Бугун қайси идора ва ташкилот, ёки ўқув муассасаси эшигини “тақ-тақлаб” борманг, у ердаги ёшларни бирлаштирувчи куч, бу – ёшлар етакчиси эканлигига амин бўласиз. Бугунги кунда “Ёшлар етакчиси борми?”, “Нега кўринмайди?!”, “Ишлар бунча ўлда-жўлда?!” деган саволларга ҳожат қолмади. “Э, яшанг, баракалла!” деб қайтасиз. Улар орасида масъулиятсиз, сусткаш, бепарво, ўз ишига лаёқатсиз етакчиларни, деярли, учратмайсиз! Ахир, ёшлар иттифоқидаги оташин саъй-ҳаракатлар ўз ишига эътиборсиз ва лоқайд етакчилар фаолиятига чек қўйдиям-да!
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги ПФ-5106-сонли Фармони ва 2017 йил 18 июлдаги “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3138-сонли Қарорига мувофиқ, 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб, умумий ўрта таълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида фаолияти йўлга қўйиладиган “ёшлар етакчиси” лавозимларига табиий етакчилик қобилиятига эга ҳамда олий маълумотли кадрларни саралаш, танлаш ва ишга тайинлаш бўйича қабул қилинган қарор юзасидан вилоятимизда олиб борилган ишлар табиий етакчилик қобилиятига эга ёшларни саралашда муҳим омил бўлди.Албатта, ҳар доим кўпчилик орасида ўз фикрини ўтказа оладиган, айтган гапини бажарадиган, нотиқлик санъатига эга, орқасидан бошқаларни ҳам эргаштира оладиганларни ёшлар етакчиси, деб атаймиз. Бугунги кунда бундай кўникмаларга эга ёшлар кўп учрайди. Вилоятда мавжуд 536 та умумий ўрта таълим муассасаларида “катта етакчи” ва “тўгарак раҳбари” штат бирликларини тугатиш ҳисобига лавозим маоши юқори синф ўқитувчисига тенглаштирилган ёшлар етакчилари сайланди. Диққатга сазовор жиҳати, ёшлар етакчиси лавозимига 1600 нафардан ортиқ ёшлар номзоди тавсия этилган эди. Шундан 536 нафари ёшлар етакчиси этиб сайланди. Бу, албатта, жуда тез фурсатда ёшлар иттифоқига ишонч ортиб бораётганидан далолат. Худди шунингдек, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ёшлар етакчиси лавозимига 284 нафар йигит-қиз номзоди тавсия этилиб, улар орасидан 88 нафари суҳбат асосида саралаб олинди. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги ПФ-5106-сонли Фармонига мувофиқ, ёшлар етакчиси вазифаси юклатилган ходимга ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан олий маълумотли ўқитувчига ҳар ойда базавий тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида устама белгиланади.
Ёшлар етакчиларига яратилган бундай шароит ва имкониятлар уларнинг фаолият самарадорлигини янада кучайтиришларига, ўзларига юклатилган вазифани астойдил бажариш учун бор қобилиятларини ишга солишларига туртки бўлади.
– “Ёшлар етакчиси – ёшларни дадилликка, фаолликка, ташаббускорликка ундайдиган, уларни эзгу мақсадлар сари дадил одим ташлашга ўргатадиган, чинакам лидер бўлиши керак! Ораларингда шундай ўт юрак ёшлар борми?!”-дейишганда аллақандай куч, ўзимга бўлган катта ишонч ва ғайрат билан “Мен!” деб отилиб чиққанимни ўзим сезмай қолдим. Менга бу шижоатни, бу дадилликни жорий йилнинг 30 июнь кунида муҳтарам Президентимизнинг ёшлар билан ўтказилган мулокоти берди, десам адашмайман. Ёшлар етакчиси лавозимига номзоди кўрсатилганлар қатори суҳбатга кирдим ва Вобкент туманидаги 7-умумий ўрта таълим мактаби ёшлар етакчиси лавозимига лойиқ, топилдим. Бу менинг зиммамга жуда катта масъулият юклади,-дейди Бухоро Давлат университети битирувчиси Нодир Жўраев.
Дарҳақиқат, ёшлар ташкилоти атрофи мана шундай дадил ва қатъиятли ёш кадрлар билан мустаҳкамланиб бораётгани кишини қувонтиради.
Айтиш жоизки, вилоятда таълим муассасаларига ёшлар етакчисини саралаш ҳаяжонли кечди. Натижалар эса, чаккимас. Ким ўзидан хурсанд, ким билими бироз панд бериб қўйганидан хижолат, яна кимдир… Энг қувончлиси, бўлғуси ёшлар етакчилари орасида бепарволар учрамади.Қизғин баҳслар, билим ва салоҳиятга асосланган мунозаралар, ўзлигини намоён эта олиш учун кечган ҳаракатлар чинакам ёшлар етакчисини саралашда катта майдон бўла олди.