ЁШ ОИЛАЛАР ТАҚДИРИ ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА

Ўзбек миллати азалдан оилапарвар халқ саналади. Ҳар бир ота-она учун камида учтадан фарзандни дунёга келтириб, уни мустақил ҳаётга тайёрлаш қарздек бўлиб қолган. Бирин-кетин фарзандларини катта оилага айлантираётган ота-оналар учун бу ҳақиқатан жиддий муаммо туғдира бошлайди, айниқса, уй-жой масаласи. Ахир ҳар бир ота-она фарзандига алоҳида уй-жой қилиб беришни истагани билан ҳар кимнинг ҳам бунга қурби етавермайди!

Мамлакатимизда жамият негизи бўлган оила мустаҳкамлигини асраш, мустақил ҳаёт остонасида турган ёш оилаларни қўллаб-қувватлашнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилгани оилапарвар халқимиз зиммасидаги ана шу юкни анча енгиллаштирди. Муҳтарам Президентимизнинг 2007 йилда “Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар  тўғрисида”ги Фармони шундай юксак  ғамхўрликнинг ҳаётий намунаси бўлди.  Ушбу Фармоннинг эзгу ниятлар билан янги ҳаёт бошлаган ёш оилаларга кўмак беришга, уларнинг барқарорлиги учун зарур шарт-шароитлар яратишга  қаратилгани натижасида шу йиллар давомида биргина Бухоро вилоятининг ўзида 200 дан ортиқ ёш оилалар имтиёзли кредитлар асосида уй-жойга эга бўлишди.

Бугун ана шу Фармоннинг узвий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги 250-сонли қарори асосида жамиятнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашиб келаётган ёш оилаларга имтиёзли равишда уй-жойларнинг топширилаётгани оила пойдеворини мустаҳкамлаш борасидаги савобли амаллардан бири бўлди, десак муболаға бўлмайди.

-Бугун ижтимоий-иқтисодий жабҳаларда эришаётган ютуқлар кўлами йил сайин кенгайиб, кўпчиликнинг ҳавасу ҳайратини оширмоқда. Мамлакатимизнинг қайси гўшасига борманг, янгиланиш ва улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўласиз. Ҳар бир шаҳар ва туман, қишлоқ ва маҳаллалар тобора чирой очмоқда. Айни кунларда Когон шаҳри қиёфаси ҳам таниб бўлмас даражада ўзгариб, вилоятнинг чинакам марваридига, гўзал ва мафтункор манзилига айланиб улгурди. Кечагина эътиборга муҳтож манзилда бугун кўркам ва замонавий усулда бунёд этилган  4 қаватли 64 хонадондан иборат “Камолот” Уйи” қад кўтарди. Бу иншоот шаҳар кўркига кўрк қўшди. “Марсиан+” масъулияти чекланган жамият бунёдкорлари томонидан барпо этилган ушбу “Камолот” Уйи”нинг рамзий калити ёш оилаларга топширилди, – дейди Ҳаракатнинг вилоят кенгаши раиси Дилшод Ҳакимов.

Бундай ғамхўрлик ва эзгу амал, албатта, ёшларда ўзи қурган янги оила учун ғурур ва масъулият ҳиссини кучайтиради.

Нигина Муҳиддинова, БухДУ жисмоний тарбия факультети магистри, taekvon-do ITF тури бўйича икки карра мамлакат чемпиони, жисмоний тарбия назарияси ва методикаси бўйича республика фан олимпиадаси ғолиби:

-Биз ёш оилалар учун бундай имтиёзнинг берилиши, айни муддао бўлди. Ваҳоланки, кичикроқ бўлса ҳам уйимиз бўлишини, бу масалада ота-она, қайнона-қайнотамизга юкимиз тушмаслигини жуда-жуда истардик. Аммо ўзингиз биласиз, қўлингизда сармоя бўлмаса, бундай ниятларнинг ушалиши анча қийин. Давлатимиз ғамхўрлиги остида уч хонали замонавий ва шинам уй-жойга эга бўлдик. Бу эса зиммамиздаги фуқаролик масъулиятимизни янада оширди. Турли соҳалардаги ютуқларимизни ошириб, гўзал ва меҳр-муҳаббатли, тинч ва аҳил оиламиз мустаҳкамлигини асраймиз.

Фарҳод Бобожонов, Бухоро Нефть ва газ саноати корхонаси иш юритувчиси, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари “Энг илғор взвод командири” танлови ғолиби:

–   Ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тикланган уй-жойлар учун ажратилган маблағ ҳазилакам пул эмас. Бунинг замирида оила осойишталигини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, оилада ҳар томонлама етук фарзандларнинг камол топишини қўллаб-қувватлашдек улуғ мақсад ётади. Бундан ташқари, бу хайрли ишлар биз, ёш оилали фарзандлари учун уй-жойни кенгайтириш мажбуриятини ўйлаб, ташвишларга қорилиб юрган ота-онамиз зиммасидаги юкни ҳам аритди.

Дарҳақиқат, шундай! Энг эътиборлиси, бундай ғамхўрлик ва оилапарварлик ортида ҳар бир ёш оиласи тақдири давлат ҳимоясида, ўзи эса шу давлатнинг мустаҳкам қўрғони, унинг келажаги ва ёрқин тақдири эканлигини ҳис қилиб яшайди. Ўз ўрнида айтиш жоизки, ёшлардан талаб қилинадигани эса шундай ғамхўрликларга яраша меҳнат қилиш, шу юртга, шу Ватанга садоқат ҳисси билан яшаш ва оила қўрғони мустаҳкамлигини кўз қорачиғидек асраш.

Лайло ҲАЙИТОВА