“Бухоро ёшлари” газетаси қошида ташкил этилган “Парвоз” ёш журналистлар маҳорат маркази репортёрлари фестивалга ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар билан суҳбатлашишди.
Бушерит Насер, Жазоир элчиси:
Бу ажойиб фестиваль Ўзбекистон тарихида ўзига хос ўрин тутган қадим Бухорода ўтказилаётганидан биз жуда ҳам мамнунмиз. Халқингизнинг анъаналари, санъати, миллий таомлари ва маданиятининг турли қирралари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлганимиздан бахтиёрмиз. Бу ернинг одамлари жуда очиқкўнгил ва меҳмондўст экан. Фестиваль халқингиз томонидан қадим-қадимдан то ҳозиргача қадар етиб келган маданий қадриятларни асраб-авайлашга бўлган интилишини яна бир карра намоён этди.
Стефан Лесче, Германия, сайёҳ:
Мен турмуш ўртоғим ва фарзандларим билан юртингизга ташриф буюриб, унинг ноёб маданияти билан танишиш имкониятига эга бўлганимдан хурсандман. Мазкур фестивалнинг, айниқса, болаларда катта қизиқиш уйғотганини ҳис қилиб туриш, нақадар, завқли. Ташкилотчилар тадбир ўтказиладиган жойни танлашда адашмабди. Бизни Бухоронинг асрларга ёндош ҳайратли салобати ром этди. Фестивалда ипак матолар ҳамда зиравор маҳсулотларнинг хилма-хиллигини алоҳида таъкидлайман. Шунингдек, маммлакатингизнинг барча вилоятларида мавжуд маданият ва санъат турларидан баҳра олса бўлади.
Ромес Стангу, Руминия:
Қўғирчоқлар миллий маданиятни тарғиб қилувчи ўзига хос тарбия воситасидир. Оилавий ҳунармандлар томонидан ёғоч, керамика, сомон ва қамиш, шунингдек, юмшоқ матолардан ясалган миллий қўғирчоқларни томоша қилар эканман, ҳунарманднинг: “Болага миллийлик нима эканлигини тушунтириш учун унинг қўлига миллий руҳда ясалган ва кийинтирилган қўғирчоқни берсангиз кифоя” деган сўзи мени ҳайратга солди. Қойил!