Мен ўз ҳаётимни ўзимдан ёш ёки тенгдош бўлган йигитларга сабоқ бўлсин, деб ҳикоя қилиб беришни истадим. Отам раҳматли умрбўйи устачилик қилиб яшаган. Шу касб ортидан даромад топиб, акам, мен ва синглимни ҳалолликда улғайтирди. Акам 15, мен эса 13 ёшга тўлишимиз билан дарсдан сўнг отамнинг ёнида ишлай бошладик. Ишлашга жуда ёшлик қилардик. Бироқ, оиламиз катта, бобом ва бувим билан бирга яшардик. Бунинг устига маҳсулотни сотиб олишга қурбимиз етмаганидан ҳовлимизда қурилиш ишлари битмаган эди. Ёмғир мавсуми бошланди дегунча, томдан чакки ўтарди. Бувим қанд касалини даволатиб туриш учун ҳар ой шифокор назаротига қатнарди. Мен эса шуларни ўйлаб, қаттиқ иштиёқ билан ишлашни канда қилмасдим. Ноиложликдан тез-тез дарслардан қочиб келган пайтларим ҳам бўлган. Отамга эса “Дарсимиз тугади”, деб қўя қолардим. Бир куни отам ёлғонларимдан хабар топди. Ўша куни уйда катта жанжал бўлди. Отам ҳам онамни, ҳам мени қаттиқ койиди. “Менга сени ишлаганингдан эмас, ўқиганингдан фойда, аҳмоқ бола!”, дерди у ҳар гапида, – сени кўзинг пулни, тилинг ёлғонни хушлаб қолибди,- деб баттар асабийлашди. Мени урмоқчи бўлиб, ёнимга келаётган эди деразадан сакраб қочдим. Онам “Тўхта!”, деганча ортимда қолди. Мен ўсмирликдаги алам билан шу қадар узоқ ва тез югурибманки, ҳатто, танам оёқларимни сезмай қолди. Хаёлимда уйдаги ҳолат айланарди, кўзим эса кўриб туриб ҳеч нарсани англамаётганди. Бирдан оёғим қаттиқ нарсага депсинди, ўзим анча узоққа отилиб тушдим. Ҳушимни йиғиб, атрофга қарасам, уйимиздан бир қишлоқ наридаги ариқ бўйига келиб қолибман. Қуёш ҳам ботай, деб қолган. Зум ўтмай, оёғим зирқирраб оғрий бошлади. Шукурки, айнан ўша пайтда отамнинг дўсти Мирсодиқ ака ишдан қайтаётган экан. Мени кўриб, шифохонага олиб борди.
Пул топишга берилиб кетганим, уялмай отамнинг кўзига қараб ёлғон гапирганим жуда қимматга тушди. Югураётиб, машиналар ўтмаслиги учун тўсиб қўйилган бетон тошга урилган эканман. Тиззам косасидан чиқиб кетибди. Жарроҳликдан сўнг оқсаб юрадиган бўлдим. Бу жароҳат ёлғонимнинг бир умрлик “мероси”га айланди. Орадан йиллар ўтиб, мактабни ҳам битирдим, аммо, ўқишга киролмадим. Отам билан кўп қаватли уйлар, турли корхона ва заводлар қурилишида ишладик.Уйландим ва уч фарзанднинг отаси бўлдим. Мен қишлоқда энг моҳир уста сифатида танилдим. Мижозларим ҳам, буюртмаларим ҳам кўп эди. Афсуски, даромадим яхши бўлса ҳам ундан қониқмадим. Мен уйида ишлаган мижозларимдан бири “Сизнинг меҳнатингиз қадрланадиган жой Масковда”, деб қолди. Қўз олдимдан Франклиннинг сурати туширилган сон-саноқсиз пуллар ўта бошлади. Бунақа пулларни фақат савдогар қўшнимнинг уйида кўргандим. Шу-шу мижозимнинг йўл-йўриғи билан “Масков”га – у айтган манзилга бордим. Йўлда ҳали йўқ маблағга машина олдим, уйимни икки қаватли қилиб таъмирлатдим. Мен қишлоқда ақлли ва чаққон қурилиш устаси эдим аммо, мен бораётган жой энг олди ташвишли йилларим бўлишини ҳаёлимга ҳам келтирмагандим. Хуллас, навқирон 26 ёшимда Россиянинг Самара шаҳрига ишлагани келдим. Биринчи кунданоқ, қурилиш майдонидаги оғир меҳнат мени ҳайратлантирди. Эски турли асбоб-ускуналар билан ишлаш қийин эди. Айниқса, ҳаво ўта совуқ бўлган кунлар янаям қийналганман. Ишлашдан бош тортсак, ҳақингни бермайман деб, қўрқитарди. 2-3 ойда бир маош беришига бора-бора кўникдим. Совуқда қалин қўлқоп остида ҳам бармоқларим ҳеч нимани сезмай қоларди. Кечалари қўл-оёғимнинг оғриғидан ухлолмай чиқардим. Ишнинг чарчоғию ухламаган тунларим сабаб ҳолсизланиб, ҳушдан кетиб қоладиган бўлдим. Ўзбекистонга қайтишни жуда истардиму аммо, қайтишга пулим қолмаганди. Ҳам соғлигимдан, ҳам яқинларим ва Ватаним дийдоридан узоқ яшаганимда бошим деворга урилганини англадим: отамнинг койигани бекорга эмаслигини, оқсоқланиб қолганим менга дарс бўлмаганига ичим куйди. Шундай кунларнинг бирида зах ўтиб кетган ўрнимдан саҳар уйғондим-да, у ердан қочиб кетдим. Ҳали кун ёришмаган, ой ғира-шира нур таратиб турарди. Йўлимда ўзбеклар учраб қолса, ёрдам сўрайман. Ўзимизникилар бўлса, мусофирчиликда ёрдам беради. Қурилиш ишларини “беш қўлдай”дай биламан, ахир…
Шу хаёллар билан қаерга кетаётганимни билмай юравердим. Йўлда 3 нафар гавдали рус йигитлари ортимдан кузатиб келишаётганини сезиб қолдим. Оёғим сабаб тез югура олмайман, катта йўлда яшириниш учун жой йўқ. Тақдирга тан бердиму ортимга ўгирилдим. Сезганимдек бўлди. Ўгирилишим билан юришдан тўхташди. Бўйи баландроғи тиғ бўлиб келиб пул сўради. Учаласига бас келолмаслигимни билиб, чўнтагимдан 6 ойдан буён йиғиб юрган пулимни чиқардим. Барибир ҳам муштлашдик. Иккитаси икки қўлимни қайириб турди, учинчиси эса тўғри келган еримга урди, тепди…
Хуллас, агар ўшанда полиция ходимлари келиб қолмаганда, омон қолмас эдим… Мени Ўзбекистонга депорт қилиб юборишди. Мен Ватанимга қайтдим. Бу ердан кучли, ўзига ишонган ҳолда кетган эдим. Ватанимда топган даромадимга кўзим тўймай, ношукурлик қилганим мени йиқитди. Мен оёғимда жароҳатим бўлса-да, танаси кучли, қўллари бақувват йигит эдим. Қошу сочларим қоп-қора, тишларим бир текис эди. Ўша мени қадримни ер қилган Масков 10 йиллик умримни, ёшлигимни олиб кетди. Пул ортидан югуриб, на машинали ва на икки қаватли уй қура олдим.
Орадан 10 йил ўтгач, уйга қайтар эканман, фарзандларимнинг улғайганини кўриб, кўз-ёшимни тўхтата олмадим. Кенжа фарзандим мен кетаётганда, 2 ёшар эди. Энди эса бўйимиз тенглашиб қолибди. Оиламнинг, фарзандларимнинг қанчадан-қанча ширин дамларини Россиянинг совуқ меҳнатига алишдим. Афсус, умрни қайтариб бўлмайди.
Сизни алдаган, танбеҳларингизни қулоққа “илмаган” қулоқсиз, қурилишнинг энг ақлли ва чаққон устасини кечиринг, ота….
Пешкў туманилик фуқаронинг сўзларини
Зулфизар Мавлонова оққа кўчирди.