ҚАЛБ — МИСОЛИ ОЗОН ҚАТЛАМИ…

“Шеърият – бу менинг майдоним, ерим,
Шеър эса кўнглимнинг ёруғ парчаси…”

Насрулло ЭРГАШ1988 йилда Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани Дашнобод қишлоғида туғилган.

Ўзбекистон Миллий университетининг Ўзбек филологияси факультети (ҳозирги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети)ни тугатган. “Иккимиздан қолсин аланга” (2018) китоби нашр этилган. Олий адабиёт курси магистри. Айни пайтда “Тафаккур” журналида фаолият юритмоқда.

 #ozon_hayot_uchun

ОЗОН ҚАТЛАМИ

Само бағридаги булутлар каби,
Хотиралар ётган тахланиб.
Қалбга ўхшатилар муқаддас Каъба,
Қалб яна мисоли озон қатлами.

Биз инсон юзига тортганда тарсак
Унинг юзи оғрир, қаттиқлашади.
Гар унинг қалбини жароҳатласак,
Озон қатлами ҳам катталашади.

Кўкда сузиб юрмас ёлғиз ой фақат,
Фақат жилва қилмас юлдузлар рақси.
Осмон кўксидаги улкан жароҳат
Инсон қалбининг ҳам акси.

Улкан ракеталар озон бағридан
Илк бора самога очгандир эшик.
Инсон қалби эса сўзнинг зарбидан
Мудом илма тешик.

Хуллас, қалбни зинҳор қилмайлик эрмак,
Фалакка етмасин унинг ҳасрати.
Инсон қалби озон қатлами демак,
Озон қатламини асрайлик!

    Ватан, дардларинг ҳақида ёзсам,

           Дардларинг камайса қанийди…

           ЁРУҒЛАНИШ

Тангрим, билиб гуноҳ қилдим,

Гуноҳимдан фориғ қилгин!

Ёлғон йиғлаб, ёлғон кулдим,

Рост сўзимни ёруғ қилгин!

Тангрим, бунча кечам қаро,

Кундузимни ёруғ қилгин!

Ўзим қаро, юзим қаро,

Сен юзимни ёруғ қилгин!

Тангрим, нафснинг қули бўлдим,

Оч кўзимни(!) ёруғ қилгин!

Мен отамнинг ўғли бўлдим,

Сен қизимни ёруғ қилгин!

Тангрим, ўтдим ўттизимдан,

Юлдузимни ёруғ қилгин!

Кўришганда қирқим билан

Ўттизимни ёруғ қилгин!

Фасли баҳорим, алвидо,

Ёз-кузимни ёруғ қилгин!

Сўнгги сўзим учун, Худо,

Сўнгсўзимни ёруғ қилгин!

Тангрим, кечир, туғилмасам,

Мен гуноҳдан фориғ эдим.

Тангрим, кечир, бу дунёдан

Онам қорни ёруғ эди…

Умр асли недир, Тангрим?

Умр ҳам бир фориғланиш.

Кундан кунга, ойдан ойга,

Йилдан йилга ёруғланиш.

Бу дунёда нур қидириб,

Нур қолдириб тирикликка.

Биз ҳам аста айланамиз

Бир кун митти ёруғликка.

Дема, шоир: бизлар кетсак,

Ғамимизга ким ҳам йиғлар?

Қоронғуда милт-милт ёниб

Ёр қўлида бир шам йиғлар.

Бизлар кетсак, ким қувонар,

Ким кўзда ташвиш кўраман.

Бир аёл тилида дуо,

Бирида қарғиш кўраман.

Тангрим, ўша кимсаларнинг

Ташвишини ёруғ қилгин!

Қарғаб турган бўлса аёл,

Қарғишини ёруғ қилгин!

Бу дунёга келар шоир,

Кечмишини юруғ қилгин!

Бир кун ташлаб кетар шоир,

Ўтмишини ёруғ қилгин!

Тангрим, кечир, на келмоқни,

На кетмоқни хуш кўраман!

Тангрим, кечир, тушларимда

Бир аёлни туш кўраман!

Тангрим, унинг ёзу кузи,

Қишларини ёруғ қилгин!

Мендан кейин шу аёлнинг

Тушларини ёруғ қилгин!

Тангрим, атрофим зим-зиё,

Дил остини ёруғ қилгин!

Эрта бир кун кетар бўлсам,

Ер остини ёруғ қилгин!..

*  *  *

Дунё менга эл бўлмади,

Дардлари бошимда қолди.

Ўн етти ёшга тўлмадим,

Ўн олти ёшимда қолдим.

На онам бағридан кетдим,

На отам бағрида қолдим.

На Тошкент шаҳридан кетдим,

На Тошкент шаҳрида қолдим.

Дунё менга эл бўлмади,

Дардлари ортимда қолди.

На дунё менга тўлмади,

На онам қорнида қолдим.

На гулзор чаманга кетдим,

На қумли тошлоқда қолдим.

На азиз қишлоқдан кетдим,

На азиз қишлоқда қолдим.

Дунё менга эл бўлмади,

На тўю мотамда қолдим.

Барибир шоир бўлмадим,

Барибир одамда қолдим.

Дунё, сендан нима қолар?

На руҳ қолар, на тан қолар.

Насрулло ватандан кетса,

Барибир ватанда қолар.

На бир тўн, чопонни ёпдим,

На дўппи, кулоҳда қолдим.

Барибир шайтонни тепдим,

Барибир Оллоҳда қолдим.

         ВАТАН ДАРДИ

Ватан, дардларинг ҳақида ёзсам,

Мендан хафа бўлма, ватан.

Гарчи, сени мақтаганлардан кўпроқ севаман.

Ватан, дардларинг ҳақида ёзсам,

Мендан ранжима, ватан.

Гарчи, Худо олдида тургандек

Хижолатман сенинг олдингда.

Аммо сени мақтаганлар

Сени кўпроқ сотар,

Аммо хижолат бўлишмас

заррача.

Ватан,

Ватаннинг катта-кичиги бўлмас,

Одамнинг катта-кичиги бўлар,

Дарднинг катта-кичиги бўлар.

Аммо…

Сени мақтаганларнинг

Муҳаббати катта экан деб ўйлама,

Дарди катта экан деб ўйлама.

Уларнинг

дарди қориндир фақат,

Қоринлари эса

Сендан анча каттадир, ватан.

Ватан, қўрқаманки,

Оч наҳанглар

Оқ китни еб битирган каби

Сени ҳам еб битирмаса деб қўрқаман, ватан.

Фақат руҳинг қолмаса деб қўрқаман,

Фақат номинг қолмаса деб қўрқаман, ватан.

Ватан,

Гарчи менинг ҳам

Дардим катта дейишга тилим бормас,

Юрагим катта дейишга тилим бормас,

Армоним катта дейишга тилим бормас.

Улар барчаси

Сенинг дардинг олдида

Жуда майдадир, ватан.

Ватан, сен дардларини ичга ютган онасан,

Дардга бошқоронғи бўлган онасан,

Шунинг учун ҳам

Сен туққан болалар шоирдир,

Сотқин болаларни туғмагансан сен.

Ватан, дардларинг ҳақида ёзсам,

Дардларинг камайса қанийди,

Бир умр ёзиб ўтардим сенинг дардингни.

Ватан,

Юрагим қони теккан байроқсан,

Дарддан улуғроқсан,

Дарддан буюкроқсан!

МЕНИ ТАШЛАБ КЕТМИА, КЎЗГУДАГИ ОДАМ!

Мени ташлаб кетма, кўзгудаги одам!

Гарчи, йиллар солмиш юзингга чўнг из,

Гарчи, ёшлик бизни тарк этар мудом,

Рухсат сўрамасдан ўтар умримиз.

Гарчи, бир довондан саломат ўтдик,

Қолгани ҳам ўтар, билмай қоламиз.

Ким учун дунёни тарк этиб кетдик,

Кимлар учун эса ҳамон боламиз.

Мени ташлаб кетма, кўзгудаги одам!

Бир замон ортингга боққин қайрилиб.

Қанча дўстлар бизни тарк этиб кетди,

Ўттиз бир ёшимда шунча айрилиқ.

Қўйгил, муҳаббатни гапирма, жўра,

Кимларнинг ёдидан ўчди исмимиз.

Гарчи, атрофимиз одамга тўла,

Ҳайҳотдек дунёда қолдик иккимиз.

На илож, бу дунё айланар мудом,

Ҳаёт чархпалакка ўхшаб кетади.

Бугун сендан вафо тилаган одам

Эртага сени ҳам ташлаб кетади.

Мени ташлаб кетма, кўзгудаги одам!..

ЁМҒИР СЕН ВА МЕНИНГ ЕЛКАМГА ЁҒАР…

Эҳтимол, айрилиқ фурсати етиб…
Ёмғир кўзёш тўкар ва кимга ёғар?
Ёмғирлар энг аввал сенинг ўн етти,
Менинг ўттиз бир ёш умримга ёғар.

Ва нима опкелар булут кафтида,
Ва телба шамоллар не учун чопар?
Не учун тумонат одам ичидан
Улар бизни излар, бизларни топар?

Ёмғирлар ёғилар Орол баҳрида,
Кемага ёғилар, елканга ёғар.
Одамларга тўла Тошкент шаҳрида
Ёмғир сен ва менинг елкамга ёғар.

Ёмғирли умримнинг қуёши, ойи,
Баҳори чиройли ва ёзи гўзал.
Тангрим, кўзёшларинг бунча чиройли,
Тангрим, бунча сенинг овозинг гўзал.

БОШ ҲАРФЛАР ИМЛОСИ

Ёмон баҳо қўйди ўқувчисига

Сталин ва Гитлер сўзларидаги

Илк ҳарфларни кичик ёзгани учун.

 Исроил Субҳоний

Тепангизда тиш қайраб турар –

Ўқитувчи қиёфасидаги

Бош ҳарфлар имлоси.

Тупуринг, барига тупуринг,

Сиздан

Олиб қўйгани учун

Буюк хато қилиш имконин.

Ҳеч қачон катта ёзманг,

Доим кичик ҳарфда ёзинг –

Жаллодлар исмини ёзганда,

Урушлар номини ёзганда…

Майли, сизни саводсиз деб атасин –

Ана шу жаллодларни туғиб, тарбия қилган,

Ана шу урушларни ташкил қилган

Саводли дунё.

Ҳатто ватан сўзин ҳам

Кичик ҳарфда ёзинг,

Аммо катта бўлсин

Жажжи юрагингиздаги

Ватанга муҳаббат.

Буни сизга буюрар –

Виждон дея аталиб,

Ҳеч қачон ўзгармайдиган

Бош ҳарфлар имлоси.

ОНАМНИНГ ҚОРНИДА

 ТУШ КЎРАЁТИБ ЭШИТГАН

                  ШЕЪРИМ

Ҳали тўқнаш келмай ёлғон, риёга,

Қайғу не, қувонч не, билмаган эдим.

Машраб эмасдим-у, аммо дунёга

Ҳали келмай туриб йиғлаган эдим.

Тушимга кирганди чунки дунёнинг

Ҳали мен кўрмаган кўп ғавғолари.

Арслон, чиябўри, тулки дунёнинг

Ёлғону хиёнат, шум савдолари.

“Она, она, – дедим бир куни унга, –

Майли кўп йиғладим, кулдирма мени.

Агар мен кўрмаган дунё шу бўлса,

Яхшиси, дунёга келтирма мени”.

Онам сўзларимга қулоқ солмади,

Сўзимни қулоққа олмади менинг.

Тўққиз кун дунёга келтирмоқ учун

Тўққиз ой кўтариб толмади мени.

Дунёга келтириб не кўрдинг, она,

Кўрганинг соғинчу дард, фироқ бўлди.

Тўққиз ой қорнингда кўтарган юкдан

Елкамдаги гуноҳ оғирроқ бўлди.

                  КЕЧИКИШ

Кечиккан умримга жиндай кечикиб

Минг раҳмат барибир келганинг учун.

Мен эса сўрайман сендан кечирим –

Дунёга эртароқ келганим учун.

Аслида сен эмас, кечиккан менман,

Кечир, тушларимда кутардим сени.

Агар сен кечикмай, мен эрта келсам,

Эҳтимол, танимай ўтардим сени.

Яхшиям, кечикиб келдинг, сен агар

Келсанг не бўларди ғўрлик вақтимда,

Қизларнинг қалбига аямай ханжар

Санчаётган пайтим, кўрлик вақтимда.

Сен келдинг, юлдузлар бахтимдан дарак,

Самода тўлиной сузилган вақти.

Сен келдинг, жимгина ичиккан юрак

Кўксимда мевадек узилган вақти.

Кечикмай кечикиб келдинг, хайрият,

Бироз хаялладинг, жоним, минг шукр.

Бизни учраштирган тақдирга раҳмат,

Кечикканинг учун сенга ташаккур.

ЙЎҚЛОВ

Дўстим, борманми мен ҳам

Дўстларинг орасида?

Нечун йўқдир бир одам

Дўстларим орасида?

Кўриб ётган каби туш,

Бошимдан учди-ку ҳуш,

Юрагимнинг ярми бўш

Дўстларим орасида.

Бу қандай кундир, Эгам,

Ўлмаган дўстга мотам?

Юрганмиди олдин ҳам

Дўстларим орасида?

Бунча йиғладинг, кўзим,

Йўқолган қайси дўстим?

Наҳот йўқ бўлсам ўзим

Дўстларим орасида?!

ҲАЁТ

Ҳаёт умримизга ўтар ёш қўшиб,

Ўтар-у, кимдандир бизни айирар.

Бир кун бошимизга қорлар ёғишиб,

Ям-яшил баҳордан кузни айирар.

Не учун ҳисобда адашмас ҳаёт,

Ҳаёт шу, ёлғондан ростни айирар.

Бир кун қасам ичган дўстлар умрбод,

Аямай қатордан дўстни айирар.

Жимгина айрилиб кетар одамлар,

Улфатлар қадаҳдан қўлни айирар.

Тўйингга йиғилиб келган одамлар

Бир кун остонангдан йўлни айирар.

Қўшилган не бўлса айирар ҳаёт,

Ажинлар чиройдан юзни айирар.

Фарзандлар онага бахт берар аммо,

Фарзандлар онадан қизни айирар.

Ҳаёт умримизга ўтар ёш қўшиб,

Фақат ўтган йилни айирар йилдан.

Бизни аста-аста тарк этар ёшлик,

Ўғиллар отага айланар бирдан.

Мен ҳам бу ҳаётда йўл юрдим бир оз,

Гоҳ уни жуфт кўрдим, гоҳида айри.

Кўрганим шарҳ этай Сендан илтимос:

Қаламни қоғоздан айирма, Тангрим!

Ҳаёт шу, инсонга не берса такрор,

Бошдан ҳаммасини олгайдир қайтиб.

Барибир ҳаётдан бир кун кетар чоғ

Миннатдорман деган одамлар бахтли.

Насрулло ЭРГАШ

2020