ЖАМИЯТ САВОДСИЗЛИГИГА КИМ АЙБДОР?

Мен деярли ҳар куни ўқишга бориш учун автобус орқали ҳаракатланар эканман йўллардаги савдо дўконлари пештахталарига илинган афиша, реклама эълонларини кўриб ичимда бир хўрсиниб қўяман.

Деярли кўпчилигида имловий хато мавжуд, ёки ўзбек тилида муқобили бўла туриб рус ёки инглиз тилида ёзилган.

1989-йил 21-октабрда “Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди“. Тил байрами яқинлашгани сари биз худди ўзимизни тилга ҳар доим ҳам эътиборлидек, уни асраётган жонкуярлардек тутишга ҳаракат қиламиз. Семинарларда бу ҳақида бонг урамиз, тадбирларда нутқ сўзлаймиз. Байрам ўтиши билан муаммоларга қўл силтаб қўямизда, уларнинг ечимини кейинги йилдаги тил байрамига “сақлаб қўямиз“. Аммо бу кўз бўямачиликдан бошқа нарса эмас. Тилимизнинг бугуни, ўтмиши ва келажаги қандай бўлади, уни сақлаб қолмоқ учун нима қилиш дарков ва қандай қилиб биз жамиятимдаги саводсизликка барҳам беришимиз мумкин? Бу саволлар бугун фақат ва фақат тил жонкуярларини қийнамоқда. Қолган барчамиз томошабиндек кузатишда давом этишдан нарига ўтолмаяпмиз.

Бизнинг Филология факультетида ўзбек тили ва адабиёти йўналиши бўйича 4-курс битирувчиларинг сони бугун 160 дан ортиқ. Аммо шунча янги кадрга жамиятимиз муҳтожми?- деган масала ҳам олдимизда кўндаланг туради. Қай бир мактабга бормай уларга бир савол билан мурожаат қиламан:

– Сизларга она тили ва адабиёт ўқитувчиси керак эмасми? Бериладиган жавобни мен олдиндан биламан, аммо чиқмаган жондан умид дегандек… Мактабнинг олд сафидаги устозлар кулибгина жавоб қайтаришади.

– Мактабимизда 10 нафар шу соҳанинг вакиллари ишламоқда. Булардан ташқари оналик таътилига чиққанлар қанча. Нега инглиз тили ёки рус тилига ўқимадинг қизим? Иш ўрни шундоқ ҳам она тили ва адабиёт ўқитувчилари учун жуда оз? (Оҳиста айтилганган бу сўзларнинг замирида аслида бир ҳовуч туз мавжуд.)

Қайсики мактабга бормай шу сўзларни эшитаман. Эшикларнинг барчаси она тили ва адабиёт ўқитувчилари учун берк. Лекин табимни тирриқ қилган нарса аслида бу эмас. Менку бир амаллаб ўз кунимни ўзим кўриб кетарман. Аммо бугун учун энг долзарб муаммолардан бири бу-жамиятда саводини совуқ урган “дипломлиларнинг“ кўпайиб бораётгани ва тилимизга бўлган эътибор ва ҳурматнинг бир чеккада қолиб кетаётганидир. Бу борада фақат мен шундай фикрдаманми,- дея ўзимни ўзим саволга тутаман. Бугунги саводсизлигимиз ва нима қилсак ўзбек тили ўқитувчилари олдидаги муаммоларга барҳам беришимиз мумкин? Бу борада устозларимнинг фикрлари билан қизиқдим.

Умринисо Тўраева, Бух Ду филология факультети, адабиётшунослик кафедраси ўқитувчиси.

Чиндан ҳам бугун жамиятимизда саводсизлик ғовлаб кетмоқда. Бунга бировни айбдор қилишга эса ҳаққимиз йўқ. Биз нега инглиз, рус тили дарсларида ўқувчиларни кичик гуруҳларга ажратиб ўтамиз у, бу усулни ўзбек тили дарсларида қўлламаймиз? Бугун мактаб битирувчиларининг кўпчили қўпол бўлсада ўз исм шарифини бехато ёзолмайди. Она тили дарсларида ўқувчилар гуруҳларга ажратилган ҳолда ўқитилганда ўқитувчи учун ҳам озгина енгиллик бўлар эди. Ҳар бир ўқувчи билан алоҳида ишлаш имкони пайдо бўларди. Бир соатлик дарсда барча болага улгуришнинг ҳеч ҳам имкони йўқ. Бу орқали биз она тили ўқитувчилари учун қўшимча иш ўрни яратган бўлардик. Бугун битирувчиларимизнинг кўпчилигини давлат шартнома тўлови асосида тугатаётганлар ташкил этади. Боласининг контрактини тўлаш учун ота-оналаримиз ҳазилакам меҳнат қилишмаган бўлишса керак. Ўқишни тугатган фарзандининг иш тополмай, чет элга кетишини ҳеч бир ота-она истамайди.Бу учун биз бугун она тили дарсларига жиддийроқ ёндашишимиз зарур. Бола ўз она тилисини англамасдан туриб қандай қилиб унга чет тилларни ўргатиш мумкин. Бу муаммога вақтида барҳам бериш зарур.

Ҳилола Сафарова, Бух Ду филология факультети адабиётшунослик кафедраси ўқитувчиси.

Ўзбек тили борасида фикр юритар эканман кўз олдимга бу соҳанинг асл жонкуярлари бўлган устозларим гавланади. Биз мактабни крилл алифбосида битирдик. Орадан бир оз вақт ўтиб лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси жорий этилди. Бу ҳолат жамиятда жуда кўплаб муаммоларга сабаб бўлди. Ҳатто ҳали ҳалигача иш қоғозларини крилл алифбосида олиб бораётган ташкилотлар мавжуд. Яқинда ишлаб чиқилган янги алифбо эса бизга енгилликлар беришига ҳали ишончимиз комил эмас. Фуқароларимиз алифбо борасида ўз ичида бир неча гуруҳга ажралади. Кекса авлод вакилларимиз крилл алифбосидан фойдаланади ва лотин алифбосини тан олишмайди. Ўрта ёшдагиларимиз эса лотин ёзувига мослашган. Янги алифбони пайдо бўлиши эса нафақат мактаб ва олий таълим ўқувчиларининг таълим олишида ноқулайликларни келтириб чиқаради, шунингдек корхона ва ташкилотларнинг барчасида йиллар давомида тайёрланган ҳужжатларнинг барини йўққа чиқаради. Менимча алифбони ўзгартиришданда муҳимроқ ишлар турибди зиммамизда. Аёллар дафтари, темир дафтар мавжуд бўлган ҳаётимизда алифбони алмаштириш устида бош қотиришимиз яхши эмас. Тилимизда алифбо бугун эътиборга муҳтож эмас балки ўзимиз уни ўринли ишлатолмаймиз. Тил борасида фикрларимиз замирида уни ислоҳ қилишдан кўра жамиятдаги шахсларни ислоҳ қилиш зарурлиги турибди.

Раъна Ражабова,  БухДу филология факультети адабиётшунослик кафедраси ўқитувчиси.

Кўча-кўйда кўп одамлар билан мулоқот қилишдан кўра уларни тинглашни ва кузатишни ёқтираман. Атрофимга назар ташлар экан тилимизнинг ютуқ ва камчиликлари ўз-ўзидан бўй кўрсатади. Кимлар учун урфга айланиб бораётган евроча исмлар бугун озчиликни ташкил этмаса керак. Ота-онанинг фарзандида яхши ном бериши уларнинг бурчи саналади аслида. Лекин бугун ўзи ёқтирган кино сериал қаҳрамонинг номини жигар бандига қўяётган ота-оналар ҳам бор. Ўзбеклигимизга мос бўлмаган араб, турк ва испан тилидаги исмлардан кўрамиз ўзлигимизни билдириб турган исмларни жигарбандларимизга қўйишимиз зарур деб ўйлайман. Баъзи қўйилган исмларнинг маъносини ҳам билмайдиган шахсларга айланмайлик! Мен ўзбек халқининг фахри ҳисобланган Алпомиш, Жалолиддин, Мангуберди, Темурбек, Тўмарис, Ойбарчин каби исмларнинг болаларга қўйилмаётганидан бугун жуда ранжийман. Аслида тлимизнинг бойиб боришида ва сайқал топишида ишларнинг ўрни ҳам жуда юқори. Биз бугун тил ўзанидан четлашиб бормоқдамиз унинг ўзанига қайтишимиз учун аввало ўз ўзанимизга қайтмоғимиз даркор. Зеро асрлар оша завол топмай келаётган тилимизнинг келажаги ва уни асраш ўзимизнинг қўлимизда.

Мен бу мақолам орқали ўзбек тилимиз борасида бутунлай салбий фикрдаман демоқчи эмасман. Фақатгина сергак туриб тилимизга эътиборни ҳар қачонгидан кучайтиришимиз даркор демоқчиман холос. Бир кун келиб менинг фарзандим сиз она тили ва адабиёт ўқитувчиси бўла туриб нега буларга эътибор бермадингиз?- дея мени айбламасин.

Раҳима Атоева.

🔺@by_gazetasi