Yoshlar ovozi

 ОНА ВАТАНИМИЗ – ЎЗБЕКИСТОН

Умри поёнига етиб бораётган бир ота фарзандларига:

-Болаларим, мен сизларга ҳеч қандай молу-давлат, бойлик қолдиролмадим. Лекин ҳунарманд, ўқимишли қилиб улғайтирдим. Сизлардан истагим, мендан кейин бир-бирингизни унутманг, меҳрингизни дариғ тутманг!, -деб ёруғ дунёни тарк этибди.

Фарзандлар оталарининг сўнгги истакларини бажо келтириш учун бир умр бир-бирларига меҳрибон бўлиб яшашибди. Йиллар ўтиб, шуни англашибдики, инсонда умри давомида топган бойликлари эмас, балки, одамлардан олган ҳурмат-иззатлари, меҳр-муҳаббатлари абадий қолар экан.

Дарҳақиқат, атрофимиздаги бутун борлиқ аталмиш – табиат сингари инсондан мерос қолувчи меҳр-муҳаббат умрбод яшайди. Табиат оламни чиройли қилиб, безаб туради. Бахтли, фаровон ҳаётни яратиб берувчи меҳр-муҳаббат эса киши умрини гўзаллаштиради.

Мирзакалон Исмоилий айтганидек: “Гўзаллик табиатнинг яхши неъматларидан бири. Маънан етуклик, ширинсўзлик, кўнгилхонлик эса инсон ҳуснининг шартлари бўлиб, улар бўлмаса инсонда на гўзаллик, на ҳурмат-иззат бор”. Демак, ҳар бир одам хулқи, юриш-туриши, ўзини тутиши, маънавий савияси жиҳатидан эл орасида ё яхши, ёки ёмон ном қолдиради.

Яхши фазилат шундай улуғки, уни одам ҳаётининг маънавий хазинаси, деса ҳам бўлади. Бу хазина инсон ҳуснининг дурдоналари саналади. Маънавият инсоннинг руҳияти, қалби ҳамда онгида шаклланиб улғаяди. Маънавиятнинг шаклланишида нафақат олган билимларимиз, ўқиган китобларимиз ҳисса қўшади, балки, Юртбошимиз айтганларидек “Ҳаётнинг баъзида аччиқ, баъзида қувончли сабоқлари”да ривожланади. Умрнинг чигал вазиятларида биринчи ёрдам вазифасини ўтайди. Шундай экан, қалбимиз қуёши саналган маънавиятимиз доимо бойиб, ҳаёт йўлимизни чароғон айласин. Чунки улуғ мутафаккирларимиз илм ортидан қувиб, маънавият чўққисига етиб, бой мерос қолдирганлар. Аждодларга  муносиб бўлмоқ, улар меросини авайламоқ даркор. Шундай учқунга айланайликки,  бирлашганда аланга ҳосил бўлсин, парвозда тоғлар ортда қолсин. Ёниб яшамоқ, юрт учун куюнмоқ, фидоий бўлмоғимиз лозим. Зеро, бугун юртимиз дунёдаги энг тинч ва ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олган. Не-не машаққат ва меҳнат билан ота-боболаримиз, ака-опаларимиз қўлга киритган мустақилликни абадийлаштирмоқ биз ёшларнинг бурчи ва мажбурияти ҳамдир.

Бизнинг бетакрор, ягона она Ватанимиз – Ўзбекистон учун ҳамиша халқимизга бўлган меҳримиз, Ватанимизга муҳаббатимиз, тарихимиз ва миллий, маданий меросимизга нисбатан ҳурматимизни ўз шижоатимиз билан намоён этайлик.

Зулфизар МАВЛОНОВА

МАҚСАДИМ — ЙЎЛДОШИМ

      Бола дунёсини ўйинчоқларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Болаларни соғлом фикрли қилиб тарбиялаш уларни мурғак калбига, айниқса, анъана ва қадриятларимизга нисбатан ҳурмат туйғусини шакллантиришга ўз қўлларимиз билан ясаган ўйинчоқларнинг аҳамияти беқиёсдир. Миллий ўйинчоқлар қўғирчоқсоз уста ва ҳунармандларнинг қалб қўри, меҳнат маҳсули сифатида юзага келади. Улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар табиий хом ашё-лой, тери, ёғоч, газламалардан тайёрланганлиги боис, экологик жиҳатдан тоза ва хавфсиз ҳисобланади.

      Мустақиллик боис, миллий қадриятларимиздан бўлган кулолчилик санъатини  ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилди.

     Уста кулол ўз амалий ишини санъат даражасига етиши учун бор маҳоратини ишга солиб,  ижодий ёндошган ҳолда  меҳнат қилиши керак. Ана  шунда  у ясаган маҳсулот харидор эътиборини жалб эта олади. Табиий лойдан қўл  меҳнати асосида юксак маҳорат, нозик дид ва меҳр билан  тайёрланган эртак каҳрамонлари, кулиб турган юзларида ўзбекона лутф уфурган, ўзбегимнинг сулув қизлари, нуроний бобо ва фариштадай буви сиймоси тасвирланган ўйинчоқ ҳайкалчалар нафақат ўзбегимнинг, балки  хорижий сайёҳ меҳмонларни ҳам беэътибор қолдирмайди.

    Лойдан ясалган ўйинчоқларни азалдан халқимиз уй тўридаги жовонлар ёки меробларга териб қўйишган.

Мен ҳам амалий санъатнинг бу ноёб турини тайёрлашга жуда қизиқаман. Айни дамда бу санъатни мукаммал ўрганиш, унинг нозик сирларини билиш учун уста кулол Нозим Раҳмоновга шогирд тушганман. Ўйинчоқ ҳайкалчалар ясаётганимда, аввало, унинг ҳамма нарсага иштиёқ билан қарайдиган болаларнинг ва харидорларнинг қизиқиши ва ҳиссиётига эътибор бераман, алоҳида эътибор, бадиий  маҳорат  билан  яратилган  ўйинчоқ  ҳайкалчалар  болаларга  эстетик  дид, гўзалликка  меҳр,  қарияларни  қадрлаш  туйғуларини  тарбиялайди. Мен  халқ  амалий  санъати  намуналари бўлган  ғоят  нафис  ва  бежирим бўлган  ўйинчоқларни  кулолчилик  маҳсулотларидан ясашнинг сир-асрорларинини  ўрганиб,  ўзим  ҳам  уста  кулол  бўлиб  Когон  туманимизда “Когон  кулолчилик” мактабини  яратишини  мақсад қилганман. Мақсадим — йўлдошим бўлса, дейман.

                                                                                Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА,                                                                                       вилоят ҳокими стипендианти.

БАХТЛИ ЮРТНИНГ БАХТИЁР ФАРЗАНДИМАН

70

Бугун ёшларга яратиб берилаётган чексиз имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ўқидим, билим олдим. Жорий йилда Бухоро давлат университети тарих йўналишини имтиёзли асосда тамомлаб, бакалавр даражасига эга бўлдим. Ўқиш давримда қатор ютуқларни қўлга киритдим. Тошкент, Наманган шаҳарларида тарих, диншунослик каби фанлардан ўтказилган республика талабалар олимпиадасида фахрли ўринларни қўлга киритишга муяссар бўлдим. 2014 йилда “Юксак маънавиятли авлод” ёшлар фестивали республика босиқичининг “Энг янги тарих билимдони” номинациясининг фаол иштирокчисига айландим. Шунингдек, мамлакатимизнинг энг янги тарихига доир “Конституция – инсон ҳуқуқлари ва демократия кафолати” номли илк илмий рисолам чоп этилди. Бу ютуқларим замирида биз ёшларга кўрсатилаётган эътибор ҳамда ғамхўрлик мужассам.

Айтишим жоизки, нафақат тарих, балки журналистикага бўлган қизиқишим мени бугун шу соҳада — “Бухоро ёшлари” газетаси таҳририятида ўз фаолиятимни бошлашимга туртки бўлди. Бугун тажрибали журналистлар ва соҳа мутахассислари кўмаги ва маслаҳатида аста-секин ижодий салоҳиятимни ошириб бораётганимдан бениҳоя мамнунман.

Демак, биз ёшларнинг келажакда комил инсон бўлиб камол топишимизда суянч бўлаётган  фидоий инсонлар ва юрт ишончини оқлаш учун чин инсоний фазилатларимизни ҳамда фуқаролик бурчимизни астойдил бажаришимиз шарт.  Бугун тенглар ичра тенг, дея эътироф этилаётган нурли диёримизнинг тараққиётига озгина бўлса-да, ҳисса қўшиб бораётганимдан бахтиёрман.

                                                                                                Шавкат БОБОЖОНОВ,                                                                                      “Бухоро ёшлари” мухбири.

  ИФТИХОРГА ТЎЛИБ ЯШАЙМАН

71

Спорт билан болалигимдан шуғулланаман. У менинг ҳаётимнинг ажралмас бўлагига айланган. Бу соҳада кўплаб ютуқларга эришдим. 2008 йилда пойтахтимизда ўтказилган республика Fudokan Karate-do бўйича мусобоқада биринчи ўринни эгаллаб, 2009 йилда tаekwan-do бўйича халқаро очиқ турнирда учинчи ўринни қўлга киритдим. 2012 йилда қора белбоғ соҳибига айландим.

Айни пайтда Бухоро муҳандислик-технология институти электротехника ва ишлаб чиқаришда ахборот коммуникация технологиялари факультетида таҳсил олиш баробарида “Камолот” лойиҳаларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқдаман. Ёшларни турли зарарли иллатлардан асраш, улар орасида соғлом муҳитни шакллантириш борасидаги фаолиятим учун жорий йил “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан  ўтказилган “Биз буюк юрт фарзандларимиз!” фестивалида “Энг яхши соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси” номинацияси бўйича тақдирландим. Бундан ташқари, ёшлар орасида ОИВ, ОИТСни олдини олиш бўйича БМТнинг Мингйиллик тараққиёт дастури доирасида ўтказилган семинарларда ҳам фаол иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритганман.

Ўзбекистонда ёш авлод камолоти учун яратилган имкониятлар туфайли ана шундай муваффақиятларга сазовор бўлмоқдаман. Келажакдаги мақсадим, спортнинг янада юксак чўққиларини забт этиш баробарида ўз соҳамни мукаммал эгаллаб, эл корига камарбаста бўла оладиган  муҳандис-технолог бўлмоқчиман.

Орзуларимни амалга ошириш йўлида давлатимиз томонидан яратиб берилган чексиз шарт-шароитлар мени юртимизга муносиб фарзанд бўлишга, халқимиз ишончини оқлашга жон-жаҳдим билан интилишга чорламоқда. Мен Ватанимизда, биз ёшларга, келажакка кўрсатилаётган эътибордан доимо руҳлниб, Ўзбекистон фарзанди эканлигимдан ифтихорга тўлиб яшайман.

                                                                                                   Жума САЪДУЛЛАЕВ,                                                                                            “БЁ” газетаси қошидаги “Парвоз” тарғибот гуруҳи аъзоси.

 “ТАЪЛИМ” КАНАЛИ ТАШКИЛ ЭТИЛСА…

72

 Бугун, биз ёшларнинг, таълим олишимиз учун барча шарт-шароитлар муҳайё. Шунга қарамасдан, қайсидир фанни чуқурроқ ўрганмоқчи бўлсак, албатта, репетиторга боришимиз керак. Махсус курслар эса бепул эмас. Махсус курсларнинг бепул ташкил этилиши эса етти ухлаб тушимизга-да кирмайди. Билим олишга интилувчи ўғил-қизлар қанчадан-қанча. Хўш, нима қилиш керак?!

Бу таклифимни ким қандай қабул қилади, билмадиму, аммо, мактаб ўқувчиси учун ҳам, коллеж ўқувчиси учун ҳам иккинчи мактаб керак, деган хулосага келдим. Бу иккинчи мактаб вазифасини эса телевидение ўтай олади.

Эътибор қилган бўлсак, мустақиллик шарофати билан қатор йўналишли ТВ каналлар ташкил этилиб, томошабинлари сафини кенгайтириб бормоқда. Масалан, “Наво” — мусиқий лаҳзаларни тақдим этса, “Кинотеатр” – кино ва театр томошалари билан мухлислар қалбидан жой эгалламоқда. Шунингдек, “Болажон” ҳам ўзига хос йўналиш канал ҳисобланади. Бу қувонарли, албатта.

Бироқ, болаларнинг таълим олиши бепул эканлиги кафолатланган мустақил диёримизда “Таълим” ТВ канали ҳам ташкил этилса, айни муддао бўларди. Кўплаб билим даргоҳларида ўқувчи-талабалар учун дарслар икки сменада олиб борилиши инобатга олиниб, “Таълим” ТВ орқали эрталаб соат 9.00дан кечки 22.00гача турли фанлардан теледарслар ўтилса, синовлар ташкил қилинса. Сиртқи имтиҳонлар ўтказилса. Бу, албатта, репетиторга пул топишда қийналаётган ўқувчиларга катта кўмак бўларди. Бу масофадан туриб ўқитишнинг замонавий усулларидан бири – “Интернет” дарсларидан ҳам кўра, қулай ва албатта, ишончли.

Тўғри, бунинг учун катта маблағ керак. Бироқ, муҳтарам Президентимизнинг ёш авлоднинг ақлий ва жисмоний камолоти учун ҳеч қандай маблағни аямаймиз, деган таъкидлари бизни шундай таклифни ўртага ташлашга ундади.

                                                                                            Зулфизар МАВЛОНОВА,                                                                                     Бухоро Маданият касбҳунар коллежи ўқувчиси.

  ЖАҲОН БОЛАЛАР ЁЗУВЧИСИ БЎЛАМАН

75

Ҳар қандай давлатнинг маданий юксаклик даражаси унинг тили, адабиётининг нечоғлиги бойлиги билан изоҳланади. Ўзбекистон истиқлолининг илк кунларидан бошлаб миллий маънавиятимиз ҳамда адабиётимизни қайта тиклашга киришилди. Собиқ шўролар даврида танқид тошлари отилган буюк адиб ва ёзувчиларнинг нодир асарлари истиқлол шарофати билан нашр юзини кўриб, китобхонлар қўлига етиб борди. Айниқса, болалар адабиётини ривожлантириш борасида амалий саъй-ҳаракатлар амалга оширилди.

Мен ҳам ёш ижодкор сифатида ўзбек болалар адабиётини ривожлантиришни ўз олдимга мақсад қилиб олганман. Ҳозирда шу йўналишда қатор ишларни амалга оширдим. 2012 йилда “Юрт келажаги” республика иқтидорли ёшлар танловида “Наср” йўналиши бўйича биринчи ўринга сазовор бўлдим. “Адиб” нашриёти томонидан “Фаришта Мимнинг саргузаштлари” китобим 20 000 нусхада ҳамда “Янги аср авлоди” нашриёти томонидан “Қора аждар соҳибаси” фантастик ҳикоялар тўплами 5000 нусхада чоп этилди.

2014 йилда Россия Федерациясида “Санъатнинг инсон ҳаётидаги ўрни” мавзуида бўлиб ўтган халқаро иншолар кўрик-танловида биринчи ўринни қўлга киритдим.  Жорий йилда эса Россия Федерациясининг Нижний Новгород шаҳрида халқаро “Янги йил кечаси эртаги” кўрик-танловида иккинчи ўринни эгалладим. Мен  бугун фантастик ва эртак жанридаги асарларим билан тенгдошларим ҳамда таниқли ёзувчилар эътиборига тушганимдан бениҳоя мамнунман.

Балки бу кимгадир эриш туюлар, аммо мен шуни дадил айтаманки, келажакдаги орзуим — бутун дунё эътирофига сазовор эртак-ёзувчи Ханс Христиан Андерсен каби жаҳон болалар севимли ўзбек ёзувчиси, деган шарафга эришиш. Бу шарафга эришиш учун астойдил интиламан. Мени устозлар руҳи ва мадади қўлласин!

                                                                                                          Рушана НАБИЕВА,                                                                                                   “Бухоро ёшлари” жамоатчи мухбири.

 “ЙИЛНИНГ ЭНГ ФАОЛ ЖУРНАЛИСТИ”

78

  “Улкан имкониятлар мамлакати” дея эътироф этилаётган Ўзбекистонда ўзининг иқтидор ва истеъдодларини намоён этаётган ёшлар талайгина. Журналистик фаолияти билан қатор ютуқларга эришиб, ўз соҳасида фидокорона фаолият кўрсатиб келаётган “Истиқлол” телевидениеси мухбири Мадраҳим Турдиев ана шундай иқтидор эгаси. У жорий йилда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ўтказилган “Йилнинг энг фаол журналисти” танлови ғолиби бўлди.

2008 йилдан бошлаб телевидениеда кичик лавҳалар тайёрлаш билан фаолиятини бошлаган Мадраҳим кейинчалик оммабоп кўрсатув ва ижтимоий лойиҳалари орқали томошабинлар диққатини жалб эта бошлади. Унинг “Sport time”, “Ёшлар парвози”, “Менинг маҳаллам”, “Баркамол авлод”, “Бизга қанот” каби кўрсатувлари телемухлислар қалбидан жой олган.

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари Миллий Ассосацияси томонидан ёш журналистлар маҳоратини оширишга қаратилган хорижий мутахассислар иштирокидаги семинар-тренингнинг доимий иштирокчиси Мадраҳим Турдиев 2012 йилда ҳам “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ўтказилган “Энг фаол ёш журналист” кўрик-танловининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритган эди.  2014 йил — “Соғлом бола йили” муносабати ўтказилган VI – ижтимоий роликлар миллий фестивалида ҳам унинг омади кулиб боққан:  “Энг яхши ролик” номинациясига эга бўлган.

Ҳар бир йилни ўз соҳаси бўйича зафарли ютуқлар билан қарши олаётган Мадраҳим бугун юртимиз тарихига оид қизиқарли ҳужжатли фильмлар яратиш устида иш олиб бормоқда. Эзгу мақсадлар сари чўққига интилаётган “Йилнинг энг фаол журналисти”га улкан муваффақиятлар тилаймиз!