Спорт соҳасида коррупциянинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимчалар киритилди

Кейинги йилларда мамлакатимизда спортни оммалаштириш, спорт турларини янада ривожлантириш ва спорт инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга ҳозирги вақтда мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларига спортдаги коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган янги нормаларни киритиш зарурияти юзага келмоқда.

2024 йил 4 ноябрдаги ЎРҚ-988-сонли Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олганлиги ёки мулкий манфаатдор бўлганлиги, шунингдек спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларини пора эвазига оғдириб олганлик учун жавобгарликни белгиловчи қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси қуйидаги мазмундаги 2141 ва 2142-моддалар билан тўлдирилди:

«2141-модда. Спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши

Спорт мусобақалари натижаларини ёки уларнинг боришини қасддан ўзгартириш мақсадида спортчининг, тренернинг, спорт ҳакамининг ёхуд спорт мусобақалари бошқа иштирокчиларининг ва ташкилотчиларининг улар бажариши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора эвазига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёхуд бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши, ушбу Кодекснинг 210 ва 214-моддаларида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд бўлмаганда,

базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар: а) такроран; б) кўп миқдорда; в) тамагирлик йўли билан; г) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса,

базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар: а) жуда кўп миқдорда; б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

2142-модда. Спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларини пора эвазига оғдириб олиш

Спорт мусобақалари натижаларини ёки уларнинг боришини қасддан ўзгартириш мақсадида спортчига, тренерга, спорт ҳакамига ёхуд спорт мусобақаларининг бошқа иштирокчилари ва ташкилотчиларига улар бажариши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора эвазига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёхуд бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар бериш ёки уларни мулкий манфаатдор этиш, ушбу Кодекснинг 211 ва 213-моддаларида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд бўлмаганда, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:а) такроран;б) кўп миқдорда;в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:а) жуда кўп миқдорда;б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар моддий қимматликлар берган ёки мулкий манфаатдор этган шахсга нисбатан моддий қимматликлар ёки мулкий манфаат сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка ичида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлса ва жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади».Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.

 

Нодир Шаропов,

Бухоро вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

Дилмурод Қуллиев,

Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди судьяси

Ўзбекнинг илк байроғи қандай бўлган?

Байроқ – давлат, ташкилот ёки турли жамоаларнинг рамзи ҳисобланади. Унда маъно англатувчи ранглар, турли шакллардан фойдаланилади. Маълумотларга кўра, замонавий байроқларнинг пайдо бўлиши 18-19-асрларга бориб тақалади. Асосан мустақиллик, миллийлик рамзи сифатида улуғланиб келинади.

Ўзбек халқида илк байроқ темурийлар даврида шаклланган, десак адашмаган бўламиз. Унга қадар туркий халқлар, жумладан ўзбеклар ўзига хос рамзий белгилар, туғлар ва байроқлардан фойдаланишган. Ўзбек давлатининг байроғи ва ундаги тимсоллар Амир Темур ҳукмронлиги даврида ривож топган. Темур ва унинг авлодлари ўз байроғи ёрдамида қўшинларини руҳлантирган ҳамда давлатнинг кучини намоён этган. Байроқдаги тасвирлар тарихий манбаларда турлича таърифланади. Ҳар бир ранг қудрат, илоҳий қўллаб-қувватлаш ва тинчликни ифодалаган. Байроқ орқали ғалаба, давлат бошқарувидаги юксак мақсадлар кўзлангани намоён этилган.

Йиллар ўтиб Ўрта Осиёда хонликлар пайдо бўлгач, ҳар бир хонлик ўзининг алоҳида байроғига эга бўлган. Бу байроқлар ўзбек халқининг мустақиллиги, давлат ва ҳудудий бирлигини ифодалаган. Мисол учун, Бухоро хонлигининг байроғи кўк ва яшил рангларда бўлиб, унда исломий рамзлар ва араб ёзувлари мавжуд бўлган.

1917 йилда Совет ҳокимияти ўрнатилгач, халқимиз узоқ вақт давомида миллий байроғидан маҳрум бўлди. Ўз тили ва динидан узоқлаштирилди. Қадимий анъаналар ва ўзбек маданиятини йўқ қилишга урунишди. 1925 йилда Ўзбекистон ССР байроғи тасдиқландию аммо, Совет рамзлари билан тўлдирилди.

Бежизга байроқ – мустақиллик рамзи саналмайди, албатта. 1991 йилда Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинггач, давлатимиз яна ўз байроғига эга бўлди. Ўз ғурури ва миллийлигини қайта тиклади. Байроқда қадимий тарих, маданият ва мустақиллик акс этди. Мана 33 йилдирки, тинчликни ва мовий осмонни, поклик ва ёруғ келажакни ифодалаб келмоқда. Ютуқ ва марраларга бошлаб, жаҳонда ҳилмирамоқда.

Байроқ ўтмишимиз ва эртанги кунимизнинг муқаддас тимсоли. Аждодлар иродаси, миллий куч ва ақл-идрокни ўзида сақлайди. Уни асраш нафақат тарихни ҳурмат қилиш балки, она юрт ва халқ олдидаги бурчга содиқлик, демакдир!

Маҳбуба Болтаева,

Бухоро давлат Педагогика институти ўқитувчиси.