ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИ ВА ФАРОВОНЛИГИ ЙЎЛИДА

 Ислоҳот

Юртимизда мустақилликнинг дастлабки йилида 85 та нодавлат-нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатган бўлса, бугунги келиб улар сони 8000 тага етди

Яқинда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари кенгашида нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда НТТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан эълон қилинаётган грантлар билан яқиндан таништириш, етарлича ахборот бериш, грант лойиҳаларини ёзиш ва уни тақдим этиш масалалари муҳокама этилди.

Таҳлилларга кўра, вилоятда грант лойиҳаларини қўлга киритиш анча оқсаган. Аризалар сони йилдан-йилга пасайиб бормоқда. Бу оқсоқликларни бартараф этиш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Жасур Болтаев ўз таклифларини билдирди.

Тадбирда вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи Ўлмас Рашидов “Ўзбекистон тарихи, маданияти ва санъати, машҳур шахслари бутун жаҳон маданий мероси бўлган меъморий ва тарихий ёдгорликлар тўғрисидаги маълумотларни оммалаштиришнинг асосий йўналишлари” мазуида маъруза қилиб, қатнашчиларни Бухоронинг бой тарихи билан яқиндан таништирди.

Тадбир давомида Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг “Аҳолининг ҳуқуқий билимлари, ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтиришда фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтириш” ва “Ўзбекистон халқларининг маданий-тарихий меросини, мамлакатимизда мустақиллик йилларида жамият ҳаётининг турли соҳаларида эришилган ютуқларни оммалаштириш бўйича фуқаролик жамияти институтларининг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш” мавзуидаги грант танловлари эълон қилинди.