Манзилга етиб бориш учун автоуловни бошқараётган ҳар қандай шахс, аввало, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиши, олдинда уни ўз ва ўзгалар ҳаёти, саломатлиги турганини унутмаслиги керак.
Маълумки, ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузган фуқаролар иши судларга оширилади. Йўл ҳаракати қоидаларини турли даражада бузган ва уларга амал қилмаган бундай фуқароларнинг хатти-ҳаракатлари судда кўриб чиқилади.
Яқинда Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида кўриб чиқилган ҳуқуқбузарлик ҳолати бир ҳайдовчининг 15 сутка қамоқ жазосини ўташига етаклади.
Ҳолатга кўра, Бухоро шаҳрилик 30 ёшли фуқаро М.Б. ўзига тегишли бўлган “Матиз” русумли автомашинани йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаган ҳолда ҳаракатлантирган. Автомашина ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан тўхтатилган. Алкотестор мосламасидан ўтказилганида, М.Б.нинг спиртли ичимлик истеъмол қилгани аниқланган. Аввалига “мен ичмаганман, алкотестор мосламаси нотўғри чиқаряпти” дея чиранган ҳайдовчи кейин айбига иқрор бўлди ва қилмишини тан олди.
М.Б. Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 131-моддаси, 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган, деб топилди. Унга нисбатан шу модда билан 15 сутка маъмурий қамоқ олиш жазоси тайинланди. Ундан ташқари, Бухоро вилоят ИИБ ЖХХ ва ЖТСБ махсус қабулхонаси фойдасига 843 750 сўм қамоқ харажатлари ҳам ундирилди.
Манзилга отланаётган ҳар бир ҳайдовчи унинг қаршисида ўзи ва ўзгалар тақдири ётганини ҳеч қачон унутмаслиги керак.
Малик Бобоев, Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди судьяси.