Мустақилликнинг 25 йилида ғурур билан айтишимиз мумкинки, бугунги кунда Ўзбекистон – иқтисодиёти энг тез ривожланаётганлиги, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришганлиги, болалар саломатлиги тўғрисида энг кўп ғамхўрлик кўрсатаётганлиги, таълим соҳасидаги инновациялар кўрсаткичи юқорилиги, таълим тизимини ривожлантириш даражаси, жумладан, таълим мақсадлари учун маблағлар ажратилиши, Ватанни севиш, унинг келажагига ишониш, аҳолисининг қонуний тартибларга итоат қилишлиги бўйича дунё давлатлари орасида биринчи ўнталикдан жой олиб келаётганлиги юқоридаги фикримизнинг исботидир.
Ушбу ютуқларимизнинг, муваффақиятларимизнинг муносиб меросҳўрлари, бошланган ижобий ислоҳотларнинг давомчилари ва мантиқий якунига етказишга қодир бўладиган ёшларни тарбиялаш ҳар доим кун тартибидаги биринчи долзарб масалалардан бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.
Дарҳақиқат, Ўзбекистонимизнинг давлат мустақиллигини қўлга киритиши ёшларга оид давлат сиёсати масалаларини демократик тамойиллар асосида қайта англашни ҳамда мазкур сиёсат мезонларини фуқаролик жамияти талабларига мувофиқ тарзда кўриб чиқишни тақозо қилган эди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг ёшларга оид давлат сиёсатини қиёсий таҳлил этиш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, мустақил тараққиёт йўлини танлаган Ўзбекистонда ёш авлодни тарбиялаш йўналишида ташкил этилаётган давлат сиёсати, ўзининг ташкилий, ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан мустаҳкам асосига эга бўлиб, у “Ўзбек модели”нинг таркибий қисми сифатида амалга оширилган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва бошқа зарурий ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётга самарали татбиқ этилгани билан боғлиқдир.
Мустақиллик йилларида юртимизда ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, ўз мутахассислиги бўйича ишлаши ва соғлигини муҳофаза қилиши, оила қуриш, яшаш жойларига эга бўлиш каби ўнлаб ҳаётий талабларни давлат томонидан кафолатлаш ва қондиришга қаратилган кенг қамровли тадбирлар тизими ишлаб чиқилди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ёшларга оид давлат сиёсатини ташкил этишдаги амалиётга самарали татбиқ этилган муҳим ғоялар, аниқ таклиф ва илғор ташаббусларининг муаллифи сифатида юртимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлади. Ёшлар сиёсатини амалга оширишда юзага келган турли мураккаб масалаларга ечимлар Президент асарлари, чиқишлари, нутқлари ва интервьюларида мунтазам бериб борилди.
Мустақиллик йилларида ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий мақсадлари қуйидагиларга қаратилди:
- -Биринчи мақсад – давлатнинг истиқбол ривожланиш стратегиясига боғлиқ қатлам сифатида ёшларнинг конституцион ҳуқуқ ва эркинликларини ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва кафолатлаш;
- -Иккинчи мақсад – давлатнинг ёшларга оид давлат сиёсатини комил шахс тарбияси асосида қуриш орқали шахс тарбиясидаги узвийлик, давомийлик ва изчилликни таъминлаш ҳамда ривожлантириш;
- -Учинчи мақсад – ёшлар ташаббускорлиги, истеъдоди ва такомили учун ижтимоий рағбатлантириш ва ижтимоий буюртма тизимини вужудга келтириш;
- -Тўртинчи мақсад – ёшлар ташкилотлари фаолияти ва тармоқланишини қўллаб-қувватлаш;
- -Бешинчи мақсад – жаҳон тажрибаси, хусусан, БМТ томонидан ишлаб чиқилган инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги мавжуд энг илғор ғоя ва нормалардан унумли фойдаланиш.
Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий устувор йўналишлари қуйдагилардан иборат:
- Биринчи йўналиш – ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий онгини шакллантириш, ижтимоий фаоллигини ошириш;
- Иккинчи йўналиш – маънавий-марифий ишларни амалга ошириш, ёшларни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш;
- Учинчи йўналиш – соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш;
- Тўртинчи йўналиш – ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш;
- Бешинчи йўналиш – иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш.
Бундан ташқари, ёшларнинг ижтимоий ҳамда маънавий камол топиши учун шарт-шароит яратиб беришга қаратилган сиёсатнинг асосий моҳияти Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз ифодасини топди. Конституция қабул қилинган куннинг эртасига Ўзбекистон Бола ҳуқуқларининг тўғрисидаги халқаро конвенцияни (1992 йил 9 декабрь) ратификация қилди. Ўзбекистонда истиқлолнинг биринчи ойлариданоқ, яъни 1991 йил 20 ноябрда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган эди.
Ўтган йиллар мобайнида ушбу Қонуннинг нормаларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ёшларнинг ривожланиши, жамиятда тутган ўрни ва ролини ошириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек ёшларни “оммавий маданият”нинг салбий таъсирларидан ҳимоя қилишни рағбатлантирадиган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди.
Бугунги кунда, 70 дан ортиқ олий ўқув юртлари, 1 500 дан ортиқ касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар, 10 000 га яқин умумий ўрта таълим мактаблари, 5 000 га яқин мактабгача таълим муассасаларида ҳалқимизнинг 7 млн.дан ортиқ фарзандлари таълим-тарбия олмоқдалар. Мамлакатда фаолият юритаётган 525 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, 13 та олимпия заҳиралари коллежлари ҳамда 8 та Республика олий спорт маҳорати мактабида юқори малакали, истеъдодли спортчилар тайёрланмоқда. Малакали спортчиларни тайёрлаш билан бирга, оммавий спортни ривожлантиришда спорт жамоалари, федерациялар ва бошланғич спорт жамоалари томонидан сезиларли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугун халқаро миқёсда ўтказилаётган фан олимпиадалари, спорт мусобақалари ғолиблари бизнинг ёшларимиз бўлаётганлиги ўтган 25 йилда олиб борилган ишлар самарисидир. “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонунни қабул қилганимиз ва шу асосда фаолият олиб борганимиз натижасидир. Шу билан бирга, таҳлилий ўрганишлар шуни кўрсатдики, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонун хозирги кун талабларига жавоб бермасдан қолмоқда.
Қонунни такомиллаштиришимиз, замон руҳига мослашимиз давр тақозоси ҳисобланади. Бу эса ёшларимизга янгидан янги шароитлар яратиш бораборида ўзларини намоён қилишларига имкониятлар туғдиради. Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 12 августда қабул қилинган, Сенат томонидан 24 августда маъқулланган ва 2016 йил 14 сентябрда Президент томонидан имзоланган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бугунги кунда ёшлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилувчи ҳужжат бўлиб ҳисобланади.
Қонунда ёшлар бўйича давлат сиёсатининг мақсадлари ва тамойиллари, ёшларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофазаси масалалари, таълим олиш ҳуқуқи, иқтидорли ёшларга нисбатан давлат кўмагини амалга ошириш каби жамият ривожланиши учун зарур ва долзарб масалалар қамраб олинган. Жумладан, қонунга мувофиқ ёшларга оид давлат сиёсатининг субъектлари сифатида давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари, ёшлар номидан уларнинг жамоат бирлашмаларининг фаолият кўрсатиши белгилаб қўйилди.
Ушбу Қонун 4 та боб ва 33 та моддадан иборат.
Бу борада таъкидлаш лозимки, демократик-ҳуқуқий ва очиқ жамият барпо этишимиз нуқтаи назаридан келиб чиқиб, Қонунда ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий принциплари сифатида қуйидагилар мустаҳкамлаб қўйилган:
- -очиқлик ва шаффофлик;
- -ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда ёшларнинг иштирок этиши;
- -ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;
- -маънавий, ахлоқий ва маданий қадриятларнинг устуворлиги;
- -ёшларнинг камситилишига йўл қўйилмаслиги.
Кўриниб турибдики, бу принциплар ёшлар тарбиясида ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.
Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати, у ҳам бўлса, унда ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари алоҳида моддада белгилаб қўйилмоқда. Уларга:
- -ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш;
- -ёшларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш;
- -ёшларнинг маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш;
- -ёшлар учун очиқ ва сифатли таълимни таъминлаш;
- -ёшларни ишга жойлаштириш ва уларнинг бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш;
- -ёшларни ватанпарварлик, фуқаролик туйғуси, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашларга эга қилиб тарбиялаш;
- -ёшларни ахлоқий негизларни бузишга олиб келадиган ҳатти-ҳаракатлардан, терроризм ва диний экстремизм, сепаратизм, фундаментализм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилиш;
- -ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш;
- -иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш;
- -ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;
- -ёшларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, шунингдек ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва ёшлар спортини оммавий ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;
- -ёш оилаларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитларни яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тизимини амалга ошириш;
- -ёшларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини рўёбга чиқариш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш каби нормалар киритилган.
Қонунда 5 та асосий тушунча берилган, яъни “ёшларга оид давлат сиёсати”, “ёшлар (ёш фуқаролар)”, “ёш оила”, “ёш мутахассис”, “ёшлар тадбиркорлиги” тушунчаларининг мазмуни очиб берилган ҳамда ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари мустаҳкамланган. Жумладан, “ёшлар (ёш фуқаролар)” деганда, 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахслар назарда тутилмоқда. “Ёш оила” тушунчасига ҳам таъриф берилган. Унга кўра, ёш оила деганда, эр хотиннинг иккиси ҳам ўттиз ёшдан ошмаган оила ёхуд фарзанд (бола) тарбиялаб вояга етказаётган ўттиз ёшдан ошмаган ёлғиз отадан ёки ёлғиз онадан иборат бўлган оила, шу жумладан никоҳдан ажралган, бева эркак (бева аёл) тушунилади.
Қонунда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат органларининг тизими ва уларнинг ваколатлари мустаҳкамланган. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси, Маҳаллий давлат ҳокимяти органлари, таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари, маданият ва спорт ишлари бўйича органлар, меҳнат органлари, прокуратура органлари; ички ишлар органлари; адлия органлари, мудофаа ишлари бўйича органлар мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини оширишда қандай ваколатларга эга бўлишлари мустаҳкамлаб қўйилди. Бундан ташқари, Қонунда ёшлар нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий мақоми, шунингдек улар фаолиятининг давлат кафолатлари белгиланган.
Шунингдек, Қонунда ёшлар ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатлари, ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатлари, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, ёшлар тадбиркорлигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари алоҳида- алоҳида моддаларда ўз аксини топганлигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 28 июлдаги “Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонини рўёбга чиқариш мақсадида Қонунда мамлакат иқтисодий ўсишининг локомотиви бўлган ёшлар ўртасидаги тадбиркорликни ривожлантиришга кенг шароит яратилмоқда. Қабул қилинган Қонуннинг яна бир ўзига хос жиҳати шундай иборатки, унда ёшларни ва ёш оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида ёшлар ижтимоий хизмати фаолият кўрсатиши белгилаб қўйилди.
Ёшлар ижтимоий хизмати фаолиятининг йўналишлари қуйидагиларни қамрайди:
- -ёш фуқароларга психологик-педагогик, юридик ёрдам кўрсатиш ва маслаҳатлар бериш;
- -имконияти чекланган ёш фуқароларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш;
- -ёш оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш;
- -таълим ва меҳнат жамоаларида ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш;
- -ёш мутахассисларга янги иш жойига мослашишида, уларни қайта тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларни уй-жой билан таъминлашга кўмаклашиш;
- -вояга етмаганлар учун ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида ижтимоий ёрдам кўрсатиш;
- -озодликдан маҳрум этиш жойларидан ва ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган ёш фуқароларни ижтимоий мослаштириш;
- -ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга кўмаклашиш;
- -ҳуқуқий тарғибот, ёшларни ишга жойлашиш, таълим олиш ва касбий тайёргарлик борасида, бўш вақтини мазмунли ўтказиш, туризм ва спорт соҳасидаги имкониятлар тўғрисида хабардор этиш;
- -ёшларнинг яшаш жойларида бўш вақтларини мазмунли ўтказишини ташкил этиш ва бошқалар.
Тушунарлики, ҳар қандай жамият учун ўта муҳим ва долзарб бўлган масалалар миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида ушбу Қонунда белгилаб қўйилди. Мазкур Қонунни ишлаб чиқишда бутун мамлакатимиз аҳолиси, жумладан таълим муассасалари, уларда таълим-тарбия олаётган ёшлар иштирок этишган. Улардан жуда кўплаб таклиф ва мулоҳазалар олинган ва уларнинг таклифлари Қонун нормаларига сингдирилган. Албатта, ёшларимизни бугунги кун талабларига жавоб бера оладиган, касб сирларини мукаммал биладиган, ватанпарвар, ўзининг мустақил фикри ва позициясига эга булган комил ва баркамол инсонлар қилиб тарбиялашда Қонуннинг ўрни катта.
Қонун ёшларимизни бой ўтмиш тарихимизни мукаммал биладиган, ўтмиш қадриятларимизни мазмун-моҳиятига ета оладиган , ёт ғояларга қарши тура оладиган, оммавий маданият кўринишидаги таҳдидларга қарши кураша оладиган, бутун дунёни жиддий ташвишга солаётган диний экстеримизм, ҳалқаро терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби бало ва офатларга қарши тура оладиган ёшлар бўлиб етишишида муҳим аҳамият касб этади.
Ишонамизки, Қонун ёшларимизнинг тарбия топиб, билим олиб, касб-ҳунар эгаллаб, оила қуриб, ўзларига яратилаётган имтиёзлардан оқилона фойдаланиб жамиятда ўзларининг муносиб ўринларини топишларда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Жамол НОСИРОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.