Бухоро ҳокимлиги коронавирус инфекциясининг кириб келиши олдини олиш штаби қошида ташкил этилган кўмак қанотлар муаммоларга ечимми?

Бугун коронавирус пандемияси дунё давлатларини, бутун инсониятни жиддий синовдан ўтказмоқда. Дунё аҳлини ўйга толдираётган бу ташвиш бизнинг мамлакатни ҳам четлаб ўтмади. Жорий йилнинг 16 мартидан бошлаб, Ўзбекистон ҳам “карантин” тизимига ўтди: қоидалар қатъийлашди, чекловлар кучайди.

Бухоро ҳокимлигида коронавирус инфекциясининг кириб келиши олдини олиш бўйича махсус штаб тузилиб, турли соҳа вакилларидан иборат мутахассислар жалб этилди. Мазкур ишчи гуруҳ томонидан ҳудудларда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги,  уларнинг озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларга эҳтиёжмандлиги, шунингдек, пандемия ва карантин даври жараёнлари билан боғлиқ барча жараёнлар устидан таҳлилий ишлар олиб борилди.

Бироқ, халқимизни ушбу инфекциядан ҳимоя қилиш ва касалланганларни асоратларсиз, тезроқ соғайтириш учун куч ва имкониятларни ишга солишда, кўпминг сонли аҳоли орасида тиббий маслаҳатлар олиб бориш, ҳар бир ҳолатни мукаммал кузатиб, таҳлил қилишда биргина вилоят ҳокимлиги махсус штаб фаолиятининг стратегиясини ўзгартириш вакти келди.

Беморлар сони кўпайиб, ҳудудда ўлим ҳолатлари ҳам сезиларли даражада кўтарила бошлади.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари, тиббий ходимлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакиллари аҳоли орасига кириб, унинг саломатлиги учун жонбозлик кўрсатди. Шунча сайъ-ҳаракатларга қарамай, карантин қоидаларига амал қилмаслик касалланганлар сонининг ортиши ва чекловларнинг яна кучайишига олиб келди. Аҳоли қаторида турли идора ва ташкилотлар, тиббиёт муассасалари, ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳам COVID-19 хасталигига чалина бошлади. Касалликка чалинганлар ва гумон қилинаётган сони ҳаддан ошди.

Шундай синовли даврда Бухоро ҳокимлигида коронавирус инфекциясининг кириб келиши олдини олиш бўйича махсус штаб қошида  қўшимча тиббий маслахат бериш гурухи ташкил этиш зарурати туғилди.

Шу нуқтайи назардан, тиббиёт ва санитария-эпидемиология марказлари вакиллари COVID-19 тарқалишининг олдини олиш, аҳоли саломатлиги ва санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашда жонбозлик кўрсатишга киришишди.

Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат Тиббиёт институти томонидан Тиббий маслаҳат ишчи гуруҳи тузилди: гуруҳ узлуксиз ва беминнат хизмат кўрсатади.

 Мазкур ишчи гуруҳнинг асосий мақсади фуқароларимизга касалликлар ва уларнинг олдини олиш бўйича зарурий тиббий маслаҳатлар бериш, хусусан, уларга тез тиббий ёрдам ва  касалликларни эрта диагностика қилиш ҳамда самарали даво чораларини кўришдан иборат.

Аҳамиятлиси, тиббий маслаҳат ишчи гуруҳи таркиби эпидемиолог, инфекцонист, вироусолог, пульманолог, оториноларинголог, терапевт, кардиолог, эндокринолог, геронтолог, гематолог каби 20 дан ортиқ олий малакали шифокорлар, етакчи профессор-ўқитувчиларидан иборат.

Ҳар бир фуқаро ўзида ёки яқинида йўтал ёки иситмалаш, шунингдек, соғлиги билан боғлиқ қандайдир ўзгариш ҳолатларини сезса, тақдим этилган (65.223-40-45) телефон рақамига қўнғироқ қилиб, мурожаат этиш имконига эга бўлди.

Маълумки, жорий йилнинг 10 июлидан пандемия вазияти яна издан чиқиб,  жамоат жойлари, корхона-ташкилотлар, маҳаллалар, жамоат транспортлари, умумий овқатланиш шахобчалари, савдо мажмуаларида карантин қоидалари  кучайтирилиб, чекловлар қатьийлаштирилди. Бунга сабаблар етарлича, албатта. Вазият барчамизни янада сергакликка чорлади.

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича вилояти штаби қошидаги  Тиббий маслаҳат ишчи гуруҳидан ташқари, Аналитик марказ ҳам ўз фаолиятини йўлга қўйди.

Бунда Бухорода коронавирус ва унинг оқибатлари билан содир бўлаётган ҳар кунги ҳолат, миқдор бўйича маълумотлар базаси йиғилиб, таҳлил қилинади. Ҳудудларда мавжуд оғриқли, муаммоли вазиятлар ўрганилади. Аналитик марказда 18 та йўналишдан иборат ишчи-гуруҳ шакллантирилган. Лаборатория ва таҳлиллар назорати гуруҳи, Госпитализация қилинган COVID-19 билан касалланган беморларни назорат қилиш гуруҳи, Уй шароитида даволанаётган COVID-19 аломатсиз шакли ва енгил формаси билан касалланган беморлар назорат гуруҳи, Уй шароитида карантинда бўлганлар назорат гуруҳи, Бирламчи мусбатларни назорат қилиш гуруҳи, Автотранспорт ҳаракатини чеклаш санитар-карантин постлар бўйича назорат гуруҳи, Аҳоли ўртасида карантин қоидаларига риоя қилиниши назорат гуруҳи, Жамоат ташкилотларни, умумий оввқатланиш жойларни, савдо ва бюозорлар бўйича назорат гуруҳи, Шаҳар ва туман маҳаллалари бўйича гуруҳ, Ташкилот ходимларига дистацион шаклда ишларни олиб бориш бўйича назорат гуруҳи, Жамоат транпортини назорат қилиш гуруҳи, Дезинфекция тадбирларини назорат қилиш гуруҳи, Вилоят ва шаҳар миқёсида мобиль гуруҳларни ташкил қилиш гуруҳи, Молия масалалари бўйича гуруҳ, Қабул-2020, абитуриентлар ва ўқув курслар бўйича гуруҳ, Хориждан келган фуқароларни жойлаштириш бўйича гуруҳ, Телевидение ва ОАВ гуруҳи, Ташкилий ишлар бўйича гуруҳдан иборат.

–  Тан олишимиз керакки, кейинги пайтларда карантин қоидаларининг кучайтирилгани туфайли аҳоли ҳамда  тиббиёт муассасалари ўртасидаги боғланиш қийинлашиб қолди. Аналитик марказ ишчи-гуруҳи томонидан телефон орқали аҳоли томонидан тушган мурожаатлар ўрганилиб, кўмак кўрсатиляпти. Тўғриси, мурожаатчилар орасида оддий шамоллаш ёки организмда кечиши мумкин бўлган бошқа оғриқлар таъсирида ҳам “Мен коронавирусга чалиндим, касалхонага ётқизинг!” деган ваҳима ҳамда руҳий зўриқишларга берилаётганлар жуда кўп. Уларга қўлдан келганча, психологлар томонидан кўмак кўрсатиляпти,-дейди Коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича вилояти штаби қошидаги  аналитик марказ раҳбари Нилуфар Аҳмедова.

Унга кўра, беморларнинг сон жиҳатдан ошаётгани, ташхис учун талаблар кучаётгани лаборатория марказларидаги мавжуд аппаратлар қувватининг етишмаслиги, яъни зўриқишига (нагрузка) сабаб бўлмоқда.

Хозир, аҳоли ўртасида касаллик ташхисини ўз вақтида ололмаганлик бўйича норозиликлар кўпайган,-дейди Нилуфар Аҳмедова,- беморлар сонининг ортаётгани, улардан ташхис олиш ва натижаларини чиқаришда қийинчиликлар юзага келаётганини инобатга олиб, поликлиникалар олдида мослаштирилган тиббиёт машиналари хизматини йўлга қўйиш таклифини бердик. Ўша жойнинг ўзида бемор кўрикдан ўтказилади ва ташхис натижасига қараб, даво чоралари белгиланади.

Айтиш жоизки, карантинга олинган ва симптом аломати аниқланмаган фуқаролар бугунги кунда уйда ётиб даволанаяпти. Беморнинг аҳволи енгил кўринишда қайд этилган бўлса ҳам потранажлар хизмати йўлга қўйилиши керак. Бироқ, мурожаатларга кўра, потранаж хизматининг қониқарли йўлга қўйилмагани, уларнинг ўзини ҳимояловчи махсус кийим-бошлар  билан таъминланмагани муаммоларнинг кейинги кўринишларидан бири бўлиб қолмоқда.

ССВ давлат хусусий шериклик тиббиё туризмни ривожлантириш бош бошқармаси вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Улуғбек Қораевга кўра, COVID-19га чалинганлар ҳамда касалликнинг аломатсиз шакли ва енгил формаси билан касалланганлар сонининг кўпаяётганига карамай, потранаж хизмати жонбозлик курсатмокда. 1 нафар потранажнинг бир кунда 8 та хонадонга хизмат кўрсатиши мўлжалланган булсада, айни жараёнларда бир шифокорнинг 13 та хонадондан 20 тагача хонадонга хизмат кўрсатишига тўғри келмоқда.

Маълумотга кўра, айни пайтда вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят кардиология диспансери, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, Когон шаҳар туғруқ комплекси ҳамда Когон шаҳар тиббиёт бирлашмаси беморларга хизмат кўрсатишга мослаштирилган.

Лайло Ҳайитова