ЎСМИР НЕГА ЖИНОЯТГА ҚЎЛ УРАДИ?

Йирик  маърифатпарвар Абдулла Авлоний ёшлар тарбиясини “Ҳаёт   мамот масаласи”, деб таърифлаган. Зеро, тарбияси мўрт ёшлардан жамият, маҳалла ёки оила учун ҳеч қандай наф бўлмайди. Ёшларнинг жиноятга қўл уриши тарбияда йўл қўйилган хато ёки бефарқликнинг аччиқ инъикосидир.

2018 йилнинг шу кунига қадар Бухорода ёшлар томонидан  2745 та оғир ва ўрта оғир жиноятлар содир этилган.

Хўш, ўсмирлар нега жиноятга қўл урмоқда? Уларнинг ота-онаси таълим муассасаси маҳалласи бундай ҳолатга нега бефарқ, лоқайд муносабатда бўлмоқда? Бухоро вилоятида бу борада аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, кенг кўламли профилаклик тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўқувчиларнинг дарсга мунтазам қатнаши назоратга олиниб, бўш вақтини мазмунли ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вояга етмаганлар томонидан содир этилган ҳар бир ҳуқуқбузарлик ва жиноят чуқур таҳлил қилиниб, масъул раҳбарларга тегишли чоралар кўрилмоқда

.

– Ёшларимизнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилган,- дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро вилояти кенгаши раиси Ҳамза Рўзиев, – Шундай бўлса-да, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар содир этилаётгани ачинарлидир. Бунда барчанинг жумладан, бизнинг ҳам айбимиз бор. Ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш, бу борада таълим муассасалари ва ички ишлар органлари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, масъулиятни ошириш муҳим вазифадир. Ўқувчи-талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқиш, ёшлар бандлигини таъминлаш ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Амалга оширилаётган ишлар доирасида жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишга мойил бўлган  45 нафар вояга етмаганлар ўз фарзанди тарбиясига салбий таъсир кўрсатган. Уларнинг тарбияси билан шуғулланмай юрган 35 нафар ота-она ички ишлар бўлимлари профилактик ҳисобига олинди. Шаҳар ва туманларда ёшлар ўртасида учраётган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида олиб борилаётган тарғибот ишлари янада кучайтирилди. Натижада ИИБ ҳисобида турган 160 нафардан зиёд вояга етмаган бола профилактик ҳисобдан чиқарилди. Вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар сони камайишига эришишимиз керак.

Бироқ, бу борада ишлар барча жойларда ташкил этилса-да, Олот туманида вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар сони ортган.

– Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг асосий сабабларидан бири оиладаги носоғлом муҳитдир,-дейди вилоят ИИБ матбуот гуруҳи раҳбари, майор Қувват Ярашев, – Шунинг учун ҳар бир ота-она фарзанд тарбиясига алоҳида масъулият билан ёндашиши лозим. Ўсмирлик даврида енгил-елпи эмин-эркин ҳаётга ўрганган болада асосан безорилик ва фирибгарлик билан боғлиқ ҳатти-ҳаракатлар кўп учрайди. Бу ўзбошимчаликнинг олди вақтида олинмас экан, улғайганида улар бундан ҳам оғир жиноятларга қўл уриши бор гап. Мутахассислар ота-онанинг фарзанд ахлоқидаги салбий ўзгаришлар ва унинг феъл-атвори, таълим-тарбиясига эътиборсиз бўлиши бола келажаги учун жиддий хавф туғдирувчи асосий омил эканини таъкидлайди. Таҳлидлар шуни кўрсатадики, жиноятга қўл ураётган болалар, асосан, нотинч ва носоғлом оилаларда вояга етмоқда. Оиладаги бундай муҳитга мослашган ёки моддий таъминотга муҳтож бола бошқалар билан кўп жанжаллашади, ўғрилик, безорилик каби жиноятларга қўл уради.

Ота-оналарнинг болалар тарбиясига масъуллиги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида алоҳида қайд этилган. Унга кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунга қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Бироқ бугунги кунда вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг ортиб бораётгани ота-оналарини фарзанд тарбиясига эътиборсизлигини кўрсатмоқда. Ёшлар ўртасида итоатсизлик, ота-онага қулоқ солмаслик иллати шаклланиб бормоқда. Ота-онанинг топшириғини бажармаслиги, ҳатто уларга нисбатан куч ишлатган ҳолатлар ҳам учраётгани ачинарлидир.

Фарзандни ёшлигидан қандай тарбияласак, шундай вояга етади. Бунда, албатта, оила, маҳалла, жамиятдаги муҳит муҳим аҳамиятга эга. Ўзи, оиласи, халқи маънавий илдизлари ҳақида етарли тушунчага эга бўлган бола жиноят кўчасига кирмайди. Бунга эришиш учун жамиятнинг ҳар бир аъзоси зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этиши, бурчини сидқидилдан бажариши лозим.

Ислом Шарипов,

Ижтимоий ҳимоя, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими мудири.