Яқинда 32 миллиард сўм эвазига янгидан қуриб, фойдаланишга топширилган “Вобкент марказий деҳқон бозори”да ноқонуний савдо қилаётганлар аниқланган. Бу ҳақда Бухоро вилояти Давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
“Вобкент марказий деҳқон бозори” раҳбари Истам Ғуломовнинг маълум қилишича, 19 та қурилиш пудрат ташкилоти томонидан 50 кун ичида бунёд бўлган бозор ҳудуди замонавий кириш портали билан бошланади. 2 та супермаркет, 108 та ноозиқ-овқат, 24 та озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилиш дўконлари, шунингдек, парранда, балиқ гўшт, сут ва нон маҳсулотлари, қуруқ мевалар билан савдо қилишга мўлжалланган тўртта павильон мавжуд. 1050 ўринли катта мавсумий ва тўртта кичик мавсумий айвон, 600 ўринли учта автотураргоҳ, 100 ўринли автомобиллар билан савдо қилиш майдони, маъмурият ва мегамаркет биноси ўрин олган. Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини белгиланган тартибда ветеренария, санитария-эпидемиология мутахассисларини назоратидан ўтказиш йўлга қўйилган. Харидорларга сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида ойнаванд павильонлар барпо этилган, конддиционерлар ўрнатилган. Бозорда нафақат, Вобкент тумани, балки Ғиждувон, Шофиркон ва Бухоро туманлари аҳолиси учун ҳам қулайлик яратилган. 130 нафар вобкентлик доимий иш ўрни билан таъминланган.Тадбиркорларнинг эмин-эркин савдо қилишлари учун барча шароит яратилган.
Бироқ, қулай имкониятларга қарамай, айрим тадбиркорлар томонидан тартибсизликлар кўзга ташланган. Улар кўча ва бозор атрофидаги йўлакларда ноқонуний равишда савдо қилиб, бозор ҳудудида қонуний фаолият юритаётган тадбиркорларнинг савдо-сотиқ ишларига салбий таъсир кўрсатган. Комил Жўраев, Анвар Қўзиев, Дилноза Эсанова, Жамол Сатторов, Муҳсин Эсанов, Гулнора Хидорова ва Мусаллам Жўнатова каби тадбиркорлар давлат солиқ хизмати ходимлари томонидан бир неча бор огоҳлантирилган бўлишига қарамай, такроран тартибсиз равишда ноқонуний савдо қилишган. Бозор маъмурияти ҳамда давлат солиқ хизмати ходимлари фаолияти ва қонуний талабига бўйсинмай, кескин қаршилик кўрсатишган. ИИБ туман бўлими ходимларининг белгиланган тартибдаги огоҳлантиришларидан сўнг сотувчилар кўчадаги тартибсизлик ва ноқонуний савдони тўхтатишган.
— Жорий йилнинг 20 майидан бошлаб, вилоятда “Кўча бозорига қаршимиз!” ойлиги ўтказилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 26 ноябрдаги “Юридик ва жисмоний шахсларни рўйхатдан ўтказишни ҳамда улар томонидан савдо фаолияти амалга оширилишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 407-сонли қарори билан юридик шахслар ва жисмоний шахслар томонидан чакана ва улгуржи савдони амалга ошириш тартиби белгиланган. Мазур қарор билан тасдиқланган “Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги НИЗОМнинг 31-бандида чакана савдони турғун савдо тармоқлари орқали амалга оширишда товарларни савдо шохобчасидан ташқарида, шу жумладан, кичик дўкончалар орқали сотишга йўл қўйилмаслиги кўрсатиб ўтилган. Демак, кўча савдосига барҳам бериш орқалигина солиқ қонунчилиги бузилишларининг олди олиниши, бозорларда тартиб ва савдо маданияти ўрнатилишига эришиш мумкин,- дейди вилоят ДСБ шўъба бошлиғи Анвар Ғафуров.
Р.S. Суратларни кўриб, беихтиёр Вобкент туманида бирорта бозор йўқ, ёки бори ҳам “таътил”да деган ўйга бориш ҳеч гапмас
Лайло Ҳайитова