Давлат активларини бошқариш агентлигининг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан журналистлар ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда кўрилган асосий масалалар юзасидан Давлат активларини бошқариш агентлигининг Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Жамшид Ахмедов сўзга чиқди:
– Маълумотларга кўра пандемияга қарамай жорий йил 9 ой давомида Республика бўйича жами 611 та давлат активи 904,4 млрд.сўмга, 6,3 трлн.сўм инвестиция киритиш ва 11 519 та янги иш ўрни яратиш шарти билан инвесторларга сотилган. Шундан вилоят бўйича 41 та давлат активи 14,3 млрд.сўмга 52,8 млрд.сўм ва 6,8 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ва 883 та янги иш ўрни яратиш шарти билан инвесторларга сотилган.
Матбуот анжумани давомида “Бухоро шифокори“, “Ромитаннома“, “Когон ҳаёти“, “Ғиждувон“ газета таҳририятлари хусусийлаштирилиши белгиланган давлат (улушлари) активлари рўйхатига киритилганлиги ва уларнинг келгусидаги фаолиятлари борасида кўплаб баҳс-мунозарали масалалар ўртага ташланди.
“Бухоро Шифокори“ газетаси мухбири Саидбурҳон Қодиров газета ва журналистларнинг келгусидаги аҳволи нима кечиши, давлат учун маънавиятдан кўра даромат устунми, деган масалани ўртага ташлади. Унга жавобан бу масала бўйича ҳолат ўрганилиб, тегишли қарор қабулиниши айтилди. Шу билан бирга берилган саволларнинг кўпчилида “Обуна 2021“ ва ҳокимият томонидан бу борада деярли ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаётганлиги ҳам таъкидланди. Газеталар фаолияти учун етарли бино мавжуд эмаслиги ва уларнинг ўзи ижарадаги бинолардан фойдаланиб ишлаётганликларини айтилди. Қолаверса, март ойидан бери маоши тўланмаган ходимлар борлиги, устига-устак Давлат солиқларини вақтида тўлашга маблағ йўқлиги билдирилди.
Шунингдек, матбуот анжуманида бозорлар, савдо шахобчалари, биноларнинг хусусийлаштирилишга берилиш тартиби иштирокчиларга тушунтирилди. Анжуманда берилган саволларга масуллар етарлича жавоб беришди. Ўйлаймизки, ўртага ташланган масала ва муаммолар яқин кунларда ўз ечимини топади.