Бош муҳарримиз томонидан тамаки ва тамаки маҳсулотларига қарши кураш мавзусида мақола ёзиш топшириғи берилди. Унга кўра, чекувчилар билан ҳам суҳбатлашишимиз керак. “Оббо, чекувчиларни бирам ёқтирмайман. Уларни ёнига бориш ҳам менга малол”,-дедим ичимда. Шеригим ичимдагини “ўқиди”, шекилли: “Буни” журналистика” деб қўйибдилар. Бор, иккиланма!”-деди.
Шу куч бердими, дабдурустдан кўчага отландим. Буни қарангки, йўлда кетаётсам, 18-19 ёшлардаги йигитнинг тамаки чекиб тургани эътиборимни тортди. У қийналиб, аммо қандайдир иштиёқ билан чекарди. Чекишни яқин орада бошлагани шундан сезилиб турибди. Ҳеч иккинланмай ёнига бордим ва:
– Тамаки чекиш ёқимлими? У сизга нима беради?
– Одамда чекиш учун ҳам куч керак. Мана, масалан, сиз чеколмайсиз. Чунки бунинг учун сизда “дух” йўқ!-деди икки қошини кўтариб.
Унинг гапидан ҳайрон қолдим. Умуман бундай жавоб кутмагандим.
– Чекиш учун “дух” эмас, чекмаслик учун каллангиз ишлаши керак,-дедим…
Шу пайт иш билан поччам қўнғироқ қилиб қолди. Гаплашаётиб, поччамнинг чекса “ётиб олиб” чекадиганлар тоифасига кириши ёдимга тушди. Унга ҳам ҳалиги йигитга берган саволимни бердим.
Поччам:
– Э, жиян, аслида, чекиш соғлигимга анча таъсирини кўрсатган. Лекин чекмасам, асабийлашаман. Асабийлашганим баттар соғлигимга зарар-ку! Соатига иккита чекмасам, сочим тикка бўлаверади. Бу тамакини ҳам қиммат қилиб ташлаганидан ҳалиям кам чекяпман, ахир.Чўнтагим қуриб қоляпти-даааа…
Товба, поччам ўпкаси қуриётганига куюнса бўлмайдими, шунда чўнтаги ҳам тўлиб қоларди. Соатига иккита чексаю ва камайтиргани шу бўлса, кўп чеккани қанча экан? Шуларни ўйлай-ўйлай, ишга ҳам етиб келдим.
Ишхонада бир неча ҳафта кўринмай қолган қоровул амаки яна ишга чиқибди. Юзлари анча сўлғин, ўзи ҳам озиб қолибди. Афтидан соғлигида бирор муаммо бўлгани кўриниб турарди. Сўрамасимдан қоровул амакининг ўзи нима бўлганини гапира кетди:
– Тунда қаттиқ йўтал тутди. Кўксимни чидаб бўлмас оғирлик қисиб келарди. Ўша кечани ўзида шифокорга мурожаат қилдик. Ташхисга кўра, ўпкам чирий бошлаган экан. Ҳаммасига ўзим сабабчиман. Дори-дармон қилиб, бироз ўзимга келгач, бошқа чекмасликка қарор қилдим. Соғломликка тенг келадигани йўқ!-дейди 60 ёшлардан ошган қоровул амаки.
Афтидан, у тамаки чекиш зиёнлигини энди тушуниб етяпти. Вақт эса ўткинчи. “60 йил ортга қайтсангиз, нима қилган бўлардингиз?”-дея қизиқсиниб берган саволимиз: “Шу ўлгур чекишини оғзимга олмасдим”,-деди хўрсиниб…
Изоҳга эса ҳожат йўқ.
Вилоят Анкология дипансери лор-анколог врачи Аъзам Жумаевнинг бизга билдиришича, тамаки маҳсулотлари сирасидан ўрин олган носнинг ҳам инсон саломатлигига зиёни ҳаддан ортиқ.
– Бир йилда 200 дан ортиқ нос чекувчиларнинг томоқ ва оғиз бўшлиғи аъзолари операция қилинади. Жағ қисми олиб ташланганлар ҳам кам эмас. Тутунсиз, аммо ҳиди ачимсиқ бу тамаки маҳсулоти зиёни икки-уч йилда кўринмас. Аммо кўринмас бу ёв инсон ички аъзоларини аста-секин, бирин-кетин “еб” ташлайди,-дейди Аъзам Жумаев.
Чекишдан тўхтанг! Умрингизни аччиқ бурқсиган сигарета тутунию, атрофдагилар учун ёқимсиз бўлган носга алишманг! Ўйлаб кўринг, тамаки маҳсулотлари Сизнинг ақалли бир кунлик умрингизга арзийдими?
Р/S: тамакига қарши курашиш мавзусини ёритиш менга ёқиб қолди. Бу гал тамаки чекаётганларнинг тамакисини ўз қўллари билан ерга ташлатиб, оёқлари билан янчиб ташлашга ундайман!😃
Зулфизар Мавлонова,
“Buxoro yoshlari” газетаси мухбири.