БАЙРОҚ – МИЛЛАТ РАМЗИ

Байроқ – инсоният тарихини акс эттирадиган ўзига хос рамзлардир. Улар халқлар ҳаётида содир бўлган энг муҳим ҳодисалар моҳиятини билиб олишда калит ҳисобланади. Байроқлар олис ўтмиш қаърида, эрамиздан аввалги III-II минг йилликда пайдо бўлган. Аслида байроқлар ва бошқа рамзлар қабилаларни бир-биридан фарқлаб кўрсатувчи белги сифатида юзага келган. Кейинчалик улар ҳукмдорлар, лашкарбошиларнинг ҳукмронлигини билдирадиган рамзга айланган.

Ҳозирги пайтда эса байроқлар давлат мустақиллиги рамзи саналиб, унда мамлакатнинг миллий ўзига хослиги, тарихи акс этади.

Бизнинг ҳудудимизда ҳам байроқлар жуда қадим замондан пайдо бўлиб, биз уларни қадимги адабий ёдгорликларда, тасвирий санъат асарларида кўришимиз мумкин.

Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сида темирчи Кова коржомаси этагини байроқ қилиб кўтариб, халқни золим шоҳ, одамхўр Заххокка қарши қўзғолонга бошлагани ҳикоя қилинган. Алишер Навоийнинг достонида Искандар аскарлари “байроқлар остида” Доро лашкарига қарши жанг олиб боргани манбааларда маълум.

Бобокалонимиз Амир Темур тузган давлат, унинг мустаҳкам ва қудратли эканлигини ҳам байроқларда кўришимиз мумкин.

Темурийлардан Бобур байроқларида эса ўзига хослик бошқа байроқлардан кенглиги, энли матодан қалинлиги, ҳажм жиҳатдан катталиги билан ажралиб турарди.

Ҳозирги тинч ва осойишта даврда байроқлар мустақиллик ва миллийликни акс эттириб туради. Мустақил Ўзбекистон байроғи сарҳадимизда қадимдан мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни ҳамда республикамизнинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштирган. Байроғимизда яхшилик, шон-шуҳрат, садоқат, поклик, халқнинг навқиронлиги акс этган.

“Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи республика давлат суверенитетининг рамзидир”. Бу Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи тўғрисидаги қонунда белгилаб қўйилган бўлиб, унинг стандарт бўйича узунлиги 250 сантиметр, кенглиги 125 сантиметрга тенг. Ранг энлари кенглиги бир хил.

Янги ой ва юлдузлар тасвири мовий рангли юқори эннинг ўртасидан 70х30 сантиметрга тенг тўғри тўртбурчакка сиғадиган қилиб жойлаштирилган. Юлдузлар узунасига ва тиккасига қуйидаги тартибда жойлашади: юқори қатор уч ва қуйи қатор беш юлдуздан иборат бўлиб, бу ўн икки юлдуз тасвири туширилган.  Ўзбекистон Республикаси байроғидаги бу ўн икки юлдуз қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Юлдузлар сарҳадимизда қадимги давлатлар илмий тафакурида нужум илми тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади.

Ушбу қонуннинг 7-моддасида “Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи билан бир вақтда бошқа давлатнинг байроғи кўтарилса, Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи ўнг томондан, бошқа давлатнинг байроғи чап томондан кўтарлмоғи керак” дейилган. Бу ҳам байроғимизга бўлган ҳурматнинг қонуний кўринишларидан биридир.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, давлат рамзлари худди она Ватан каби азиз ва муқаддасдир. Уларда халқ тарихи, бугуни ва келажаги ўз ифодасини топган. Рамзлар ва тимсоллар ҳар вақт миллий ғурур, фидоийлик ва ватанпарварликни шакллантиришда энг муҳим воситалар ҳисобланиб келинган ва ҳозир ҳам шундай.

Гўзал РАЖАБОВА,

Бухоро Педагогика ва енгил саноат

касб-ҳунар коллеж ўқитувчиси.