ЭСКИЧА “ҚОЛИП”ГА ҲОЖАТ ҚОЛМАСИН…

Бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳақида гап кетадиган бўлса, кўз олдимизга ўзимизга таниш манзара гавдаланади: иш берувчи корхона, ташкилотлар бўш иш ўринларини таклиф этади, кимгадир бўш иш ўрни маъқул келса, ишга қабул қилинади ёки “кутиш” маслаҳати берилади. Бир хил манзара, бир хил сценарий… Битта стол, нари борса, битта-иккита стул ҳозирлаб қўйилади. Унда икки-учта иш берувчи ташкилот номи ёзиб қўйилган қоғоз табло, бўш иш ўрни ва ойлик маоши кўрсатилган маълумот.

Бухоро шаҳар ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро шаҳар Кенгаши ҳамкорлигида “Ёшлар – келажагимиз!” давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро ёшлар марказида ўтказилган Меҳнат ярмаркасидаги айрим кўринишлар ҳам шундай ҳолатлардан йироқ бўлмаса-да, сценарийси бошқача манзараларни ҳам кузатиш мумкин бўлди.

Беихтиёр эътиборимизни столда мукка тушиб, алланималарни ёзаётган, кўринишидан тадбир ташкилотчиларига ўхшаган ёшроқ йигит тортди.

  • Ассалому алайкум, кечирасиз, журналистмиз, бир-иккита саволлар билан мурожаат этмоқчи эдик, мумкин бўлса…

Ҳалиги йигит ҳеч иккиланмай, журналистлигимизни тасдиқловчи ҳужжат талаб қилди.  Ўнғайсиз ҳолга тушдик. Хатомизни англадик: ким биландир оддий суҳбат учун ҳам ҳужжат кўрсатиш лозимлигини унутиб қўйган кўринамиз. Ҳа, нари борса, иш кабинетимиз шундоқ меҳнат ярмаркаси ўтказилаётган бинонинг 3-қаватида. Токи журналистлигимизни тасдиқловчи ҳужжатни олиб тушгунимизча, ҳалиги йигит на иш жойи, на исми-шарифи ҳақида лом-мум деди…

Ўзини қизиқтирган ҳужжат билан обдон танишгачгина биз ҳам унинг Бухоро шаҳар ҳокимлиги инвестиция бўлимида мутахассис вазифасида ишлаётган Ризамат Жабборов эканини билдик. Афсуски, ҳужжатталабгор мутахассис кадрдан саволларимизга: “Менга эрталаб, тўғрироғи, ярим соатчагина олдин шу ярмаркада иштирок этишимни билдиришди, мен шунчаки келганман, холос…”,-деган жавобни олдик. Масъулиятли жараёнга “шунчаки” бир кадрнинг бириктириб қўйилгани эса таъбни хира қилмай қўймади…

Нима ҳам дердик, меҳнат ярмаркасига “оқиб” келаётган ёшларни кўриб, ҳарқалай, ташкилий ишларга пухтагина ҳозирлик кўрилганини англаш қийин эмасди. Муҳими, мазкур меҳнат ярмаркасининг ўтказилиши ҳақидаги хабарни оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиш жараёнлари қоғозда қолиб кетмаган: уч-тўрт кун давомида эфирга қўйилган экан. Шу боисми, ярмаркага 1500 дан зиёд аҳоли ва ёшлар қатнашди. 200 дан ортиқ корхона-ташкилот 1800 дан ортиқ бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Меҳнат ва иш билан банд бўлмаган ёшлар сони Бухоро шаҳрида 1300 нафарни ташкил этишини ҳисобга оладиган бўлсак, иш сўраб мурожаат этган 268 нафар ёшга маслаҳат ва тушунчалар берилган бўлса, 50 нафарига уларнинг  иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида йўлланма берилди.

  • Олий маълумотлиман. Мутахассислигим ўқитувчи. Диплом бўйича иш тополмадим. Таълим муасссалари томонидан бўш иш ўринлари таклифи йўқ ҳисоби. Биргина Бухоро Тиббиёт институти томонидан 5 йиллик иш стажига эга ёки магистрга эҳтиёжи борлиги таклиф этган. На илож, мутахассислигим тўғри келмайди. Англадимки, меҳнат ярмаркасида ҳали ёшлар талаби ва эҳтиёжига қараб бўш иш ўринлари таклифлари тақдим этилмаган, ёки ҳақиқатан ҳам, нафақат, ўрта, балки, олий маълумотлилар учун ҳам иш топиш жуда мушкул..,-дейди Машҳура Қурбонова.

“Umar shox Fuzayi” МЧЖ, “Бухоро Лола сервис” МЧЖ ҳамда “Аброр” хусусий фирмаси “ўрнашган” столга диққатимизни қаратдик. Чунки уларда ҳеч қандай иш ўрни таклифи қайд этилмаган. Сўровимизга: “Официант керак, мурожаат учун телефон рақами берамиз”,-деган жавоб билан якун топилди.

Ярмарка ўтказиш сценарийсидаги бундай манзарани эса баҳолашга сўз топмадик.

“Жамшид Жавоҳир агротехник сервис”, “Интер Агро Голден Фреш” ҳамда “Элтек эксклюзив” МЧЖлар иш берувчи вакилидан иш сўраб, мурожаат этганларни нечтасининг иш билан бандлиги таъминланганига қизиқдик. Эътиборимизни тортгани, мазкур масъулияти чекланган жамиятлар томонидан бўш иш ўринлари учун 850 минг сўмдан 5 млн.гача  маош таклиф этилган. Аммо, меҳнатга лаёқатли ёшларнинг ҳам ушбу таклиф этилаётган ишга кўнмаётгани, ёхуд олий маълумот талаб қилинаётган бўш иш ўрнига мутахассис кадрнинг йўқлиги ишсизликни камайтиришга тўсиқ бўлмай қолмайди. Бу ҳолат эса айрим ёшларнинг бефарқ, боқиманда кайфиятдан чиқа олмаётганини ҳам кўрсатади.

“Bukhara Cotton Texstil” хорижий корхонаси томонидан 1048 та иш ўрни таклиф этилган. Таклиф этилган бўш иш ўринлари учун ойлик маоши 1 млн.дан 1,5 млн.гача.

  • Меҳнат ярмаркаси давомида бир нечта ёшлар ишга кириш хоҳишини билдирди. Шу куни 50-60 нафарга яқин ёшларга кейинги кундан бошлаб, тўғридан-тўғри ишхонага келишини, улар билан тушунтириш ишлари олиб борилиши, кейин лаёқатига қараб, иш белгиланиши ва албатта, ҳар бирининг бандлигини таъминлаш борасида муаммо бўлмаслиги тушунтирилди. Бироқ, ярмарка масъуллари томонидан ҳамма мурожаат ҳам рўйхатга олинмаган шекилли, биз вилоятимизнинг қатор туман, шаҳарларида жойлашган филиалларимиз фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун ўзимиз ёшларни ишга жалб этаяпмиз ва улар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтираяпмиз. Бу, албатта, бир томондан ёшларнинг иш билан бандлигини ва фаровон турмушини таъминлашга ҳисса бўлса, иккинчи томондан уларнинг турли хориж давлатларига иш излаб кетишларининг олдини олади,-дейди “Bukhara Cotton Texstil” хорижий корхонаси ташкилий ходимлар хизмати бўлими бошлиғи Улуғбек Атоев.

Ушбуларни кузатар эканмиз, меҳнат ярмаркаси эски қолипдаги сценарий асосида бўлмаслиги, янгича ташаббус ва ғоялар билан мустаҳкамланиши зарур, деб ўйлаймиз. Шунингдек, меҳнат ярмаркаси куни бир ёки икки соат эмас, ҳеч бўлмаса, кунузун давом этишини таъминлаш жоизки, бу меҳнат ярмаркасининг ўтказилиши ҳақидаги хабарни оммавий ахборот воситалари орқали эшитиб келаётган ёшларни ҳам “Эҳ, аттанг, кечикибмиз-да!”-деган тушкун кайфиятга солиб қўймайди.

Шу ўринда таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкинки, меҳнат ярмаркаси доирасида Бухоро шаҳар ҳокимининг бевосита ёшлар билан учрашувининг ташкил этилгани,  дилдан мулоқот иш излаб келган, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш учун банклар хизматидан фойдаланишга ўзи учун кенг имкон топган ёшлар учун катта умид, ишонч бўлиб хизмат қилди, дея оламиз. Ваҳоланки, шу куни кредит олиш истагида келган, тадбиркорлик йўли бошида турган бир нечта йигит-қизларнинг таклиф ва бизнес-режалари банк ходимлари томонидан қўллаб-қувватланди, ёшлар олдида турган қатор масалалар ўз жойида бартараф этилди.

Ёшлар келажаги ва тақдири, уларнинг фаровон турмуши учун олиб борилаётган ҳар бир сайъ-ҳаракат, режалар сидқидилдан амалга оширилса, тақдим этилаётган рақам ва маълумотлар бир-бирини инкор этмаса,  бу албатта, меҳнат ярмаркаларининг эски қолипларда сцеранийлаштирилишига ҳожат қолдирмайди.