Sharif shaharda shonli shukuh

 

Дунёда инсон зоти борки, ҳурлик, истиқлол туйғусини дилига жо қилиб, унга интилиб яшайди. Шу улуғ ниятлар йўлида бел боғлайди. Тарихда ўтган буюк аждодларимиз тақдири, кечмиши бунга яққол мисол бўла олади. Широқ, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур каби бобокалонларимиз эл-юрт истиқлоли, озодлиги учун жон олиб, жон бердилар. Ватанимиз тарихига назар ташласак, улардан кейин ҳам  қанчадан-қанча фидоий аждодларимиз мустақиллик, ҳурлик, тенглик йўлидаги курашларда қурбон бўлишганига ишонч ҳосил қиламиз.

Бироқ… Бироқ, бизнинг бахтимиз шундаки, улар кўра олмаган Ватан мустақиллигини кўриш, истиқлол неъматларидан баҳраманд бўлиш бизга насиб этди. Ўзбекистон дунёга юз тутди. Халқаро минбарларда Ўзбеклар сўзи янгради.

    70

“Бетакроримсан, ягонасан, Она Ватаним – Ўзбекистоним!” – бу гўзал ва улуғвор шиор ҳам мамлакатимизнинг 24 йил давомида босиб ўтган ҳаётбахш йўлининг ёрқин ифодасидир. Гарчи, ўтган йиллар, бир қарашда, арзимас бўлиб туюлса-да, эришган ва эришаётган ютуқларимиз салмоғи юз йилликларга тенглашиб бормоқда. Илм-фан, маданият, санъат ва спорт соҳаларида, Ватанимиз сарҳадларини асраш борасида, халқимиз, айниқса, ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилган ишлар кўнгилларда фахр туйғусини уйғотади. Юксалиш ва тараққиёт одимларини кузатиб, енгил тин, қалбда ифтихор билан “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?!” дея ғурурланиб  қўямиз. Халқимиз, ёшу-кексаларнинг шукроналик билан яшаши замирида ана шу теран ҳақиқатни ҳис этиш туйғуси ётибди.

1002

Ортга назар ташлайдиган бўлсак, шу 24 йилнинг ҳар куни давлатимиз мустақиллигини мустаҳкамлашда ҳисса қўша оладиган тенгсиз мезонлар билан бойиди. Тарихнинг олтин зарварақларида муҳрланган мустақиллик миллатимизнинг миллий байрамига айланиб улгурди. Зеро, бугун бу байрамни, унинг йиллари салтанида бўй чўзган амалларни бутун дунёга кўз-кўз қилишга ҳақлимиз. Жорий йилда Ватанимиз, мамлакатимиз истиқлолининг шонли санаси, мустақилликнинг 24 йиллигини баланд руҳ ва кўтаринки кайфият билан кутиб олишда ғоятда муносиб ишлар амалга оширилмоқда.

Буни биргина ҳар бир тошида минг битта ҳикмат яширинган, азалдан Шарқнинг илм-маърифат маркази ҳисобланган Бухоройи шариф мисолида қарайдиган бўлсак, бугун шариф шаҳар чинакам ривожланиш йўлига чиқди. Унинг қиёфаси йилдан-йилга эмас, кундан-кунга ўзгармоқда. Бир киприк қоқгулик лаҳзада кечагина нураб бораётган деворлар ўрнида ҳайратомуз муҳташам бинолар қад ростлади: замонавий иншоотлар, равон йўллар, илм-маърифат масканлари, бир-бирига туташ боғлар, хиёбонлар ташкил этилди. Қишлоқлари ободлиги шаҳарларга бўйлашади. Айниқса, Президентимиз ташаббуслари билан Бухоронинг Ўзбекистон кўксидаги гўзал бўстон сифатида бутун дунё нигоҳида қайта кўз очгани, нафақат, халқимиз, балки жаҳон аҳли қалбида завқу-шавқ ва ҳайрат уйғотди. Юртбошимиз таъкидлаганларидек, Оллоҳ назари тушган бу хосиятли заминда Мўъжиза яратилди. Бир мўъжизаки, бунёдкорлар, меъморлар, ўз касбининг устазодалари бўлган нақш ўймакорлари, қўйингки, мамлакатимиз халқ  хўжалигининг турли соҳа мутахассислари енг шимариб, хайрли ишга киришдилар. Қадимда Бухоронинг узоқ кенгликларини ўраб олган 350-400 километр масофали, кенглиги 12 метр ҳамда баландлиги 8 метрдан иборат “Кампир” девори (“Девори Кампирак”)нинг ҳалигача мавжудлиги археологлар томонидан аниқланиб, каттагина қисми тикланди ва қайта таъмирланди. Шунингдек, Ҳазрати Имом, Саллохона ва Шайх Жалол дарвозаларининг қайта реконструкция қилингани Бухоронинг юртимизнинг чинакам марваридига айланганидан далолат. Бу юксалишлар, албатта, мустақиллигимиз шонли тантанасига муносиб ҳиссадир.

Бири-биридан тенгсиз намунали уй-жойлар, “Камолот” уйлари”, турли корхона ва ташкилот идоралари бинолари шаҳар қиёфасини мислсиз даражада ўзгартириб юборган. Энг, асосийси, ёш оила соҳибларига у йигирма йилга имтиёзли кредит асосида берилган. Давлатимизнинг бундай ғамхўрлигидан ёшлар бениҳоя мамнун. Бундан ташқари, шаҳар ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш ва архитектура қиёфасини ўзгартириш мақсадида фавворалар майдони ҳамда истироҳат боғи бунёд этилди. Бухоро шаҳар марказидаги ушбу Абу Али ибн Сино номли маданият ўчоғининг бетакрорлигини кўриб, унда минглаб қурувчи ва меъморлар, халқ усталарининг маҳоратию, бунёдкорлик истеъдодлари  акс этганига, халқимизда азалдан янгиликка интилиш, бунёдкорлик фазилати юксак даражада қадрланиб келаётганига амин бўласиз.

Вилоят ҳокимлигининг жорий йил дастурига мувофиқ, халқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, ички инфратузилмаларни такомиллаштириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга эришиш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, янги иш ўринларини яратиш каби аниқ мақсадларга қаратилган тадбирларни амалга оширишга асосий эътибор қаратилмоқда. Вилоятнинг ижтимоий—иқтисодий тараққиётини таъминлаш мақсадида хорижий сармоядорлар жалб этилиб, минглаб ишчи ўринлари ташкил этилмоқда. Саноатчиларимизнинг ижтимоий ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш йўлидаги саъй—ҳаракатлари туфайли ижтимоий—иқтисодий кўрсаткичларимиз ҳам тобора яхшиланиб бораётганлигини алоҳида таъкидлаш ўринли. Чунончи, жорий йилнинг биринчи ярмида Юртбошимиз томонидан белгилаб берилган устивор вазифаларнинг тизимли равишда амалга оширилиши натижасида иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатларига ҳамда аҳоли турмуш даажасини изчил юксалишига эришилган. Хусусан, вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 3 триллион 691,8 миллиард сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 107,2 фоизга ошган. Шунингдек, саноат моллари ишлаб чиқариш 107,5 фоизга, чакана савдо айланмаси 114,2 фоизга, хизматлар кўрсатиш 115,6 фоизга, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш 106,6 фоизга, ташқи савдо айланмаси ҳажми 132,2 фоизга, импорт ҳажми 185,3 фоизга ўсди. Қилинаётган ҳар бир сайъ-ҳаракат ортида инсон манфаати, унинг фаровон турмуши мужассам. Бу эса саноатчиларимизнинг истиқлолимизнинг 24 йиллигига муносиб армуғонларидир, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси, Бухоро вилояти ҳокими Муҳиддин Эсанов.

60

Ташланаётган дадил одимлар устивор вазифа сифатида белгиланган аҳоли бандлиги даражасини оширишнинг энг муҳим манбааларидан бўлган хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси, касаначилик ва бошқа соҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш ҳам доимий эътиборда. Вилоятда хориж технологияси билан жиҳозланган корхоналар сонининг ортиб бораётгани, хизмат кўрсатиш даражасининг юксалиши бандлик муаммосини ечиш билан бирга экспорт салоҳиятини ҳам оширмоқда. Энг муҳими, хом ашёлар ўлканинг ўзида қайта ишланаётгани янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш имконини бераяптики, натижада замонавий корхоналарда ишлаб чиқарилган ипак ва пахтага, ун маҳсулотлари ва қурилиш материалларига кўплаб хорижий давлатлардан буюртмалар тушаётир. Бу эса айнан, вилоятнинг ўзида хориж корхоналарининг жадал суръатларда фаолият кўрсатиши имконини берди. Германиянинг “Кнауф” компанияси томонидан  Когон туманидаги “Кнауф гипс” хорижий корхонаси, Уз-Корея Медикал” қўшма корхонаси шулар жумласидандир. “Бухоро нью текстиль”, “Form inside group” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан шу йилнинг беш ойи мобайнида 2 миллион 365 минг АҚШ долларилик ип-калава экспорт қилинди. Бу йил бошида кўзда тутилганидан қарийб 2,7 баробар кўпдир.

Бу, албатта, ички бозоримизни сифатли ҳамда рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдиришга, шунингдек, аҳолини, аввало, ёшларни иш билан таъминлаш ва шу асосда уларнинг фаровонлигини оширишда ҳам аҳамият касб этади.

Ҳар бир интилиш, ташаббусда, олдинга қўйилган эзгу қадамларда инсон манфаати, ёшлар тақдири ётади. Зеро, Бухоронинг 1729700 нафар аҳолисининг 486765 нафарини  ташкил этадиган ёш авлод бугунги кунда шу ўлканинг ишончи, таянчи, унинг тараққиётини белгиловчи навқирон куч бўлиб турибди.

Буни айниқса, ўрта махсус касб-ҳунар таълими тизими битирувчилари тимсолида баён этсак, хато бўлмайди. Бугун Бухоро вилоятида  80 та касб-ҳунар коллежи ва 8 та академик лицейлар мавжуд бўлиб, уларни мазкур йилда 26678 нафар йигит-қизлар битирди. 99,1 фоизи билан 11904 та корхона ва ташкилотлари билан уч томонлама шартномалар имзоланган.

— Мамлакатимизнинг энг катта бойлиги, фақатгина, унинг ер ости фойдали қазилмалари ёки унумдор далалари эмас, балки, ақлли, билимли, ишбилармон, меҳнаткаш ва тадбиркор ёшлари ҳамдир. Касб-ҳунар коллежи битирувчиларини эгаллаган касблари бўйича турғун ишга жойлашишини таъминлаш мақсадида уларнинг ишлаб чиқариш амалиётини сифатли ва мазмунли ўтказишларига ҳам катта эътибор берилмоқда. Коллеж ва корхона, ташкилотлар билан ҳамкорлик шартномалари тузилган. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят Кенгаши ва бошқа ташкилот, идора билан биргаликда мунтазам равишда меҳнат ярмаркалари ташкил этилмоқда. Бу эса ёшларни иш билан таъминлашнинг муҳим шарти. Айтиш жоизки, жорий йилда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун тижорат банклари томонидан берилган 18,0 миллиард сўм миқдоридаги кредитлар ҳам уларнинг келажаклари пойдеворини мустаҳкамлашда яхшигина сармоя бўлди. Шунингдек, 101 нафар битирувчи 870,2 миллион сўмлик имтиёзли кредитни қўлга киритиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаб юборди, -Бухоро вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Ҳамид Қобилов

Дарҳақиқат, замон ўз касбини эгаллайдиган ёшларники бўлиши, шубҳасиз. Замонавий андозалар асосида барпо этилган 700га яқин та спорт заллари, 6 та сузиш ҳавзаси, 670дан ортиқ ахборот-ресурс маркази, 30 та истироҳат ва дам олиш боғлари ва бошқа муассасалар улар хизматида. Ҳеч кимга сир эмаски, вилоятнинг сузиш спортига қизиқувчи ёшлари шу чоққача Бухоро шаҳар марказидаги биргина “Семурғ” спорт мажмуасига қатнар эдилар. Хўш, эндиликда-чи?! 6 та ёпиқ сузиш ҳавзаси улар хизматида. Ёшларнинг ушбу спорт мажмуаларида сузиш маҳоратини эгаллашлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган.

Озод Ватанимизнинг 24 йиллик тўйи нишонланадиган йилда вилоятнинг қайси бир соҳасига қараманг, ўсиш, тараққиётни кузатиш мумкин. Аграр соҳа ходимлари, пахтакорлар ғайрат кўрсатишди. Ғаллакорлар қирмизи донларини юрт хирмонига тўкишган бўлса,  чорвадору соҳибкорлар ҳам ўз сўзлари устидан чиқишди. Эл дастурхонининг тўкин, турмушининг фаровон бўлишида ҳисса қўшишди.

Ривожланиш ўз самарасини бергани сари одамларнинг фикри, дунёқараши, Ватанга, меҳнатга, мулкка, моддий-маънавий манфаатдорликка муносабати ҳам тамомила ўзгарди. Мухтасар қилиб айтганда, Бухоро вилоятида амалга оширилаётган ҳар бир интилиш, янгиланишни зилол чашмасига қиёслаш мумкин. Чашмалар йиғилиб, улкан дарёни ҳосил қилганидек, ислоҳотлар жамулжамликда “Бухоро — бунёдкор ва меҳнаткаш ўлка” деган улкан ҳақиқатни намоён этади.

Тупроғи олтиндан-да азиз, табаррук Бухоро қиёфасида бугун янгича жамол мужассам. Кўксида  куч-қувват ва бағрикенглик туйғулари жўшиб, кафтида келажак масъулиятини тантилик билан опичлаб бораётган ҳамда истиқлолнинг 24 йиллик шонли тўйини шараф билан қаршилаётган танти ва меҳнаткаш бухороликларни ва унинг бунёдкор ёшларини шукуҳ, кўҳна заминнинг қадим пойдеворларидек мустаҳкамлик асло тарк этмасин, деймиз.

Лайло ҲАЙИТОВА