Эрталаб Бухоройи шарифнинг Эски шаҳар қисми одатдагидан гавжум бўлди. Бу ерда сайёҳлик ташкилотлари вакиллари, ҳунармандлар, вилоят мусиқали драма ва қўғирчоқ театрлари артистлари, шаҳар ва туманлардаги фольклор-этнографик жамоалари, олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари талабалари, мактаб ўқувчилари тўпландилар.
ХVI “Ипак ва зираворлар” фестивали иштирокчиларининг анжуман очилишига бағишланган тантанали юриши Арк қўрғонидан бошланди.
Буюк Ипак йўли қадимий карвонларини эслатувчи байрам қатнашчилари колоннаси карнай-сурнайлар ва доиралар садоси остида Пойи Калон мажмуаси, Заргарон, Телпакфурушон тоқларидан ўтиб, шаҳарнинг кенг кўчалари бўйлаб Лабиҳовуз мажмуи томон йўл олди. Ўз навбатида фестивалнинг Шарқ ва Гарб уйғунлигини акс эттириш мақсадида Гавкушон мадрасиси томондан вилоятдаги миллий-маданий марказлари вакиллари ҳам Лаби Ҳовуз томон ҳаракатланишди.
Миллий қадриятларимиз, маънавий бойликларимиз, урф-одатларимизни акс э ттирувчи бу тантанали юриш қатнашчилари орасида Ибн Сино, Имом ал-Бухорий каби улуғ алломаларимиз, халқимиз миллий қаҳрамонлари сиймосини, турли мамлакатлар ва элатлар либосларини кийиб, рақс тушаётган йигит-қизларни, муқаддас шаҳар обидалари чиройи олдида ҳайратда турган чет эллик сайёҳларни юртимиз ширинликлари билан сийлаётган ёшларни кўриш мумкин.