АБИТУРИЕНТЛИКДАН ТАЛАБАЛИККА…

Тонгда олийгоҳ томон отланиш… Курсдош дўст-дугоналар орттириш. Янги билим ва нотаниш устозлар. Маъруза зали. Сессия жараёнлари…

Шу ва “олтин давр”га тааллуқли бўлган ҳодисаларни ҳар бир абитуриент бошидан ўтказишни орзу қилади. Имтиҳон топшириш остонасида турар экан, токи натижалар чиққунига қадар, хаёл гоҳ яхши, гоҳ тушкунликка етаклайди. Юраклар нотинж, кўнгилдан хотиржамлик йўқолади. Аммо, абитуриентларга энг яхши тавсиямиз шуки, ҳаммасини ўз кучингиз ва билимингиз, хотирангиз ва хотиржамлигингизга қўйиб беринг. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, ўзингиздан кўра кучли, деб билган абитуриенларга эътибор қаратманг ва ўзгалар ҳақида ўйламанг. Тест жараёнида фақатгина қўлингиздаги қоғоз ва ёлғиз ўзингиз борлигингизни ҳис қилинг. Бундай пайтда ён-атрофга бефарқлик энг яхши самара беришига ишонинг.
Абитуриентларни қизиқтирган саволлар билан ДТМ Бухоро вилояти бўлими бош мутахассиси Иззат Раҳмоновга мурожаат қилдик.
– Абитуриентлар соғлигининг хавфсизлиги учун қандай шароитлар қилиняпти?
– Олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовлари жараёнида абитуриентларни бинога киритиш вақтида абитуриентларнинг тана ҳарорати СЕОМ ходимлари томонидан ўлчаниб киритилади. Тартибга мувофиқ, фақатгина тана ҳарорати нормал бўлган абитуриентлар бинога киришга рухсат этилади. Уларга тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоб билан таъминланади. Бундан ташқари, ҳар бир абитуриентга алоҳида 0,5 ҳажмли ичимлик суви ва кўк шарикли ручка ҳам берилади. Шунингдек, тест синовлари ўтказиладиган бинога “Тез ёрдам” машиналари ва тиббиёт ходимлари бириктирилади. Агарда абитуриент аҳволининг ёмонлашуви тест синовларини давом эттиришга имкон бермаса, тиббиёт ходимлари хулосаси билан абитуриент тиббиёт бирлашмасига жўнатилади. Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, сўнгги 2 йиллик тест синовлари таҳлилига кўра, бу борада муаммолар юзага келмаган. Демак, ота-оналар фарзандларидан бу борада асло хавотирланмасалар ҳам бўлади.
Коррупциянинг олдини олиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?
Ҳар бир абитуриент ўз билимига ишониб ҳаракат қиладиган бўлса, турли фирибгарлар домига илинмаса, ўзи кўзлаган натижага эриша олади. Талабалик бахтига муяссар бўлади. Шунинндек, фуқаролар коррупцион ҳолатни сезиб қолишса @Dtmbuxorobot боти яратилган. Тест синовларининг адолатли, шаффоф ўтказиш мақсадида ҳар йилда тест синовларини онлайн тарзда “test2021” иловаси орқали кузатиб туриш имконияти мавжуд.
Тестлар қанчалик хатосиз, деб ўйлайсиз. Чунки ушбу масала ҳар йили кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўляпти.
– Тест саволлари тасдиқланган дарсликлар асосида экспертлар томонидан тузилади. Тест саволлари экспертлар томонидан тузилгач, ушбу тест саволлари белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилади ва барча камчиликлари бартараф этилгандан сўнггина чоп этилади. Бу дарсликлар рўйхати эса ҳар йили Давлат тест марказининг dtm.uz сайтида эълон қилинади. Демак, ҳар бир абитуриент олдиндан ушбу дарсликлар асосида тайёргарлик кўришлари мумкин бўлади.
– Тест синовларидан ўтиш жараёнлари хусусида ҳам тўхталсангиз.
– Тест синовлари бошланишидан олдин саволлар китоби ва жавоблар варақаси тақдим этилади. Гуруҳ назоратчиси томонидан абитуриентларга саволлар китобидаги нуқсонларни текшириб кўришига рухсат берилади. Бу вақтда эса абитуриентлар саволлар китобида барча саволлар мавжудлиги ва 4 та A, B, C, D жавоблар бор-йўқлигини, типографик хатоси эканлигини кўриб чиқади ва ишонч ҳосил қилгачгина саволлар китобига имзо қўяди. Агарда саволлар китобида хатолар борлиги абитуриент томонидан аниқланса ва абитуриент тест синовлари бошланишидан олдин гуруҳ назоратчисига бу ҳақда хабар берса, гуруҳ назоратчиси ва бино раҳбари томонидан абитуриентга берилган саволлар китоби алмаштирилади. Тест синовлари бошлангач, абитуриентнинг саволларга эътирози бўлса, бу ҳақда гуруҳ назоратчисига билдириши лозим. Абитуриентга эътирозлар бланкаси берилади ва абитуриент ушбу эътироз бланкасига исм-шарифини ёзиб, саволининг рақамини ва мазмунини кўрсатиб, имзо чекади. Ўша саволнинг жавобин очиқ қолдириши керак бўлади. Агарда абитуриент эътирози ўринли бўлса, унга ушбу саволга балл қўшиб берилади. Асоссиз, деб топилса, ҳеч қандай балл қўшиб берилмайди.
– Абитуриентлар нечта фандан кириш имтиҳонини топширишади ва қанча вақт ичида?
– Жорий йилги тест синовларида абитуриентлар 5 та 3 та мажбурий: она тили, математика, ўзбекистон тарихи ва 2 та мутахассислик фанларидан тест саволларини топширишади. Демак, абитуриентнинг саволлар китобида мажбурий фанлардан 15 тадан 45 та савол, мутахассислик фанидан эса 30 тадан 60 та ва жами 105та саволни ечиш учун абитуриентларга 3 соату 30 дақиқа вақт берилади. Маълумот сифатида айтиш мумкинки, 5 та фандан тест синовлари ўтказилиши 4319 сон ПҚ ва Давлат комиссиясининг 2021 йил 27 мартдаги 11-сон баёни билан тасдиқланган.
– Жорий йилги тест синовларида қандай имтиёзлар бор?
Квотадан ташқари талабаликка имтиҳонсиз тавсия қилиш учун асос бўлувчи имтиёз турлари Ҳарбий қисм қўмондонлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг тавсияномасига эга абитуриентларга, ҳарбий хизматчилар ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари фарзандларига, шунингдек, “Исҳоқхон Ибрат” номидаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернати битирувчиларига берилади. Масалан, Спорт мусобақалари ғолиблари, агар улар Олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича Олимпия ва Паралимпия ҳамда Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон, Осиё ва республика чемпионатларида охирги уч йилда ғолиб ва совриндор (1-3-ўрин) бўлишса, улар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари молиялаштириладиган олий таълим муассасаларига (тиббиёт йўналишидан ташқари) қўшимча давлат гранти асосида имтиҳон синовларисиз қабул қилинади.
Суҳбатдошимиз қуйидаги рўйхатни тақдим этди.
Квота доирасида имтиҳонсиз талабаликка тавсия этиш учун асос бўлувчи имтиёз турлари:
Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари, “Ниҳол” мукофоти соҳиблари, “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиблари, “Тарбиячи” Республика кўрик-танлови ҳамда “Ҳамшира” Республика танлови ғолиблари ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзолари;
Халқаро олимпиадалар ғолиблари: Халгаро олимпиадаларда 1-3-ўринни эгаллаган абитуриентлар олий таълим муассасаларига тест синовисиз ва қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилинади.
-Халқаро математика олимпиадаси (ИМО);
– Халқаро физика олимпиадаси (ИПҲО);
– Халқаро кимё олимпиадаси (ИЧО);
– Халқаро биология олимпиадаси (ИБО);
– Халгаро информатика олимпиадаси (10И).
Имтиҳондан озод этилиб, тегишли фандан маълум миқдорда балл бериш учун асос бўлувчи имтиёз турлари:
Республика фан олимпиадалари ғолиблари;
Чет тили сертификатига эга абитуриентлар;
Бадиий академиянинг Республика танлови ғолиблари;
“Болалар спорт ўйинлари”нинг Республика босқичи ғолиблари;
Умумтаълим фанларидан миллий сертификатга эга абитуриентлар;
Қўшимча квота доирасида танловда иштирок этиш учун асос бўлувчи имтиёз турлари:
Олис чўл ҳудудлари аҳолиси;
“Боботоғ” ҳудудидаги ёшлар;
Ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари;
Ички ишлар органлари ходимлари фарзандлари;
Ногиронлиги бўлган шахслар;
“Меҳрибонлик” уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари;
Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар;
Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ходимлари;
Ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга абитуриентлар.
Зулфизар Мавлонова суҳбатлашди.