Ҳаётда кўп чигалликлар, синовлар, қийинчиликлар ҳамда тўсиқларни ўзим енгишга одатланганман. Аммо ҳар гал бир савол қаршисида ожизланаман.
Назар ташласа, ҳаёт у қадар мураккаб эмас, инсонлар ўйламай қиладиган ишлари туфайли ҳаётни чигаллаштиради. Оталар оналарга қараганда, фарзандининг камчиликсиз улғайиши учун кўпроқ ҳаракат, меҳнат қилади, тер тўкади. Оилани моддий тарафдан таъминлаш учун югуриб-елади. Албатта, фарзанд тарбиясидаги асосий вазифа оналарга юкланади ва бу табиий ҳолат. Бироқ, фарзанд тарбиясида отага боғлиқ жиҳатлар ҳам борки, уларсиз тарбия кемтик бўлиб қолади. Бола билан доимо она шуғулланиши, ўқиши билан қизиқиши, ота эса фарзанди билан суҳбатлашишга, орзулари билан танишишга вақт ажрата олмаслиги фожеанинг бошланиши, назаримда! Биргина савол: фарзандингизга қачон китоб мутолаа қилиб бердингиз, оилангизни бир жойда жамлаб, бирор бадиий асар ўқиганмисиз? Менимча, бугун оилаларимизда шу одатни қайта жонлантиришимиз керак.
Шунда оилага меҳр пайдо бўлади, шунда яқинлар орасидаги муҳаббатнинг умри узаяди. Мен фарзандга қийинчиликни ҳам, етар-етмасликни ҳам, эътибор ва меҳрни ҳам баробар ҳолда сингдириб, тушунтириб улғайтиришни хоҳлардим. Ана шунда болалар мактабни битиргунча, мактабга қачон борасиз, ота, деб юришмасди?! Уни тугаллагандан сўнг ҳаммаси яхши, коллежга бормасангиз ҳам бўлади, деб айтишмаган бўларди, назаримда. Ўз нуридидангизнинг ҳаётига бефарқ бўлманг, отажон!
Гўзал Неъматова,
Бухоро маданият коллежи ўқувчиси.