ЎЗБЕК ҚИЗИ ЖАҲОН МИНБАРИДА

       Бугунги кунда ёшлар орасида турли тилларга ўрганишга бўлган эътибор ортиб бормоқда. Қайси соҳада бўлмасин, айниқса, инглиз тилига бўлган эҳтиёж юқори. Мактабларда ва олий ўқув юртларида чуқурлаштирилган тарзда ўтилмоқда. Ёшларни ҳар томонлама етук, билимли, маданиятли ва маънавиятли шахс бўлиб камол топишида турли тилларни ўрганишнинг ўрни, аҳамияти жуда катта. Ҳақиқатан ҳам инсон қанча кўп тил билса, унга имкониятлар эшиги шу қадар кенг очилади. “Тил билган эл билади” дея бежизга айтишмаган.

Бухоролик Нигина Юлдашева ҳам кўплаб тенгдошлари қатори инглиз тилига ишитёқи баланд. Айни кунларда Бухоро давлат университетининг инглиз филологияси бўлими 3-босқичида таҳсил олаётган Нигина мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ инглиз тилида мукаммал ўзлаштириб олган. Шунингдек, рус тилида ҳам бемалол мулоқот қила олaди. Ҳозирда испан тилида сўзлашувни ўргана бошлаётгани эса тенгдошларини ҳайратга солмоқда.

– Ўз олдимга ҳамиша катта-катта мақсадларни қўяман. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва ELS (educational services) томонидан ўтказилган “Кўп тиллар – бир олам” (“Many Languages One World”) иншолар танловида иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритдим. Жаҳон минбарларида туриб, Ўзбекистон ёшлари номидан истеъдодимни намоён эта олганимни ўзим учун шараф, деб билдим. Болалигимдан чет тилларни ўрганишга бўлган қизиқишимдан ташқари, хорижий мамлакатларнинг урф-одатлари, яшаш тарзлари, маданиятига жуда қизиқиб келганман. Шу боисми, бу жиҳатларни доим интернет сайтлар орқали кузатиб, ўрганаман. Шундай кунларнинг бирида Халқаро танлов эълон қилинди. “Many Languages One World”! унда иштирок этишни астойдил истадим. Бироқ, инглиз филологияси йўналишида таҳсил олаётганим боис, Халқаро танлов шартларига кўра, иншони бошқа тилда ёзишимга тўғри келди. Рус тилини ҳам мукаммал билганим боис, берилган мавзу бўйича иншони рус тилида ёздим. Унда хорижий тилларнинг ҳаётимиздаги ўрни, миллатлараро тотувликни ўрнатишидаги аҳамияти, ўз ўрнида муаммолари хусусидаги қарашларимни ифоладим. Буни қарангки, мен ёзган иншо ҳам грамматик, стилистик ва маъно-мазмун жиҳатдан ҳам аъло баҳоланди. Дунёнинг 170 дан ортиқ давлатидан  5000дан зиёд ёшлар иштирок этган танловда ғолиб бўлганимдаги хурсандчилигимни ифодалай олмайман,-дейди Нигина ҳаяжон билан.

Ғолиблик сабаб Бостондаги Northeastern университетига сафар Нигинанинг ҳаётидаги унутилмас воқеа бўлди. Турли ўқув-семинарларда янада тобланди. Дўстлар орттирди.

-Ўшанда ҳаяжонимни яширолмадим. Мен каби халқаро танловда ғолиб бўлган 60 нафар талаба учун агар истасак, ўз таҳсилимизни Бостондаги Northeastern университетида давом эттиришимиз имкони берилди. Айниқса, БМТ бош қароргоҳида ўтказилган Ёшлар форумида менинг ўзбекистонлик талаба сифатида жаҳон минбарига чиққаним мени янада фаол, масъулиятли ва ўрнак бўлишга ундади. Унда мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, ҳар бир соҳадаги изчил ислоҳотлар, туб бурилишлар, мамлакатимиз ёшларига яратилаётган имконият ва шарт-шароитлар, спорт, санъат, фан ва инновация, яратувчанлик ва кашфиётлар оламида Ўзбекистон ёшларининг тобора пешқадам бўлиб бораётгани, буюк ва бебаҳо тарихимиз, бугунимиз ва ёрқин келажагимиз тўғрисида сўзладим. Келгусида жонажон ўзбек тилимни ардоқлаб, севиб, унинг вориси сифатида бойитишга ҳисса қўшиш баробарида инглиз, рус тиллари қатори Бирлашган Миллатлар ташкилоти расмий тиллари ҳисобланган кейинги француз, испан, хитой ва араб тилларини  ҳам мукаммал ўрганиш учун бор истеъдод ва салоҳиятимни ишга солишимни билдирдим. Иштирокчиларнинг ўринларидан туриб олқишлашганда, рости, йиғлаб юбордим. Елкамда, кафтларимда, кўзларим қаросида, киприкларимда Ўзбекистонни ҳис қилдим,-дея сафар таассуротларини ҳаяжон билан сўзлайди Нигина.

Кўкси бир олам орзуларга лиммо-лим Нигина изланишларда давом этишини, ҳеч қачон тўхтаб қолмаслигини, ўз билганларини тенгдошларига ҳам ўргатишини билдирди. Айниқса, “Ҳар бир тенгдошимга ҳам Ўзбекистон номидан жаҳон минбарларида баралла сўзлаш бахти насиб этишини жуда-жуда хоҳлайман!”-деган сўзлари ҳикоямиз қаҳрамонининг самимий ва жонкуярлигини  яна бир карра  исбот этди. Албатта, ҳар бир ёш ўз устида ишласа, ҳаракат қилса, интилса, Нигина сингари муваффақиятга эриша олади.

Лайло ҲАЙИТОВА