Savol-javob

ОБРАЗИДА АЖДОДЛАР СИЙМОСИ

     Ўзбек театри санъати ривожига ҳисса қўшган кўпгина таниқли санъаткорларни биламиз. Шундай устоз санъаткорлардан бири ўзининг бетакрор образлари билан томошабинлар қалбидан чуқур жой олган, қарийб 40 йилдан буён маданият ривожига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келаётган Ўзбекистон халқ артисти Шамсиддин Йўллиевдир.

                                                                                                             

-Мустақилликнинг илк йилларида театрга ташриф буюрганимиз ёдимизда, ўшанда сиз Имом ал-Бухорий ролини ижро этган эдингиз! Айниқса, Бухорийнинг Ватанни тарк этаётган саҳнасидаги монологингиз томошабинларга шу қадар маҳорат билан етказиб берилгандики…

-Ташаккур! Аждодларимиз хотирасига эҳтиром сифатида ўзим-да фахрланаман Имом ал-Бухорий образи билан.  Актёр ҳамиша саҳнада ўзининг кимлигини унутиши, ўша берилган образга тўлақонли киришиб кетиши керак. Ана шундагина,  томошабин қалбида асар қаҳрамони ҳам,  унинг ижрочиси ҳам муҳрланиб қолади. Драматург Йўлдош Муқимовнинг худди шундай, маънавиятимиз дарғалари ҳаётини акс эттирган бир қанча, “Илоҳий висол”, “Ҳақ рост” спектаклларида Имом ал-Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Людмила Солдадзенинг “Ибн Сино” асарида Беруний, Уйғун ва Иззат Султон асарида Ҳазрат Навоий сиймосини яратишдек буюк бахт ҳам насиб этди.

-Бу сиймолар образи сизнинг ижроингизда кўз олдимизда жонлангандек эди гўё! Сиз билан суҳбатдош бўлганлар, ҳатто, қиёфангизда ҳам буюк зотларнинг нуроний сиймосини кўришларини кўп бор таъкидлашади. Ўзингизга кўпроқ қайси  ролларингиз ёқади?

-Менга ҳамма ролларим ҳам ёқади. Қолаверса, ролнинг катта-кичиги бўлмайди. Гап унинг қандай маҳорат билан ижро этилишида.  Бу, албатта, мен ўйнаган ролларимдан қониқдим, дегани эмас, чунки актёр ўз ролидан қониқдими, у ижоддан тўхтади, деб ҳисоблайверинг. Баъзида мухлисларим томонидан айтилган “Сизга кўпроқ, алломалар сиймоси ярашади” ёки бўлмасам, “Сиз тарихий ролларни маромига етказасиз” деган гаплардан кўнглим кўтарилиб, руҳланиб кетаман.  Бундан ташқари, Шароф Бошбековнинг “Темир хотин” спектакли жуда кўп ўйналган. Унда Қўчқор ролини,  Гаджибековнинг “Аршин-мол-олан” мусиқали комедиясида Сулаймон образи, Зинат Фатхулиннинг “Ватан ишқи” асарида Субҳонқулихон каби образлар. Сарҳисоб қиладиган бўлсам, 70 дан ортиқ турли ролларни ижро этган эканман.

— “Аршин-мол-олан” спектакли мусиқали асар. Демак, мусиқий асарларда ҳам роллар ижро этгансиз?

-Албатта, санъаткор кўп қиррали бўлиши керак. Бу мусиқий асар экан, ёки мен фақат драматик асарда ўйнайман, дейиш нотўғри. Баҳоли қудрат мусиқий драмаларда ҳам арияларни ижро этишга ҳаракат қилганман.

-Жаҳон драматургияси асарларида ҳам забардаст ролларни ижро этгансиз? Танқидга учраганмисиз?

-Шекспирнинг “Ҳамлет” асарида қирол Клавдио ва “Афиналик Тимон”  асарида шоҳ Тимон образларини  ижро этганман. Танқидга келадиган бўлсак, танқидни тўғри қабул қилиш актёр маданиятининг муҳим белгиси, деб ҳисоблайман. Чунки, танқид келажак меваси. Актёр ўзи ижро этган образини ўзи баҳолай олмайди, унга томошабингина  баҳо беради. Бир сўз билан айтганда, танқидни тўғри қабул қиламан.

-Бир неча бор сизни ҳарбийлар ролида кўришга муяссар бўлдик?

-Муҳтарам Юртбошимиз раҳнамоликларида янги, замонавий, юксак технологиялар билан жиҳозланган театр қурилиши, санъат соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган  юксак эътибор ижодкорларни янада руҳлантирди.  Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбектеатр” ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан бир қанча фестиваллар ташкил этилди. “Сени куйлаймиз, замондош!” фестивалида иштирок этиб, “Ватан ҳимоячилари акс этган энг яхши спектакль” номинациясини олган Абдунаби Ҳамронинг “Тўғон» драмасида полковник Алиев образини, ўтган йилда саҳналаштирилган Нурулло Аббосхоннинг “Бурч” драмасида эса генерал Камоловни ижро этдим. “Сабоқ” фильмида ҳам милиция майори ролини бажардим. Тўғриси, ўзимга ҳам ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходими образини яратиш жуда ёқади.

— Шамсиддин ака! Меҳнатларингиз, изланишларингиз муносиб баҳоланди. 1991 йилдан  “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, 2011 йилда эса “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвонига эга бўлдингиз! Келгусидаги режаларингиз?

-Яратганга шукр! Озми-кўпми қилган меҳнатларимизга берилган юксак баҳо мени янада изланишга ундайди. Режаларимга келсак, ҳаётимнинг қолган қисмини ҳам санъатга бағишласам, дейман. Киноларда, спектаклларда яна янги-янги образлар яратиб, мукофотга муносиб ролларим билан она-Ватанимизга, халқимизга хизмат қилсам, дейман.

-Ҳар бир санъаткорнинг ўз севган қаҳрамони образини яратиш орзуси бўлади. Сизнинг ушалмаган орзуингиз борми? Қайси образ сизни кўпроқ қизиқтиради?

-Албатта, кимдир Навоийни, кимдир “Ҳамлет”ни ижро этишни орзу қилади. Мен анчагина буюк зотлар сиймосини саҳна юзига олиб чиқдим. Бу борада армоним йўқ, театрлашган тадбирларда Амир Темур образи иштирок этган саҳна кўринишидан парчалар қўйилганда, унинг сиймосини саҳнага олиб чиққанман. Саҳнадами, кинодами тўлақонли Амир Темур образини яратиш орзуим бор.

-Санъатнинг нони қаттиқ, дейишади. Санъат йўлини танлаб, хато қилганман, деб афсусланган пайтларингиз ҳам бўлганми?

-Асло! Яратганга беҳисоб шукр! Касбим билан ҳамиша фахрланганман, санъат — бутун борлиғим,  ҳаётим мазмунига айланиб улгурган. Агарда қайта туғилиб ҳаётимни янгидан бошлаганимда ҳам, албатта, яна санъат йўлини танлаган бўлардим. Раҳматли отам Жуманазар Йўллиев ўқитувчи эдилар. Аслида, отам касбларини давом эттиришимни истаганлар. Мен ҳам ўз орзуим, ҳам ота орзусини рўёбга чиқардим, деб ўйлайман. Маданият коллежида ўқитувчилик қилган йилларимни отам раҳматли кўришга муяссар бўлганлар. “Ўзбекистон халқ артисти” унвонини олган куним  акам билан 96 ёшга тўлган, пиру бадавлат  онажоним ҳузурларига йўл олдик. Ўша туни билан уйғоқ, ўғиллари билан суҳбатлашиб чиққан онажоним фахр билан мени бағирларига босар эканлар, “Афсус, шу кунларни отанг кўрмади-да”, дея кўзларига ёш олдилар. Ҳаммага ҳам онажонимдек узоқ умр кўриш насиб этсин! Онам билан фахрланаман!100  ёш билан юзлашаётган онажонимнинг ҳали ҳам фикрлари теран! Онажонимга фарзандининг  кексайганини кўриш бахти насиб этди. Илоҳим, шундай бахт ҳаммага насиб этсин.  Шаҳримизга ташриф буюрган меҳмонлар, санъаткор дўстларим ҳам аввало, онажонимни зиёрат қилишади.  Акам Беҳбуд Жумаев эса касблари журналист бўлгани учун ҳам ўқишга кирган йилларимданоқ, мени қўллаб-қувватлаганлар, қимматли маслаҳатларини аямаганлар.  Рафиқам Маликахон,  6 нафар қиз-ўғилларим, 10 нафар невараларим ҳар бир янги асарни топширганимизда спектаклимга гуллар олиб келишади. Тўғри, санъаткорнинг аёли бўлиш учун жуда катта сабр-тоқат  керак! Шу даражага эришишимга, шу кунларга етиб келишимга ота-онам, акам, опа-сингилларим, айниқса, рафиқамнинг қанот бўлгани сабабдир! Баъзан иш билан бўлиб, онажонимга вақт ажратолмаганим, ака-сингилларим дийдоридан тўймаслигим, оиламга етарли даражада эътибор қила олмаётганимдан бироз оғринаман! Лекин бу — танлаган касбимдан  афсус эмас!

-Камчилигингиз?

-Ўта раҳмдиллик, ўта ишонувчанлик…

-Мухлисларга тилакларингиз?

-Юртимиз бунданда тараққий топсин! Порлоқ келажагимиз ворислари-фарзандларимиз юртга, халққа муносиб инсон бўлиб, аждодлар тутган илм-фан туғини баландроқ ва мустаҳкам  тутсин! Кексаларимиз омон бўлишсин! Ёшларимиз эса бардам-бақувват! Миллий маънавиятимиз сарчашмаси театр санъати бундан-да ривожланиб, халқимизнинг маданияти ва маънавиятини ривожлантиришда хизмат қилсин!

-Мазмунли суҳбатингиз ва тилакларингиз учун ташаккур!

Суҳбатдош: Диляйра БОЗОРОВА

САНЪАТ – БУ МЕНИНГ ТАҚДИРИМ

Актёрлик, ҳам хонандаликда қатор ютуқларни қўлга киритиб, ўзининг кўп сонли  мухлисларига эга бўлиб улгурган истеъдодли санъаткор Рустам Раҳматов суҳбатидан баҳраманд бўлинг:

— Аввало, хуш келибсиз!

— Раҳмат!

— Санъатга ўз хоҳишингизми ёки бировнинг орзусини рўёбга чиқариш учун кириб келгансиз?

— Мен санъаткорлар оиласида туғилганман. Раҳматли отам Равшан Раҳматов чертиб чалинадиган асбоблардан қашғар рубоб, афғон рубоби ва бошқаларни  жуда яхши ва маромига етказиб ижро этарди. Кўп йиллар давомида эски Садриддин Айний номидаги театрда фаолият кўрсатган. Ойим Гулнора Ҳусенова эса Театр институти кинорежиссёрлик йўналишини тамомлаган, актриса. Ҳозирги кунда эса Бухоро Маданият коллежи директори лавозимида ишлаб келмоқда. Оилавий муҳит менинг бу касбни танлашимда муҳим роль ўйнаган.

— Демак, бу йўлга қадам қўйишингизда ота-онангизнинг ўрни катта…

— Албатта. Дадам билан ойим кўп гострол сафарига боришган. Уларнинг айтишича, бир гал ойим “Темир хотин” спектаклида шу ролни ўйнаганлар. Дадам томошабин сифатида ўтирган.  Бу пайтда ойим менга ҳомиладор бўлган экан. Саҳнада йиқилиб тушадиган эпизодида ойим ролга берилиб кетиб, чиндан ҳам гурсиллаб йиқиладилар. Шунда дадам ўрнидан сапчиб туради-да, тўғри ойим олдига бориб, нима бўлди деганида, ойим нима бўлиши керак эди, деб жавоб қайтаради. Дадам боламизни сўраяпман, деганида, ойим ролга киришиб кетганимда бола ҳам ёдимдан кўтарилибди, дея жавоб берган экан (кулади). Яна айтишларича, дунёга келганимда орадан уч-тщрт кун щтмай, ойим мени театрга олиб борган эканлар. Шунда Убайдулла Омон бу бола келажакда театр актёри бўлади, деб айтган экан. Қарангки, башорат ҳаётий ҳақиқатга айланиб, мен театр актёри бўлдим.

Театрда қандай ролларни ижро этгансиз?

— Илк ролни “Митти митон” болалар спектаклида ўйнаганман. “Хаёл ва ҳақиқат”да Умрбек ролини, “Қизи борнинг нози бор”да бош ролда Сарварбек ролини, Убайдулло Омоннинг “Зулмат” спектаклида салбий образ Отабек ролини, “Майсаранинг ишида” Чўпонали, “Тўғон”да журналист ва охирги “Бурч” спектаклида оддий аскар Бойметов ролини ижро этганман.

— Ҳар бир санъаткорда ўз севган қаҳрамони образини яратиш орзуси бўлади. Демак, орзуингиздаги роль билан ўртоқлашсангиз?

— Албатта, ролларни катта кичикка ажратиб бўлмайди. Орзуга келадиган бўлсак, фақат орзу қилишмас, тинмай меҳнат қилиш керак. Шунда ролларнинг ўзи сизга қараб келади. Кўпчилик санъаткорлар Отелло, Гамлетни ўйнагиси келади. Лекин ижро этишни истаган ролим “Ревизор” (Гоголь асари) спектаклидаги Христаков образидир.

— Ҳам мақом ва хонандалик, ҳам актёрлик соҳаси бўйича устоз санъаткор сифатида кимларни келтирасиз?

 — Театрда Шамсиддин Йўллиев, Убайдулло Омон, Анвар Мавлонов, мақом усталаридан Раҳматилло Иноятов, Эшпўлат Ортиқов, Толиб Темиров, мусиқа бўйича Камол Шукуров, Жамол Жумаевларни фахр билан тилга оламан ҳамда доимо улардан ниманидир олишга, уларга ўхшашга ҳаракат қиламан.

— Театрнинг, умуман, санъатнинг пасту баланди кўп, ўзига яраша тўсиқлари ҳам йўқ эмас. Бу борада фикрингиз?

— Тўсиқ ва қийинчиликлар бўлади. Бу ҳаёт қонуни. Улар инсонни чархлайди ва тарбиялайди. Ҳаёт бир текисда кетаверса ҳам зерикади инсон… Қарши бўлмасангиз, шу саволингизга жавобни рад этсам…

— Армонингиз?

— Ҳа… 2013 йилда падарибузрукворимдан айрилдим. Санъатнинг энг одимли онларига  қадам қадам қўяётганим кезларимни кўролмади. Шу менинг армоним.

Қатор ёшлар тадбирларида ва лойиҳаларида қатнашиб келасиз, ютуқларингиз? 

— Доимий тарзда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳараати вилоят Кенгаши томонидан ўтказилган лойиҳаларда қатнашиб келаман. 2011 йилда “Йилнинг энг ёш ижодкори” номинациясини қўлга киритганман. Кейинчалик ютуқ ва муваффақиятларим яна анчага ошди. Бироқ, барибир, илк ютуқнинг қувончи ўзгача бўларкан.

— Бўш вақтингизда кўпроқ қайси газеталарни мутоаала қиласиз? 

— “Санъат” журнали ва “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасини мутоаала қилиб тураман.

— Санъаткор бўлмаганингизда қайси касбни танлаган бўлардингиз?

— Бу саволга ҳозиргача жавоб топганим йўқ. Менимча, санъаткор бўлмаганимда… барибир санъаткор бўлардим (кулади).

— Шу санъат йўлида сизни ҳеч қачон омад тарк этмасин!

— Раҳмат! Газета жамоасига ҳам ижодий баркамоллик тилаб қоламан!

Суҳбатдош: Шавкат БОБОЖОНОВ

 

 “…ПСИХОЛОГ БЎЛИШГА ТЎҒРИ КЕЛАДИ…”

Меҳмонимиз хушовоз хонанда, “Ўзбекнаво” Эстрада бирлашмаси Бухоро вилоят бўлими директори Дилмурод ХЎЖАЕВ. 1969 йилнинг 31 октябрида Бухоро шаҳрида (“Чаён” буржи остида) туғилган. Олий маълумотли, Бухоро давлат университетини тугатган.

5-бетга Дилмурод Хужаев, тагини ок кила оласизми еки бошкача ранг

        — Хуш келибсиз!

      — Ташаккур!

     — Билишимизча, сиз барчадан фарқли ўлароқ, ҳар бир иш кунингизни аниқ қилиб ёзилган  режалар асосида амалга оширишга ҳаракат қиларкансиз?

— Чамамда, режалар тузиб фаолият юритасизми, демоқчисиз?

     Адашмадингиз!

— Албатта, режали иш самарали бўлади. Деярли, ҳар кунимни режалаштираман. Аммо, тўғриси, ҳар доим ҳам уларни амалга оширишга улгура оламан, деёлмайман. Чунки кутилмаган вазиятларда эрталаб тузилган режадан ҳам муҳимроқ вазифалар чиқиб қолиши, шубҳасиз.

   Бугунги томошабин жуда нозиктаъб, ҳар хил. Уларнинг кўнглига бир хил йўл топиш санъаткор учун осон кечмаса керак?

— Тўғри, қийин. Баъзан психолог бўлишга тўғри келади. Бундан ташқари, ҳар бир давранинг ўз муҳити бўлади, ким сокин мусиқа шинавандаси бўлса, кимдир шўх, ўйноқи куй-қўшиқлар шайдоси бўлади. Санъаткор эса хоҳ катта, хоҳ кичик давра бўлсин, албатта, ўша муҳитга мослаша олиши лозим. Мен шундай ўйлайман.

— Санъат оламида биринчи навбатда нимани қадрлайсиз?

— Сифатни! Ҳаммага бирдек манзур бўладиган қўшиқлар яратиш жуда мушкул. Жуда кўп синовлардан, жуда кўп машаққатлар чиғириғидан ўтибгина мақсадга эришиш мумкин.

Сиз бугунги кунда ҳам раҳбарсиз, ҳам хонанда. Қайси бири…

— Сизни тушундим. Икки томонлама мезон боис, кўп тер тўкишга тўғри келаяпти. Аммо, қўшиқнинг сеҳру жозибаси раҳбарлик машаққатини тортишда баъзан ташвишларни аритувчи восита вазифасини ҳам ўташини яширмайман. Ижод чиндан ҳам ўта мураккаб. Кези келганда чарчайсан, қийналасан ҳам. Лекин ҳар қандай вазиятда ҳам ҳаётга тушкунлик билан назар солмайман. Ҳар бир дақиқадан қувонч ола билиб яшаш керак. Ишми, ижодми, оилами, ҳаммаси умримнинг мазмунини ташкил этади. Шулар билан ҳаётим қизиқ. Бўш вақтим деярли йўқ, аммо бўш вақт топилиб қолди, дегунча зерикиб қоламан. Ишдан, ижоддан, турли ташвишлардан илҳом оламан.

— Кўпчиликда бу хусусият мавжуд. Зерикса ёки чарчаса, албатта, қўшиқ хиргойи қилади, руҳиятини тинчлантиради. Хонанда-чи?

— Ким қўшиқ хиргойи қилади, ким ёлғиз қолишни истайди… Мен кўпроқ иккинчи тоифага кираман. Елкамга костюмимни иламан-да, сувлари шивирлаб оқаётган анҳор ёқасида узо-о-оқ, сокин, жим қолиб кетаман. Бошқа пайт эса ёлғизликни, умуман, хуш кўрмайман. Яқинларим доимо ёнимда. Қий-чув, шовқин-суронли ҳаётга ўрганиб қолганман. Ёлғизлик менга бутунлай бегона.

— Сиз омадни нимада кўрасиз?

— Энг катта омадим – ҳар тонг ота-онамнинг дуоси ила ишга отланганим. Ота-онамизни бошимизда кўтариб, қадрлашимиз керак. Чунки, вақт ўтаяпти. Биз улғаяяпмиз, улар кексайиб боришаяпти. “Қариси бор уйнинг париси бор” дейдилар. Улар бор уйда саранжомлик, барака бўлади. Онажоним ҳақида икки оғиз сўз: ўзим отаман, аммо онажоним ҳалиям ярим тунгача ухламай кутиб ўтирадилар. Тиниб-тинчимайдилар. Ҳар бир хонадоннинг ўзига яраша тафти бор. Мен кўча одами эмасман. Туғилиб ўсган уй ва унинг мен учун қадрдон бўлган одамлари қаерда бўлмай, мени ўзига тортаверади. Қадрдонларим бор бўлишсин.

 — Нима сизга ёқмайди ва ёки аксинча…

— Бир хиллик. Муҳитни ўзгартириб туришни ёқтираман. Янги, антиқа нарсаларни яхши кўраман. Сохтакорликни ёқтирмайман, айниқса, ижодда. Самимиятни жуда қадрлайман. Билимдон, кўп ўқиган кишиларни ҳурмат қиламан.

— Кўринишингиздан анча калондимоғга ўхшайсиз?

— Бу фикрингиз нотўғри. Санъаткор ҳам оддий одам. Нега мени бундай, деб ўйлашларини айнан битта мухлисамиз айтиб берди. Унинг фикрига кўра, мен ўта жиддий ҳолда юрар эканман. Ўзингиз ўйланг, борган жойингизда таниш одамларингиз бўлса яхши. Бориб улар билан салом-алик қиласиз, чеҳрангиз очилади. Нотаниш давраларда эса хуш-нохуш ҳаракатлар билан… санъаткор бундай пайтда мухлислари назарида салбий таассурот қолдириши мумкин.

— Ҳамманинг кўз олдидасиз, ўтган ҳам, бу сизни баъзан чарчатиб қўймайдими? Балки, бозорга тушгингиз келиб қолар, ёки кафеда мириқиб дам олгингиз?

— Кафеларда мириқиб ўтиргандан табиат қўйнида сайр қилишни ёқтираман. Бозорга эса кўпинча ўзим тушаман. Бозорларда, кўча-кўйларда ҳар хил гаплар қулоққа чалиниб ҳам туради. Танқид қилишса, тўғри қабул қиламан, мақташса, хурсанд бўламан…

— Бозордан харид қилган энг қиммат совғангизни эслай оласизми?

— Уйланганимдан буён то шу кунга қадар фақат сарф-харажат қилиб келаяпман. Уларнинг чеки йўқ! (кулади)

— Аёлларда сизга ёқадиган уч жиҳат?

— Нега энди уч жиҳат. Мен аёллардаги ҳар бир жиҳатни ёқтираман.

— Машаққат ва роҳат. Сизга маъқули?

— Машаққатли меҳнатнинг роҳати.

— Қўшиқ куйлашингиздан энг биринчи манфаат?

— Мухлислар кўнглидан жой олиш.

— Феълингизга нима мос эмас?

— Бировга тобе бўлиш.

— “Бухоро ёшлари”га тилагингиз?

— Биз каби мухлислар хизматида югуриб-елиб юрган қалам аҳлига сизга куч-қувват берсин, вафодор мухлисларингиз кўпаяверсин, деб қоламан.

Суҳбатдош: Феруза АБДУРАҲМОНОВА.

 

“ТЕАТР – БОЙЛИГИМ, БОРЛИГИМ, БОРЛИҒИМ”

Анвар МАВЛОНОВ:

5-бет Анвар Мавлонов

 Суҳбатдош ҳақида:

Туғилган йили: 1970 йил

Буржи: бузоқ

Хоббиси: мутолаа қилиш

Фарзандлари: уч қиз ва уч ўғил эгизаклар.

Энг севимлиси: невараси.

Ўзи тан оладиган камчилиги: шарттаки

Ёқтирган таоми: ош

Интернетга муносабати: кимнинг қандай мақсадда фойланаётганига қараб

       — Инсоннинг келажакдаги ҳаёти кўп ҳолларда болаликдаги орзу-ўйларга боғлиқ бўлади. Сизнинг ҳам санъат йўлини танлашингизда болаликдаги истакларингизнинг ўрни қандай?

— Албатта, болаликдаги орзулар катта мақсадлар пойдевори. Менинг ҳам ёшлигимдан санъатга, айниқса, театр санъатига қизиқишим жуда баланд бўлган. Бу йўлни танлашимда ота-онам кўмакдош бўлишган. Онам Хадича Икромова Бухоро шаҳридаги 17-умумий ўрта таълим мактабида қирқ йилдан кўпроқ фаолият юритганлар. Она тили ва адабиёти фанидан сабоқ берганлари учун ҳам онам туфайли бадиий адабиётга, бу орқали эса санъатга яқинлаша бошлаганман. Биласизми, ҳар дам олиш кунини интизорлик билан кутардим, чунки отам ҳар ҳафтада театр томошаларига олиб борардилар. Ҳар бир спектаклдан олам-олам таассурот билан қайтардим. Бундан ташқари, мактабдаги “Драма” тўгарагига ҳам қатнаганман. Ана шундай муҳитлар мени актёрлик касбини танлашимга туртки бўлган, десам қайсидир маънода тўғри бўлади.

— Театр саҳнасида томошабинлар айдиториясига бўлишингизда кимнинг меҳнати кўпроқ сингган?

Ўрта мактабни тугатиб, Тошкентга йўл олдим. Маннон Уйғур номидаги санъат олийгоҳига ҳужжатларимни топширдим. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб,  талабалар сафига ўқишга қабул қилиндим. Тақдир инъомини қарангки, таниқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев раҳбарлигидаги гуруҳда таҳсил олдим. Бу ижодкордан нафақат актёрлик сирларини, балки чин инсонийлик қирраларини ҳам ўргандим, десам хато бўлмайди. 1991 йилда ўқишни тугатиб, Бухорога қайтдим ва Садриддин Айний номидаги театрда ишлай бошладим. Бу маскандаги ҳар бир ижодкордан у хоҳ ёш, хоҳ ёши улуғ бўлсин, қайсидир қиррани ўрганиш, бир-бирини тўлдириш мумкин. Устозларим кўп. Барчамиз учун ҳурматли ва севимли бўлган Шамсиддин ака Йўллиев, бош режиссёр Убайдулло Омон… булар ҳақида соатлаб гапириш, эътироф этиш мумкин. Улар нафақат менинг, балки театрдаги барчанинг устози, йўлбошчисидирлар.

“Олма” эртак фильми, кулол, “Буюк Темур”, ҳарбий қўмондон Ҳаммадий, “Ватан кутади!” каби қатор бадиий фильмларда ҳам роллар ижро этгансиз. Уларнинг барчаси муваффаққиятли чиққанлигига қарамай, сизни кўпроқ театр саҳнасида кўрамиз…

Биласизми, вилоятда ижод қилувчи актёрлар пойтахтдан анча узоқлиги сабаб турли вазиятларга дуч келади. Масалан, театрда кетма-кет спектакллар қўйилаётган вақтда кинога таклиф тушиб қолса, рад этишга мажбур бўламан. Пойтахт театрларидаги актёрларда вазият, имконият, умуман, бошқача. Улар томошадан сўнг ёки олдин, вақтини топиб съёмкага бора олишади. Аммо биз учун узоқ масофа панд бериб қўяди. Шунга қарамай, вақт топиб бир нечта фильмларда ҳам роль ижро этишга ҳаракат қилаяпман. “Қалдирғочлар яна қайтади” сериалидаги ролимга  таклиф қилишганда ҳам бўш вақт топишга анча қийналган бўлсамда, ижроим муваффақиятли чиқди. Талабалик кезларимда устозим  Баҳодир Йўлдошев: “Ана-мана дегунча ўқишни тугатиб, ўз вилоятларингга қайтасизлар. Бор маҳоратингизни ишга солинг, ўз томошабинингизни топинг. Агар бу соҳада беш йил омадингиз юришмаса, яхшиси, бошқа касб билан шуғулланинг, чунки актёр томошабин ва мухлислари билан актёрдир”, -дердилар. Шу панду насиҳат боис, ўз устимда тинимсиз изландим, машаққатларни матонат билан енгишга ҳаракат қилдим, устозлар сабоғини олдим, муҳими, театрдан узоқлашмадим. Жисму жоним, борлигиму борлиғим, деб билдим театр саҳнасини. Санъатдаги ҳаётимда улкан бир дарсхона бўлган театрга гўё жон томирларим туташдек, бир кунимни тасаввур қилолмайман театрсиз! Оҳанграбодек ўзига чорлайди, чорлайверади! Кино санъати ҳам тенгсиз олам. Бу оламда ҳам озми-кўпми изланишларим бесамар кетмаётганидан хурсандман.

Кино оламида кўпроқ актёр образ ролини эмас, балки образ актёрни танлаши лозимлиги илгари сурилади…

Актёр учун ролнинг катта-кичиги, яхши-ёмони бўлмайди. Баъзи ҳамкасбларимизнинг “Э, бу роль менга унча тўғри келмайди, бу менинг ролим эмас экан”, деган гапларини эшитиб, ҳайрон бўламан. Энг кичик эпизодик ролни ҳам маҳорат билан ижро эта олсангиз, томошабиннинг олқишига сазовор бўласиз. Баъзида спектаклнинг бошидан охиригача саҳнадан чиқмаган бош қаҳрамондан кўра уч дақиқали эпизодик ролни бажарган актёр томошабиннинг меҳрини қозона олади. Бунинг учун ролига бутун қалб қўрини бера олса бўлгани. Шу ўринда бир қизиқ воқеа ёдимга тушиб кетди.

Марҳамат!

Билоятимиздаги янги Мусиқали драма театрида иш бошлаганимиздан сўнг унда саҳнадаги биринчи бош қаҳрамонни ўйнаш менга насиб этди. Устозим Баҳодир Йўлдошев “Ибн Сино” номли спектаклни саҳналаштирдилар ва бош ролни менга топширдилар. Спектакль олдидан бу буюк сиймонинг асарлари, ҳаёти ва ижоди билан яқиндан танишишим кераклигини тайинладилар ва мен бир қанча китобларни ўқиб чиқдим. Афшонага ўн –ўн беш марта борганимни айтганимда, музейдаги ҳар бир нарсага эътиборли бўлишимни ва диққат билан ўрганишимни айтдилар. Бундай қаттиққўлликнинг замирида гап кўп. Яъни актёр ўзи яратаётган қаҳрамоннинг руҳиятини яхши билиб олмас экан, яхши роль ижро эта олмайди. Бу билан у нафақат ўзини, балки томошабинни ҳам алдашга уринади.

Орзуингиздаги роль?

Кўпчилик актёрлар орзу қилган ролларини ўйнаш ёшидан ўтиб кетган бўлишади ёки ҳали ўша ёшга етмаган бўлишади. Масалан, энди мен ҳозир болалигимда орзу қилган “Фарҳод ва Ширин” достонидаги Фарҳод образини ўйнай олмайман, чунки навқирон йигитлик ёшидан ўтдим. Аммо шу ўринда айтмоқчиманки, актёр ўзига берилган ҳар бир ролни орзусидаги роль сифатида қабул қилиши лозим. Шунинг учун ҳам мен ўзимга ишонч билан берилган ҳар бир образни маромига етказиб бажариш учун бор маҳоратимни ишга соламан.

“Бухоро ёшлари” газетаси муштарийлари ва мухлисларингизга тилакларингиз.

Мен бу газетанинг ҳар бир сонини кузатиб бораман. Замон ёшларининг чинакам минбарига айланган бу газета ижодий ходимларининг ишларига улкан парвозлар тилайман. Муштарийлар ва мухлислар эса ҳамма вақт санъат билан ошуфта бўлиб юришсин.

Самимий тилаклар ва мазмунли суҳбат учун ташаккур!

 Суҳбатдош: МУКАРРАМ

“БУХОРО ЁШЛАРИ” ҚАНДАЙ ГАЗЕТА?!

Газетхонларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганиш мақсадида бир гуруҳ мухлисларимиз саволларимизга қуйидагича жавоб беришди.

 Бахшанда ЮНУСОВА, Бухоро Давлат университети талабаси:

  • Отам ўқитувчи. Ўзим ҳам бўлажак тарихчиман. Биз “Бухоро ёшлари”нинг кўп йиллик мухлисимиз. Уни ҳар доим ҳам алоҳида меҳр билан варақлаймиз. Каттами-кичикми мақолалар ҳар биримизга даҳлдор, камолот сари етаклайди. Айниқса, “Мозийдан садо” рукни остидаги тарихий мавзуга оид мақолаларни зўр қизиқиш билан ўқиймиз.

Феруза Қаҳрамонова, Бухоро Политехника касб-ҳунар коллежи ўқувчиси:

  • Тўғриси, ўтган йил обуна чоғида “Бухоро ёшлари”га обуна бўлишга бироз иккиланган эдим. Бироқ, синфдошларим қатори унга ёзилдим. Энди эса унинг ҳар бир сонида бошқа соҳалар қатори спортга оид нимадир борлигини кузатиб, хурсанд бўламан. Чунки ўзим спортга ишқибозман-да. “Бухоро ёшлари”га тушган меҳрим бугун унинг жамоатчи мухбири бўлиб етишимга ҳам туртки бўлди. Бундан жудаям мамнунман.

Саид Ҳамроев,  республика Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими раҳбари:

  • “Бухоро ёшлари” ҳақиқатан ёшларбоп. Унинг ёшлар минбарига айланиб бораётгани ҳақида кўча-кўйда ҳам қулоғимга чалинади. Аммо, ҳали таҳририят ходимларининг бажариши лозим бўлган ишлари талай. Ёшлар орасига том маънода сингиб боришлари, улар билан қадамба-қадам юришлари шарт. Илм-фан, кашфиёт, коинотга оид сўнгги ахборотлардан ёшлар хабардор бўлишлари керак. “Меридиан” ёки “Коинот бўйлаб” рукни ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўларди.