МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАР – БОЛАЛАР НИГОҲИДА

Бухоро шаҳар 39-сон ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида  маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳамда бошқа фуқаролик институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди давлат гранти асосида “Бухоро ёшлари” газетаси томонидан “Эркин фуқаролик жамияти қуриш йўлида камарбаста бўлайлик! ” лойиҳаси доирасида “Миллий қадриятлар – болалар нигоҳида” мавзусида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Миллий қадриятларимизни болалар қалбига сингдириш, уларни гўзал урф-одат ва анъаналаримизнинг бетакрор оламига чорлаш, шунингдек, миллий ўзликни англаб камол топишларига кўмаклаши мақсадини илгари сурган  мазкур тадбир Наврўз тантаналари билан гўё ҳамоҳанг бўлди.

Иштирокчи болажонлар қадриятларимизни ўзида мужассам этган миллий либосларда халқ ўйинлари ва лапарлари, Ватан мадҳидан сўзловчи шеърий сатрлар,  ранг-баранг мусиқий чиқишларини намоён этишди. Тадбирда, нафақат, болажонларнинг ота-оналари ва устозлари, балки “Ўзбекистон-Япония маркази” вилоят вакилларининг ҳам ташрифи унинг мазмундорлигини таъминлади.

Тадбир сўнггида  фаол иштирок этган ўқувчи ва устозлар китоблар ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.