Бугунги кунда дунё аҳли ғоят таҳликали жараёнларни ўз бошидан ўтказмоқда. Машъум короновирус пандемияси жаҳон халқлари, шу билан бирга, мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча инсонларни ташвишга солмоқда.
Айтиш мумкинки, бу ҳаётий синов мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларини янада жипслашиб, ҳаракат қилишга, эзгу амалларни кўпроқ қилишга ундамоқда.
Дунё мамлакатлари тажрибасида карантин, тиббий йўл-йўриқларга қатъий риоя этиш, шахсий гигиенани сақлаш касалликни енгишда синалган оптимал ва самарали усулдир.
Бинобарин, бу шароитда иқтисодиёт соҳалари тўхтаб қолмаслиги учун деярли барча имкониятлар ишга солинмоқда. Хусусан, фан-техника юксак даражада ривожланган ҳозирги даврда таълим жараёнининг давом этишини таъминлашда жаҳон тажрибасидан ўринли фойдаланиш мақсад сари йўл очади.
Демак, олий таълим тизимида ҳам тараққий этган давлатларда кенг қўлланилаётган масофавий ўқитиш тизимини қўллаш фурсати етди. Тўғри, мамлакатимизда бу усулнинг у ёки шакллари тажрибада синовдан ўтган. Хусусан, олий таълимдан кейинги таълим – педагог кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашда масофавий таълим афзалликлари кузатилди. Бироқ аудиторияда, талаба билан юзма-юз дарс ўтишга ўрганган профессор-ўқитувчи учун бу анча қийин кечади. Ҳозирга қадар жуда кўп фанлар бўйича тайёрланган материаллар, тақдимотлар, мустақил таълим топшириқлари, тестлар, бизнингча, бу ишни йўлга қўйишда асос вазифасини ўтайди. “Виртуал алоқа”, “электрон дунё” тушунчалари бугун таълим жараёнига ҳам сингиб кетди.
Айниқса, Zoom дастури орқали амалга оширилаётган ишлар бунга ёрқин мисолдир. Айтиш мумкинки, “Электрон педагогика” фани ютуқларидан фойдаланиш талабалар интеллектуал қобилиятини ривожлантиришга кўмак беради. Бугунги талабанинг мустақил таълим, деганда интернет материалларидан кўр-кўрона фойдаланиш асосида қоғоз тўлдиришни тушуниши – ҳеч биримизга сир эмас. Бу каби қусурларнинг олдини олиш, талабани мустақил ишлашга ўргатишда халқаро модул тизимига ўтиш яхши самара беради. Хусусан, машғулотларни масофадан туриб ташкил этишда, талабалар билимини баҳолашда электрон назорат тестлари, сўровномалар олишда ISPRING дастури жуда қўл келади.
Интернет маълумотларига қараганда, 2019 йилга келиб, интернет тармоғидаги маълумотларнинг 80 фоиз қисми видео кўринишида эди. Дунё аҳолисининг 67 фоизи мобиль телефондан маълумот олиш учун фойдаланмоқда. Ўз-ўзидан ахборот технологиялари орқали, хусусан интернетдан таълим берилиши жуда истиқболли йўналишдир.
J’son&Partners Consulting халқаро компаниясининг таълим бозори ҳақидаги ҳисоботларида таъкидланишича, онлайн таълим жаҳон бозорларнинг энг жадал ўсаётган сегментларидан бири бўлиб, 2012-2017 йиллар давомида ҳар йиллик ўсиш ўртача 23 фоизни ташкил этган.
Масофавий таълим учун қўлланаётган платформалар жуда хилма-хил бўлиб, Coursera, Moodle, Thinkful, Skolera, OpenedX, iSpring, WebTutor кабилар энг кенг тарқалганлари қаторига киради. Ушбу платформаларда анъанавий таълимга қўйиладиган асосий талабларни жорий қилишдан ташқари қўшимча имкониятларга эга бўлиш мумкин. Хусусан, китоблар, видеодарслар, курслар, тестлар ва бошқа ўқув-услубий материалларни бир жойда сақлаш орқали маълумотлар базасини яратиш; талабаларни маълум бир фан ёки видеодарсга, зарур бўлса бутун ўқув жараёни даврида ўқитиладиган тўлиқ фанлар мажмуасига бириктириб қўйиш: ҳар бир материалнинг ўрганилиши, тест натижалари, сарфланган вақт каби омилларни статистик таҳлил қилиб бориш орқали таълим сифатини баҳолаш мумкин бўлади.
Масофавий таълимнинг қуйидаги устунликлари мавжуд:
- таълим билан боғлиқ харажатларнинг қисқартирилиши (биноларни сақлаш харажатлари, талаба ва ўқитувчиларнинг дарс жойига етиб боришлари ва ҳоказо);
- таълим олиш учун вақтни мослаштириш имкониятлари кенглиги;
- талаба ҳар бир машғулотни ўзлаштириш вақти, жойи ва кўринишини ўзи белгилаб олади;
- таълим билан қамраб олинадиганлар сонининг юқорилиги;
- турли замонавий воситалар, шу жумладан электрон кутубхоналардан фойдаланиш орқали таълим сифатини ошириш;
- ягона таълим муҳитини яратиш учун имконият бериши ва бошқалар.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан талабаларнинг билим олишини масофадан туриб бошқариш мақсадида https://.edu.uz видеопортали ишга тушганлиги, Телеграмм ижтимоий тармоғида ҳам @edu.uz_online лойиҳасининг ишлаб чиқилганлигини масофавий таълимни ташкил этишдаги дастлабки муваффақиятли қадамлар, дейиш мумкин. Қолаверса, Ўзбеккистон телерадиокампанияси томонидан мактабдаги дарсларнинг мунтазам ўтказилаётганлиги ҳам таълимга бўлган жиддий эътиборнинг самарасидир. Тўғри, талабаларимизнинг қишлоқ жойларида, чекка ҳудудларда яшаши, у ерларга интернет тизимининг яхши ишламаслиги бир қатор қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Бундай шароитда масофавий таълим ташкил этишда муаммолар юзага келиши, табиий. Шунга қарамай, талабаларимиз Онлайн дарслардан узилмасликка, кечикиб бўлса-да, материаллар билан танишишга, уларга муносабат билдиришга ҳаракат қилишаётгани қувонарлидир.
Умуман олганда, масофавий ўқитиш мазмунини яхши ўзлаштириш ва уни амалиётга қўллаш бугунги куннинг ғоят долзарб ва кечиктириб бўлмас вазифасига айланди. Биз, профессор-ўқитувчилар жараённи юракдан ҳис этган ҳолда, фаолиятимизни масъулият билан давом эттиришимиз керак бўлади. Бу йўлдаги ҳар бир изланишимиз замонавий олий таълимни янги босқичга кўтаришга ўзига хос улуш бўлиб қўшилади, албатта.
Обиджон Ҳамидов,
Бухоро давлат университети ректори.