КЕЧА КИМ ЭДИГУ БУГУН КИМ БЎЛДИК?!  

 Кўзчаларида гўё олам порлаб, мактаби томон шошиб бораётган, формалари ўзига ярашган мактаб ўқувчи қизларига қараб ҳавасим келди. Кечагина мен ҳам худди шу қизалоқ сингари мактаб томон ошиқиб борардимми? Бу ўсмир қизалоқ билан менинг болалигим орасида қанчалар фарқ бўлган? Кеча мен ким эдим? – деган савол мени болалигим ўтган мактаб даврларимга етаклайди.

навруздан лавха1

Биз лой кечган далалар

Кўзим ўнгимда елкасига зил-замбил пахта ортилган, юз-кўзлари чанг, ёмғиру-қордан балчиган пайкаллар аро ивиб кетган калишда ё кирза этикда кун ботганда ҳам далаларда саросар кезаётган болалигим гавдаланади.

1980 йилларда 7-8 ёшли бола эдик: даланинг оғир меҳнати осон эмасди-да, биз учун. Бахтли болалар, қақажону-қувноқ тенгдошларимиз борлигини фақатгина ойнайи жаҳонда намойиш этиладиган “Бахтли болалигим” кўрсатуви орқали кўрардик, холос. Уларни эртаклардагидек яшашади, деб ҳавас қилардик.

1984-1987 ўқув йилларининг пахта терими даврларида дарслардан “озод” қилинганмиз. Ҳашарчилар қатори кузнинг жазирама иссиғида кирган далалардан қишнинг қор-қировли кунларида чиқардик… Пастлабгина биз томон елдек учиб келаётган “самолёт”ни “қий-чув”лашиб кутардиг-у, унинг пайкаллар аралаш бошимиз узра сепиб ўтган дорисининг аччиқ ҳидидан бўғилиб, бор бўйимиз билан йиқилардик… Қор-ёмғир балчиган пайкаллардан пахтами ё ҳашакми-ей, терардик. Муҳими, режа тўлса, бас. Бажармасак, бригадир амакининг хивичи “ёмон”лигини яхши билардик. Ҳар куни судралиб-чайқалиб “Болалигим-гулбаҳор” қўшиғини кўзларда ёш билан куйлаб, тун қоронғусида уйга қайтардик, жажжи ўғилу қизлар…

Шукрким, бугун яхши давронлар, янги замонлар келди. Қийинчиликларни қадамма-қадам енгиб ўтдик. Интилиш, изланишлар ортидан бетакрор зиё меҳварига эришдик.

Дориломон кунлар шукуҳи

анави7ни

Бугун бахтли ва бахтиёр, бекаму безавол униб-ўсаётган болаларимизга яратилган имкониятлару шарт-шароитлардан осмон қадар бўйлаймиз.
Мустақиллик шарофати билан мактабларимизга бўлаётган эътиборни ҳеч қандай қиймат билан ўлчаб бўлмайди. Мустақилликнинг илк кунлариданоқ республикамизда ёш авлоднинг бахтли келажаги учун барча шарт-шароитларни яратишдек вазифаларни амалга оширилганлиги, Таълим тўғрисидаги Қонун, Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури ишлаб чиқилди, мактабларни қайта реконструкция қилиш ва уларда замонавий билимларни бериш учун барча қулайликлар яратилди, қабул қилинган дастурларга мувофиқ, 9+3 схемаси бўйича 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизими жорий этилди.

Ёшлар ўқишу илм излаш, турли соҳаларда янгилик яратиш, иқтидор ва истеъдодини намоён этиш билан банд. Ўзи истаган йўналишда билимини ошириб, чет давлатларнинг нуфузли олий ўқув юртларига қабул қилинаётган ёшларимиз сонининг ошиб бораётгани ҳам халқимиз бахти. Бундай кунларни бизнинг маърифатпарвар боболаримиз Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Мунаввар қорилар орзу қилмагандиларми? Бу орзулар ким туфайли, нима сабабли амалга ошди?

ккцкцкцк

Бу орзуларни амалга ошириш учун қанча сайъ-ҳаракатлар бўлганлиги барчамизга аён. Собиқ иттифоқ даврида жаҳон аренасида “Ўзбекистон”, “ўзбеклар” деган номни жуда кўплаб мамлакатлар ҳали билмас эди. Бугун-чи? Ўзбекистон эришаётган ютуқ ва марралар дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Биргина Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети томонидан ташкил этилган ижтимоий тадқиқотлар асосида эълон қилинган  “Бутунжаҳон бахт индекси”да  Ватанимиз 158 мамлакат ўртасида 44-поғонани, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида 1-ўринни олганлиги биз учун ифтихор, биз учун ғурур!

Ҳар ерда илгарилаш, тараққиёт, ривожланиш. Юртимизнинг ҳар манзили кўркам ва обод. Кечагина бозорлари бўм-бўш, халқини керакли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда оқсаб қолган мамлакат бозорларини ва дўконларини  бугун дунё мамлакатлари маҳсулотлари ва ички маҳсулотлари билан тўла.

Қўлга киритилган бундай ютуқлар замирида   заҳматкаш халқимизнинг   фидокорона меҳнати, муҳтарам Юртбошимизнинг жасоратлари самараси ётибди. Шундай бахту фаровонликка, хонадонлар осойишталигию ҳузурбахш тинчликка, Мустақиллик деган улуғ неъматга шукроналик ила бу саодатларни бизга инъом этган Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотираси олдида доимо қарздормиз.

Ёшлар – буюк ишларга қодир

Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик,

Дастурхонлар тўкин, кўнглимиз обод.

Ҳар манзил, ҳар ерда тараққиёт бор,

Ҳар инсон нафаси ҳурлик ила шод.

Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик,

Ўзига, сўзига бек мамлакатмиз.

Юртбошимиз қўйган зўр пойдеворга,

Тинчлик суратини чизган чин аҳдмиз.

Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик,

Тинчлик, Мустақиллик бош шиоримиз.

Кўкси чинор, қадди ҳеч синмас,

Давлатга елкадош номусу ормиз.

DSC_6728

Бугун ҳар бир ёш қалбида ер юзида ўз миллатининг шаъни, халқининг қадр-қиммати, аждодларининг пок номи, ёш авлоднинг камоли учун шу қадар қайғурган, умрининг энг навқирон йилларини халқига бахшида этган, энг машаққатли кунларида жасурлик билан Ватаннинг келажаги буюк эканлигини айтиб, кўнглилларга умид улашган, эгилиб қолган миллат ташвишини азим елкаларига олиб, ватандошлари қаддини тик кўтарган, Ўзбекистонни тинчлик, тотувлик заминига айлантирган АЗИЗ ИНСОН  яшаб ўтганлиги кейинги авлодлар учун ҳам ватанпарварликнинг беқиёс намунаси, мардликнинг сўнмас шуъласи бўлиб қолажак.

Моҳигул Турсунова:

-Ўз фарзандларининг тақдири, юртининг бетимсол қудрати учун бор умрини бағишлаган муҳтарам Юртбошимиз хотираси асрлар оша қалбларда муҳрлангай. Азиз инсонимиз яратиб берган мустақил ва  нурли замин фарзанди эканлигимиз, унинг офтобахш муҳаббатига тўла бағрида яшаётганлигимизнинг ўзи биз учун бахт. Шундай бахтга шукроналик ила биз ёшлар, Юртбошимиз кўрсатган келажак йўлидан ҳеч қачон қайтмаймиз. Ўзбек халқини озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олиб, ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмасликни доно Юртбошимиздан ўрганган эканмиз, буни исботлашимиз учун ҳамиша олға одимлаймиз. Бу биз учун муқаддас туйғу.

Шоҳруҳ Муҳаммедов:

-Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?! Бугун таълим дейсизми, спорту санъат соҳаси дейсизми, биз учун барча-барча шароитларни яратиб бердилар. Демак, биз бобомиз орзу қилгандек янада мустаҳкам давлат барпо этишдек эзгу мақсад йўлидан бораверамиз. Ва албатта, Юртбошимизнинг ишончларини оқлаймиз.

Шаҳзод Қўшшаев:

-Тенги йўқ нарсалар ҳаётда жуда кўп. Аммо тинчлик ва осойишталикка ҳеч нарса етмайди. Фаровонлигимизнинг пойдевори мустаҳкам бўлсин. Муҳтарам Президентимиз хотиралари қаршисида қарздор эканмиз, демак, зиммамизда масъулият кўп. Шу азиз ва муқаддас Ватан тақдири йўлида барчамиз фидоийлик кўрсатайлик.  Буюк бобокалономиз Ислом Каримов кўрсатган йўл биз ёшларни мамлакатимизнинг ҳар томонлама ривожланишида ҳисса қўшишга чорлайверади, куч-қувват бағишлайверади.

Бобурбек Раҳимов:

-Буюк ва бетакрор муҳтарам Юртбошимиз, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳамиша биз билан. Хотиралари қалбимизда мангу яшайди. Ҳар кун, ҳар соат, ҳар сонияда бобомиз сиймоларини ёдлаб, ўгитларига амал қилайлик. Барча Ўзбекистон ёшларига менинг фарзандларим, дея ишонч берганлар. Биз буни оқлашимиз, ҳамиша бир тану бир жон бўлиб, тинч ва осуда ҳаётимизга, фаровон турмушимизга асоссиз равишда раҳна солишни истаган, бирлигимиз ва ҳамжиҳатлигимизни кўра олмайдиган қора ниятли кимсаларга нисбатан ҳамиша огоҳ ва сергак бўлайлик. Бугун сабру бардош билан бир-биримизнинг қайғумизга шерик тутинишимиз, буюк йўлбошчимиз такрор ва такрор таъкидлаганларидек, имконни ёвуз ниятлиларга бериб қўймаслигимиз даркор. Жонажон мустақил диёримизни ҳимоя қилмоқни муқаддас бурч, деб билайлик. Биз бирлашиб катта куч эканлигимизни бутун дунёга намоён эта олишимиз керак. Биз бунга қодирмиз.

Саодат Нуриддинова:

-Юртбошимизнинг хотиралари қалбимизда абадул абад яшайди. Биз, юрагида ўти бор ёшлар, бобомизнинг ишончли давомчиларимиз. Буюк ва матонат ила кўрсатган ва танлаган йўлларидан бораверишда давом этиб, Ватанимиз тараққиётига биргаликда ҳисса қўшамиз!

Лайло Ҳайитова,

журналист.