Фарзандимизга муносиб муаллим бўлаяпмизми?

Ривожланган глобаллашув даврида биз фарзандимиздан жуда кўп нарсаларни талаб қиляпмиз.
Аксарият оналарнинг ўзаро суҳбатида фарзандини ҳали 3-4 ёшиданоқ инглиз тили тўгарагига ёздиргани, бирор фандан тайёрлов гуруҳига қўйганидан мақтанишади.

Албатта, фундаментал билимлар ўргатилгани яхши. Аммо боланинг ҳали мурғак ёшида биринчи навбатда унинг мантиқий тафаккурини шакллантириш, нутқ қобилиятини ўстириш мақсадга мувофиқ. Агар мантиқий фикрлаш шакллантирилмас экан, ҳар қанча қомусий билимлар ҳам бола онгида шунчаки тартиб берилган ғиштдек тураверади. Бола мантиқ кучи билан у “ғишт”лардан бирор бино қура олмайди.

Шу боис, боланинг тўлиқ ривожланиши учун мактабда деярли эътиборсиз қараб келинаётган, уй шароитида ҳам амалга ошириш мумкин бўлган соҳаларга устувор аҳамият бериш мақсадга мувофиқдир.

Биринчидан, бола хотирасини мустаҳкамлаш. Ҳатто, бугунги универсал компьютерлаштириш асрида ҳам, исталган маълумотни ижтимоий тармоқлардан топиш имкони мавжуд бўлган бир даврда ҳам хотира бола ривожи учун алоҳида аҳамият касб этади. Aфсуски, замонавий таълим тизими хотирани ривожлантиришга қаратилган эмас. Ўқув дастури тобора кенгайиб бораётганига қарамай, мактабдаги ҳар бир ўқувчи хотирасини ривожлантириш ишларига жалб қилинмайди. Чунки ўқитувчилар учун бунинг учун етарли вақт йўқ. Шу билан бирга, хотираси суст болалар кўпроқ «унутмас» тенгдошларига қараганда сабоқ учун кўпроқ вақт сарфлашади.

Иккинчидан, нутқ маданияти. Афсуски, ота-оналарнинг кўпинча ишда бўлиб, фарзанд тарбиясига вақт ажратолмаслиги, улар билан мулоқотга киришмаслиги болалар нутқининг етарли даражада ривожланмаслигига олиб келмоқда. Афсуски таълим-тизимида ҳам дарсларнинг асосан қисқа савол-жавоб шаклида ташкил этилиши, асосан, “тест”ни ечишга мослашганлиги уларнинг ўз нутқини эркин баён эта олиш қобилиятлари рўёбга чиқишига тўсқинлик қилмоқда. Натижада, ўқишни тугатгач, баъзи ёшлар биринчи синфда олган нутқ қобилиятлари даражасига эга бўлиб қолади.

Ота-оналар болага ўз фикрини чиройли ва аниқ ифода этиш қобилиятини ривожлантиришга ёрдам беришлари керак, шунда келажакда у омма олдида гапиришдан қўрқмайди ва ўз нуқтаи назарини қандай исботлашни билади.

Учинчидан психик ёндашув. Инсон психикасининг асослари эрта болаликдан қўйилган. Баъзи «номутаносибликлар» йиллар давомида тузатилиши мумкин, аммо кўп вақт ва ақлий қувват талаб этилади.

Тенгдошлар билан мулоқот қилиш жараёнида боланинг тажовузкорлиги, ҳаддан ташқари қўзғалувчанлиги ёки заифлиги тузатилиши мумкинлигига умид қилманг. Aксинча, жамоада жиддий руҳий муаммолар тобора кучаймоқда.

Ота-оналарнинг вазифаси болаларининг жуда эрта ёшдан бошлаб ақлий равонликда баркамол ривожланишини таъминлашдир.

Зиддиятларни мустақил ҳал қилиш, ўзини ва хатти-ҳаракатларини етарли даражада баҳолай олиш, танқидларга хотиржам муносабатда бўлиш ва ҳк. Aхир, бу жамиятдаги тинч ва бахтли ҳаётнинг калити мувозанатли психикадир.

Хулоса қилиб айтганда фарзандимизнинг маънан ва ақлан етуклиги фақат китоб ўқиш ёки репетитор машғулоти билангина чекланмайди. Бу борада ота-оналар ҳам ташаббускор бўлиши керак.

Зеро сиз ҳаётда одатий деб билган ҳар бир хатти-ҳаракатингиз фарзандингиз учун таълим манбаидир. Ана шу таълим унинг келгусида ё олим, ё золим, ё эпчил, ё ношуд бўлишини белгилаб беради.

Ҳалима Ботирова, Бухоро шаҳар 11-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти директори.

🔺@by_gazetasi