Бугун ёшлар ҳақида қанча сўзласак кам. Уларнинг билим олиш бўлган иштиёқи, интилиши, ҳаракат ва изланишлари кимни қувонтирмайди, дейсиз?! Сирасиям шу-да: ахир бугунги ёшларнинг билим олишлари, юксак камолот чўққиларини эгаллашлари учун барча шарт-шароитлар етарли.
Болалигидан спортнинг нафис ва нафосат сифатлари мужассам бадиий гимнастика тури билан шуғулланиб келган Гулноза Алиева ҳам ана шундай имкониятлардан оқилона фойдалана олди.
-Кўзлари доим чақнаб турувчи бу қизалоқни отаси Бухоро шаҳридаги 5-сон ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар захиралари спорт мактабига етаклаб келганида эндигина беш ёшда эди. Ҳар бир ҳатти-ҳаракатни астойдил ўрганиб, ўзлаштиришга интилган Гулнозанинг уринишлари зое кетмади. Бадиий гимнастиканинг нозик қирраларини мукаммал ўрганди. Бадиий гимнастика усулларини бажаришда бир-икки хато-камчиликлари тушунтирилса, эртасигаёқ уни тузатишга эриша олган нотиққина қизалоқнинг шижоати унинг бугун катта ютуқ, катта марраларни забт эта олишига туртки бўлди, десам, адашмайман, -дейди тажрибали мураббий Римма Хохлова.
Айни пайтда Бухоро муҳандислик-технология институти қошидаги 1-сон академик лицейи ўқувчиси Гулноза Алиева Юртбошимиз фармонига биноан, жорий йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. У ўз изланишлари, бадиий гимнастика бўйича қўлга киритган ютуқлари билан устозлари ишончини оқлади.
Бир неча бор Ўзбекистон чемпиони бўлган совриндор нуфузли халқаро турнирларда ҳам иштирок этиб, қатор муваффақиятлар соҳибасига айланди.
2012 йилда Москва шаҳрида бўлиб ўтган “Олтин барглар” очиқ чемпионатида зафар қучган бўлса, 2013 йилда Германия бадиий ва спорт гимнастика жамияти томонидан ўтказилган халқаро мусобақада биринчи, Италияда бўлиб ўтган “Совринли ёз – 2015” беллашувларида эса энг юқори поғонага эришди. Франциянинг Шамбери шаҳрида ўтказилган халқаро турнирда ҳам шоҳсупанинг энг фахрли ўрнига эришгани юртимиз спорт шарафини юксалтиришга ҳисса қўшганидан далолатдир.
Айтиш жоизки, Зулфияхоним издоши бўлиш учун иқтидорнинг ўзи камлик қилади. Яъни бунда фақат маълум бир йўналишдаги иқтидор эмас, балки қизларнинг бошқа соҳалардаги иштироки, билим доираси, дунёқарашлари ҳам синовдан ўтказилади.
Спортдаги муваффақиятларидан ташқари, ёшлар ташкилоти томонидан ўтказилган тадбирларда фаол иштирок этиб келган, турли тўгаракларда қатнашиб, тенгдошларига ибрат ва намуна бўлган ёш спорт устасининг чет тилини мукаммал ўрганишдаги интилишлари, фан олимпиадаларидаги фаол иштироки ҳам унинг омад қучишига туртки бўлди.
-Бу юксак мукофот менинг елкамга бундан-да улкан масъулият юклади. Юртимиз шону-шаънини, нафақат, бадиий гимнастика, балки қалбимга яқин бошқа йўналишларда ҳам шарафлашга астойдил киришаман. Билиму ҳунар, рассомчилик борасидаги қизиқишим, адабиётга ошнолигим, айниқса, тарих фанини чуқур эгаллашга бўлган кучли истак бу борада менинг қанотим бўлса, шубҳасиз, -дейди Гулноза.
Дарҳақиқат, орзулари осмон қизнинг интилишлари чексиз, ҳаваслари бисёр. Шу орзу-ҳаваслар Гулнозани янада юксак чўққилар сари чорлайверса, ажабмас.