Шаҳар ичидаги чакалак
Таҳририятга телефон орқали мурожаат этган Махфират Қўлдошеванинг хонадонига қараб йўл олдик. Билдиришича, у ўтган йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига мурожаат қилган. Мурожаат эса март ойида Бухоро вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан носоз ва яроқсиз ногиронлик аравачаси бериш орқали, тўғрироғи, хўжамкўрсинга қаноатлантирилган.
Ушбу юзасидан фуқаро яшаётган манзил – Бухоро шаҳридаги “Разани” кўчасига кириб бордик. Афсуски, ўзимизни худди шаҳар ичидаги харобаю чакалакда юргандек ҳис қилдик.
Уй-жойлар пала-партиш, ўрин-ноўрин қуриб ташланган. Ҳудуддаги нохуш манзаралар ниҳоятда аянчли ва кишини изтиробга соладиган даражада долзарб. Кўчабошигача ўрлаб кетган тикану янтоқлар ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади.
Бунда 6300 нафар аҳоли истиқомат қилар экан. Мазкур ҳудудда кўплаб миллат вакиллари яшайди: ўзбек, тожик, қозоқ, лўли, рус… хуллас, бунда яшаётган аҳолига муносиб шарт-шароит яратиш, шаҳарсозлик талабига кўра уй-жойлар тиклаш, ҳудудни обдон тозалаб, обод қилиш фурсати аллақачон етган.
Жамиятимизга янгиланиш ва ободонлаштириш эпкинлари кириб келганига эса кам вақт бўлмаганини яхши биламиз. Лекин нимагадир масалага масъул идоралар раҳбарлари лоқайд ва бепарво!
Биз таҳририятимизга мурожаат этган фуқарони ҳам топиш учун анча-мунча вақт сарфлашимизга тўғри келди. Чунки, ҳали-ҳануз, ҳатто, хонадонлар ҳам рақамланмаган(?!) Мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, аслида, қайси даврда яшаб, қаёққа қарашаётганини билишармикин ўзи?!
“Ижтимоий ҳимоя”га муҳтож аравача
– 1995 йилда туғилган ўғлим Достон Қўлдошев биринчи гуруҳ ногирони. Узоқ пайт елиб-югуришларим ортидан Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмага қарашли тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўлими томонидан ногиронлик аравачаси беришди. Бироқ, ундан, деярли, фойдалана олмадик. Чунки аравача яроқсиз ва таъмирга муҳтож эди. Қайтага, боламнинг йиқилиб, жароҳат олгани қолди, холос,-дейди фаррошлик ортидан кун кўраётган Махфират Қўлдошева.
“Болалар бош, мия фалажи, диалегик шакли, бош мия ярим шари ёнбош энса соҳаси ўсмаси, кучли ифодаланган спастик тетрапарез, сенсаматор афазея, чаноқ аъзолари фалажи” ташхиси билан Бухоро шаҳридаги 6-сонли поликлиника диспансери назоратида туриб даволанаётган беморга берилган аравачанинг ўзи “ижтимоий ҳимоя”га муҳтожлигидан кўксингизда оғриқ санчади.
– Нима бўлганда ҳам умумий амалиёт шифокори Бахтиёржон Муртазоев, деярли, ҳар куни хабар олади, дори-дармонлари билан муолажа қилади, шунисигаям шукур, болам дарди енгилроқ бўлса бас,-дейди онаизор умид билан.
Муаммо жойида бартараф этилди
Биз биринчи гуруҳ ногирони Достон Қўлдошев учун берилган ногиронлик аравачаси билан боғлик масалани белгиланган тартибда қайта кўриб чиқилиши юзасидан ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий ва маърифий ишлар бўйича Бухоро вилояти ҳокими ўринбосарига ташаббус билан чиқдик. Масала шу куннинг ўзидаёқ бартараф этилди.
Худди шу куни Достон Қўлдошевдан ташқари, узоқ йиллардан буён хасталаниб ётган Насрулло Шойиқулов мурожаати ҳам эътибордан четда қолмади. Унга ҳам ногиронлик аравачаси топширилди.
Ҳа, ҳар бир иш шунчаки расмиятчилик ёки қайсидир ҳисоботга тиркаш учун эмас, жойида ҳал қилиш ва шу орқали одамлар оғирини енгил, мушкулини осон қилиш учун бажарилиши лозим. Муҳтожга илгари носоз ва анча йиллар ишлатилган, яроқсиз ҳолатдаги ногиронлик аравачасини топширган тегишли мутасаддиларга нисбатан қандай чора кўрилиши эса, албатта, бизнинг ваколатимизда эмас.
Муҳими, бемор номига янги ногиронлик аравачаси расмийлаштирилди ва топширилди.
Дастур ижро билан кучли
“Разани”ликларни қийнаётган бошқа масалалар ҳам мутасадди ташкилот раҳбарлари эътиборидан четда қолмайди, деб ўйлаймиз. Зеро, одамларни тинглаш – шафоат эканлигини асло унутмайлик!
Мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан бошланган “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастури асосида тузилган махсус ишчи гуруҳлар томонидан ўрганилаётган муаммоларни жойида бартараф этишга масъуллар бириктирилгани ва уларни ечишда қатъий муддат белгилангани халқимизнинг айни дилидаги иш бўлди, десак адашмаган бўламиз. Зеро, давлат дастури ижроси билан кучли.
Лайло Ҳайитова