Хайр-саховат йўлида Ҳазрат Имом қабристонида жуда катта миқёсда ободонлаштириш ишлари кечаётганидан бутун шаҳар аҳли хабардор, десак адашмашмаган бўламан. Аммо бизнинг таълим муассаса шунга вақт ажратмаганимиздан ўзимиз хижолат тортиб, кеча тонг саҳарда 70 киши бўлиб, биринчи марта келган эдик. Бироқ, вилоят Меҳнат инспекцияси вакиллари келиб, меҳнатга мажбурий жалб этилганмизми-йўқми, суриштира кетди. Биз инсонийлик ва меҳнатга мажбурий жалб этиш ҳолатини бир-биридан фарқлай оламиз. Ваҳоланки, ўзимиз ҳам шу маҳаллада яшаймиз,-деди Бухоро шаҳридаги 23-мактаб-интернат директори Дилором Қаҳҳорова.
Блогер Умид Ғаффоровнинг видеомурожаатида аскарларнинг ҳам шу ишларга жалб қилинаётгани ҳақида тўхталгани Дарё мухбирини қизиқтирган. Ҳақиқатан, 27 июль, шанба куни ушбу ташаббусга 15 нафар аскар жалб этилган. Бухоро шаҳридаги 522-сафарбарлик чақирув резерви батальони тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича командир ўринбосари Камолиддин Нажмиддинов ушбу ҳолатни Қурбон ҳайити кунлари яқинлашиб келаётгани, шунингдек, 2020 йилда Бухоройи шарифнинг Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилингани ва зиёратгоҳда бутун дунёдан иштирокчилар ташрифи муносабати билан кечаётган ободонлаштириш ишларига ўзимизнинг холис ташаббусимиз билан чиққанмиз, дея баҳолаган.
Ҳозирча, мутасадди ташкилотлар, вилоят бандлик бош бошқармаси томонидан ўтказилган сўровларга асосан, оммавий равишда Бухоро шаҳар мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари, маҳалла вакиллари ва бошқа корхона-идора ёки аҳоли мажбурий меҳнатга жалб қилинмаган ва мажбуран қатнашиш бўйича ҳеч қандай топшириқлар берилмаган. Айни пайтда Меҳнат вазирлиги бюджет ташкилотилари ходимларини Бухородаги қабристонни ободонлаштириш ва реконструкция қилишга жалб қилиш факти ўрганилмоқда. Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Бухорода бюджет ташкилотлари ходимлари томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилиниши ҳақидаги ҳисоботларни текшириш ишлари бошланган.
– Уч кун чиқдим. Аммо бу ерда менинг неча кун ишлаганимда эмас гап! Ўғлимнинг соғлигимдан хабардорлиги уни ташвишга солган. Мен ўзимда юрак ишимеяси ташхиси борлиги, қон босимим 180-200 гача чиқишига қарамасдан, ишга чиқдим. Аммо, мен бу масала устида бунча муаммо чиқади, деб ўйламаганман. Аммо, мен ўғлимнинг юзига оёқ босмайман ва унга ҳеч қачон қарши чиқмайман. Мен айтадиган гапимни айтдим. Бу масалани шов-шув қилиш керак эмас. Агар чиқарибдими, ўғлим, демак, ўша нарса учун у жавобгардир. Аммо мен унга чиқартир, деб айтмаганман. Бу шов-шувни тўхтатинглар, илтимос,-деди Азиза Ғаффорова.
Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мусулмон оламининг энг муқаддас байрами бўлган муборак Қурбон ҳайити яқинлашаётгани арафасида кўчаю гузарлар, зиёратгоҳлару мозорлар ободлигига ҳисса қўшишдек хайрли ишларни қилишлик лозимлигига қаратилган мурожаати эълон қилинган.
– Хайрли ишга бош қўшиш ҳар бир мусулмондан бағрикенглик талаб қилади. Бухоро элининг ҳам бу хайрли ишга киришиб, юрт ободлиги йўлида ўз-ўзини ихтиёрий равишда сафарбар қилаётганини кузатиб қувондик, тўғриси. Бу ишга албатта, қурилиш ташкилотлари, ободонлаштириш бошқармаси ишчи-ходимлари жалб қилингани рост. Энди ўзингиз ўйланг. Ота-боболари ётган муқаддас қадамжони обод қилишга озми-кўпми ҳисса қўшиш қадимий урф-одат эмасми?! Аммо, айтинг, бу иш миллий маданиятимизга қачондан ёт тушунчага айланди?! Ёки бугун ижтимоий тармоқларда бонг ураётганларнинг қайси бири “Ҳазрати Имом” қабристонида эрта азонда мактаб, боғча, шифохона ва бошқа соҳа ходимларининг вазири айтмоқчидай, рози-ризолиги олинмасдан автобусга солиб, меҳнатга мажбурланганини кўрибди? Бу улуғ ишга ҳисса қўшиш, хайру-саховат кўрсатиш ҳар бир юртдошимизнинг қалб амри ва виждонига айланмоғи лозим. Алалхусус, бугун Бухорода бошланган улкан бунёдкорликлар, ўзгариш ва янгиланишлар шиддати бир дам сусайгани йўқ. Юртни обод, халқни шод қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларга, шу ишга кечани кеча, кундузни кундуз демай, меҳнат қилаётганларга Оллоҳ ёрдир,-деди вилоят имом хатиби Отабек Авезов.
Лайло Ҳайитова, журналист