ВАТАННИ РОЗИ ҚИЛИШ БАХТИ

Мендан дунёдаги энг бахтиёр инсон ким, деб сўрашса, ҳеч иккиланмасдан: “Фарзандлари истеъдодли, билимдон ва шу истеъдоду билими, эришаётган ютуқлари орқасидан “раҳмат”ларга эришаётган ота-оналар!”-деб жавоб берган бўлардим. 

Ҳар сафар қайсидир танлову беллашувлардан зафар қучиб, шодлигу фахр туйғулари билан тўлиб-тошиб қайтсам, муваффақиятларимнинг ҳар бирини кўз кўриб, қулоқ эшитмаган  тенгсиз бахт каби қувонч ёши билан кутиб оладиган меҳрибонларимнинг севинчларини айтиб адо этолмайман. Айтиш жоизки, жонажон Ватан ҳам ўз фарзандларининг муваффақиятидан ота-онадан кам қувонмайди. Мен “Камолот”да эришиб келаётган ҳар бир ютуқларимни ота-онамнинг меҳру муҳаббати, фарзандимнинг ширин табассуми, Ватанимнинг тенгсиз иқболи ва ғамхўрлигида кўрдим.

%d0%be%d0%b7%d0%be%d0%b4-%d1%8e%d0%bb%d0%b8%d0%b5%d0%b2

Мактабда ўқиб юрган кезларимданоқ  “Камолот” сафидаман. Турли ғоя ва ташаббусларим ёшлар ташкилоти томонидан доимо қўллаб-қувватлаб келинди.

Давлатимиз томонидан биз, ёшларга берилаётган ҳар бир имконияту шароитлардан унумли фойдаланишни биринчи галдаги вазифам, деб билдим.

Яқинда пойтахтимизда ўтказилган  “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танловининг Республика босқичида мен етакчилик қилаётган Бухоро муҳандислик-технология институтининг фахрли биринчи ўринни қўлга киритганини мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллигига муносиб туҳфа, деб биламан.

Ҳаракатнинг фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида уни ҳаракатга келтирувчи асосий куч – бошланғич ташкилот экан, ғайрату шижоатда пешқадам факультет етакчилари билан ҳамжиҳатликда ҳафта давомида турли ўқув-машғулотлари, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борамиз. Бошланғич ташкилот фаолият самарадорлигига эришиш учун тинимсиз изланишдамиз. 3 факультет, 18 йўналишда таҳсил олаётган жами 5100 нафардан зиёд талаба-ёшлар иштирокида “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз”, “Ёшлар ва қонун”, “Жаҳолатга қарши маърифат билан”, “Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон” каби лойиҳалар ўтказиб келинади. Шунингдек, бошланғич ташкилотимиз “Ватан келажаги сенинг қўлингда!”, “Таълим ва мутахассислик”, “Сен билан бирга – “Камолот” сари”, “Ёшлар ва қонун”, “XXI аср – интеллектуал ёшлар асри” каби қатор лойиҳа ва кўргазмалар, шунингдек, турли мавзулардаги маънавий-маърифий, спорт-соғломлаштиришга йўналтирилган тадбирлар билан ёшларга қанот бўлиб келмоқда.

Шу ўринда айтиш жоизки, биз Ҳаракат фаоллари, нафақат, олийгоҳ талаба-ёшларининг бугуни ва эртаси, балки, институтга бириктирилган 2 та академик лицей ҳамда 30 та касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари орасида ҳам тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқдамиз. Асосий мақсад эса битта: ўқувчи ва талаба ёшларнинг “Камолот”нинг мақсади улуғ, йўли равон, орзуларига қанот эканлигини, кучли билим, чексиз салоҳият, маҳорат ва иқтидорларини намоён этишларига суянчу таянч эканлигини улар онгу шуурига ҳар дақиқада, ҳар сонияда англатиш. Ҳаракат атрофида камол топган, “Камолот”нинг асл моҳиятини чуқур англаган ўғил-қизлар ҳеч қачон бузғунчи ва ёт ғоялар гирдобига тушиб қолишмайди. Ҳеч қандай нопок ғоялар уларни чалғита олмайди. Ватан манзилларини обод ва мустаҳкам этиш учун бор куч-ғайратимизни аямаймиз. Мухтасар қилиб айтганда, бошланғич ташкилотнинг самарали фаолият юритишида айнан  етакчининг роли катта экан, мен ўзимга билдирилган ишонч ва зиммамдаги катта масъулиятни ҳис қилган ҳолда ёшлар ташкилоти фаолият самарадорлигини ошириш йўлида билим ва салоҳиятимни ишга соламан. Ота-онанг розилиги,  Ватан мамнунлигидан ортиқ яна қандай саодат бор? Юртимиз тинч, дуогўй ота-онамиз, ғамхўр давлатимиз бор экан, мен ўз олдимга қўйган мақсаду марраларга, албатта, етаман.

Озод ЮЛИЕВ,

Бухоро муҳандислик-технология институти бошланғич ташкилот етакчиси.