Бозорларимиз мева-чева, қанду асал, ҳил-ҳил егулик, пишириқларга тўла. Афсуски, байрам кунлари бозордаги нарх-наво осмон қадар бўйлайди. Бу инсофдан эмас. Гапирсангиз, тижоратнинг ҳам осон эмаслигини, молларни “оптомдан ҳам қимматга сотиб олишаётганини пеш қилишади. Тўғри, улар ризқларини бозордан териб, ейишади. Бозорда ҳам сочиб қўймаган. Аммо, чегарадан чиқиш…
- Қаранг, мана шу ярим килограмм пистани 24 мингга олдим. Тарозидан ҳам уриб қолишди, шекилли, буни сотувчига шипшитиб қўювдим, рўза-рамазон кунлари мен сизни алдармидим,-деб жоврашга ўтди. Наилож, тенглашиб турмадим,-деди 60 ёшларга яқинлашган бир киши.
- – Кечирасиз, ака, тенглашиб турмадим, деганингиз нимаси, бу ҳам бир бепарволикнинг кўриниши, холос. Сиз, мен, яна бошқаси қўл силтаб кетаверсак, қайтага уларнинг қинғир ишларига йўл очиб берган бўлмаймизми? Пешона тери эвазига топган ҳалол ҳақингизни талаб қилмаслик – ўз болаларингиз ризқини кесиш билан тенг.
Харидор билан бозор идораси сари йўл олдик. 500 грамм, деб сотилган бодомнинг оғирлиги, бор-йўғи, 370 грамм чиқди. Ана, холос! Қасам ичади-я, деб қўйди ҳалиги киши ёқасини ушлаб.
Бизни кузатиб турган бошқа бир киши мийиғида кулганча аралашди:
- Мени ҳам “чув” туширмоқчи бўлди, тушмагурлар. Кекса одам кўзи тарозига ўтмайди, деб ўйлашди, чоғи. Аммо, эсимни танибманки, деҳқонман, қўлларим тарози бўлиб кетган.
Нима ҳам дердик?! Савдо-сотиқдан кўпроқ фойда олишни кўзлаб, инсофу диёнатни, инсонийлик, одобу ахлоқни унутаётган савдо аҳлига инсоф берсин. Шундагина бозорларимизда файз, барака бўлади.
Гуноҳ не, савоб не, унутиб баъзан,
Тарозудан тортиб, ризқни топарлар.
Во дариғ, келганда Оллоҳнинг ажри –
Бу жазо ҳукмидан қайга қочарлар.
Кўзи оч одамга қонун – тарбия,
Виждонсизнинг сўнгги манзили Кулфат.
Нафси ҳакалаклик – қашшоқлик асли,
Халқ ҳаққи, эл ризқи – буюк бир ҳикмат.
Лайло