БИР ҚАТИМ НУР ТАРАТИБ…

 Тонг саҳарда уйқусираган кўзларини ишқалаб ҳовлига чиққан Улуғбек ака гилам тўқув дастгоҳи олдида бир қизалоқни кўриб, аввалига ҳайрон қолди. Кейин зимдан кузатди. Қизалоқ дастгоҳнинг чилқатимларини (қирқип) нозик ва нафис бармоқчалари билан гиламтароқ ёрдамида тарар, сўнгра дастгоҳ тўқмоқчаси билан уни оҳиста-оҳиста уриб қўярди. Улуғбек ака кулимсираганча турмуш ўртоғи Зулхумор опани имлади.

-Вой, ўзимизнинг Маржонаку, қўшни Комилжон аканинг эркатойлари,-деди Зулхумор опа қизалоққа кўзи тушиб.

Маржона мунчоқ кўзчаларини пирпиратганча салом бера солиб, “Мен гилам тўқувчи бўлмоқчиман!”-деди.

7 яшар қизалоқнинг шашт билан айтган бу сўзларини Улуғбек ака ҳамда Зулхумор опалар ҳали-ҳалигача хурсанд бўлиб эслашади.

Маржона 13 ёшидаёқ яхшигина гилам тўқувчи бўлишга улгурди, десам хато қилмайман. Болалигиданоқ ҳунаримизни зимдан кузатиб туриб, уни ўрганишга иштиёқи зиёдалигини кўрсатди. Ҳунар ўрганишга қунт билан ёндошуви, муҳими, қизиқишларининг устунлиги уни бугун маҳоратли тўқувчи уста даражасига етаклай олди,-дейди устози Улуғбек Қосимов.

Маржона Кенжаева Бухоронинг ҳунармандлари гавжум Эски шаҳрида туғилиб ўсди. Эсини танибдики, ҳунармандлар билан бирдевор оша яшайди.

Бугун унинг томонидан тўқилаётган гиламлар ўз кўрки ва жилоси билан хорижлик сайёҳларнинг ҳам назарига тушган.  Кўҳна “Сайфиддин Карвонсарой” мажмуасида гиламбофлик ҳунармандчилигини янада ривожлантириш мақсадида саъй-ҳаракат қилаётган ёш ҳунарманд қизнинг гиламлари харидоргир.

Санъат асари даражасида чиройли ва бежирим тикилаётган гиламларимиз дилтортар бўлиб, чет элликлар орасида ҳам уларга орзуманд харидорлар етарли. 200 минг сўмдан 1-1,5 миллион сўмгача бўлган маҳсулотимиз билан чет эллик харидорларимизнинг савдо-сотиғига қўр бағишлаймиз,-дейди Маржона.

Ҳар бир ҳунарнинг заҳмати бор, деганларидек, ҳикоямиз қаҳрамонининг айтишича, ипак қатимлардан тайёрланадиган битта гилам тўқиш учун камида олти ой вақт сарфланар экан.

Биргина гилам гулларига жило беришда фойдаланиладиган табиий рангларни тайёрлаш жараёнларининг ўзи ҳам анча-мунча вақтни “ўғирлаб қўяди”. Пиёз, анор, қовоқ, ўсма, гулисапсар ва бошқа гул, сабзавот ва  экинлар, шунингдек, уларнинг баргу илдизлари сувларидан ранглар тайёрланиб, махсус воситалар билан уларга ишлов берилади. Айнан гиламлар ипак толалар билан тўқилиши боис ҳам ранглар янада жилоланади, ва айтишим лозимки, ушбу ранглар ҳеч қачон ўз тусини йўқотмайди,-дейди кулиб Маржона,- 13 ёшимдан ҳозирга қадар 11 дона катта гилам тўқиганимни инобатга оладиган бўлсам, кичикроқ ҳажмдаги юзлаб осма гиламлардан ташқари, гиламдўзлик қийинчиликларини билганим учунми,  ўн йил ичида 11 дона гилам тайёрлаганим – мен учун катта ютуқ.

%d1%85%d1%83%d0%bd%d0%b0%d1%802

Ҳа, гиламтўқув дастгоҳи олдида уч-тўрт боғланма қаватчалар оралиқ турли рангдаги чилқатим (қирқип) сирғалувчи ипак толаларни бири-бирига улаб, унга “Учиб ўтган қуш”, “Сакраб бораётган оҳу”, “Юлдузли осмон оймомаси” нусхасини тушириш – машаққат: табиатга аввало рассом нигоҳи билан сингиш, уни хаёлларда қайта-қайта пейзаж, сўнг ранглар уйғунлигини ипак толаларда мутаносиблаш ва ҳоказолар… Шундай заҳматлардан яралган мўъжиза асар – ипак гиламларни бир-бир кузатиб,  бир қатим нур таратиш учун ҳунарманднинг қанчалар кўз нури, қалб қўрини бағишлашини матонатга қиёсласак муболаға эмас.

Уста-гиламчи қизнинг Муҳаммадсодиқ Акрамов, Мўмина Қиличева, Малика Юсупова, Рисолат Акрамова каби шогирдлари билан тикадиган ипак гиламларининг ўз қадим услуб-анъаналари бор. Сеҳркор бармоқлар яратган, ҳар бири санъат асари бўлгулик “Чорбоғ”, “Гумбаз”, “Аноргул”, “Кашкаи”, “Инси”, “Сасоний”, “Тека”  дея номланган гиламлари кишининг кўзу кўнглини олади.

Ҳукуматимиз томонидан тадбиркор ёшлар учун жуда кўп имкониятлар яратилган. Маржона ҳам ана шундай имкониятлардан фойдаланиб келмоқда. Турли тадбиру танловлар иштирокчиси. “Қўли гулдир ўзбек қизининг”, “Юрт келажаги” кўрик-танловларида иштироклари ёш ҳунарманднинг сайқалланишига, эл эътиборига тушишига ёрдам берди.

Бугун бор меҳри ва қалб қўрини нафис ва мафтункор санъат тури – гиламдўзлик ҳунарини янада ривожлантиришда ҳисса қўшаётган Маржона Кенжаевага куч-ғайрат тилаймиз.