АЛИШЕР НАВОИЙ КИЙИНИШ МАДАНИЯТИ ҲАҚИДА

Инсоннинг сурати сийратига мутаносиб бўлишини ҳамиша назарда тутган Алишер Навоий «Маҳбубул-қулуб»нинг бир юз йигирмадан ортиқ танбеҳни ўз ичига олган учинчи қисмининг ўн ўрнида кийиниш одоби хусусида ихчам, аммо қуйма мулоҳазаларни билдириб ўтади. Улуғ мутафаккир таъкидича, яхши дўст жонга фароғат етказгани каби яхши либос танга зийнат беради. Аммо эр йигитнинг иши мардликдир, ўзига оро бериш эмас.

Суратпараст эркак бошқаларнинг диққатини ўзига тортиш, ўзини кўз-кўз қилиш учун ясанади. Аёллар зеб-оро учун безанадилар. Хотин-қизларнинг оройиши ўз меъёрида яхши. Аммо ҳаддан ортиқ пардоз аёл учун ҳам номуносиб, эркак киши учун эса шармандаликдир: «Агарчи бу маъно иккаласига қабиҳдур, аммо эранларға кўпрак мужиби тафзиҳдир» (72). Кийиминг гўзал бўлишини истасанг, бир кийимга муҳтож, яланғоч одамнинг устини бут қил. Либос ҳар қанча ёқимли бўлиб кўзингни яшнатса-да, уни ўзинг кийганингдан кўра, моддий аҳволи танг бир бечорага кийдирганинг маъқул. Чунки тўнни ҳар қанча асраб-авайлаб кийганинг билан барибир у эскиради. Яланғочга кийдирилган тўн эса ҳеч қачон эскирмайди, йиртилмайди, титилмайди. Сен ўлганингдан кейин ҳам у яп-янгилигича, гўзаллигича, зеболигича қолади. Шундай экан: «Ўзунгни зебо либос хаёлидин ўткар, либос зеболиғин  тиласанг бир ялангни буткар. Либос ҳар нечаким зебодур, кийганингдин кийдирганинг авлодур. Байт:

Нечаким тўнни риоят бирла кийсанг эскирур,                            Чунки кийдурдунг ялангга уфрамас тўн ул эрур» (124).

Баркамол инсон ҳеч вақт таърифу таҳсинга эҳтиёж сезмайди. Жумладан, кийимни ўзига бино қўйиш, улуғ сифатлик учун киймайди. У элнинг ўзига нисбатан хизмат ва таъзим ҳузурида туриши, алоҳида ҳурмат-эҳтиром ва иззат-икром кўрсатишидан қаттиқ хижолат тортади. Ич-ичидан азоб чекади. Алишер Навоий ифодасида бу ноёб туйғу моҳияти бир сўзда акс этган: «бетакаллуфлуқ». Алишер Навоий таъкидича, такаллуфсизлик улуғ адибнинг дўсти ва мураббийси дарвеш Саййид Ҳасаннинг туғма хислатидир.

Дарвеш кийинишни, безакни севмайди. У кийимни ҳусн, чирой учун эмас, ёзнинг иссиғи, қишнинг совуғидан муҳофазаланиш зарурати юзасидан кияди. Унинг учун кийимнинг қиммати эмас, ҳалол меҳнат эвазига келганлиги, эски бўлса-да тоза ҳамда бежиримлиги, поклиги («ариғ») аҳамиятли.

Ийд оқшоми тифл илгида чапу рост ҳино,

Ё шоҳиди шўх эгнига хаззу дебо (106).

Алишер Навоий дунёга ҳирс қўйган зарбафт кийимли, кимхоб тўнли кишини ахлат устидаги ялтироқ чивинга қиёс қилади: «Зарбафт кисватлиғ дунёгузин нажосат устидаги илтироғучи чибин» (111). Иймон-эътиқоди мустаҳкам, пок ва ҳур қалбли инсон эса Қуръони мажид саҳифалари қатидаги гул баргига ўхшайди: «Муттақии покрав масжидда мўътакиф бўлғон чоғи Мусҳаф авроқи орасида гул яфроғи. Маснавий:

Бири байт ул-ҳаром ичра фаришта,                                                         Бири дайр ичра шайтон барча ишта» (111).

Нега? Чунки, шайтонлик, ғирромлик йўли билан топилган ҳаром давлат руҳни булғайди. Инсонни мол-мулкка, ўзи каби ер фарзандига қул қилиб қўяди. Шунинг учун ҳам қаноатли дарвеш ўз нафсининг итоаткор қулига айланган давлатманддан устун. Шунинг учун ҳам дарвешлар зўравонлик, тамаъгирлик, ўғрилик каби йўллар билан топилган мулк ҳисобидан тузатилган дастурхондан ҳазар қилиб, пешона тери билан тайёрланган ёвғон ошни ғанимат билишган.

Шавкат ҲАЙИТОВ,                                                                                                         БухДУ ўзбек филологияси кафедраси доценти,                      филология фанлари номзоди