Бухоро кўчалари бўйлаб отлиқ патрул хизмати йўлга қўйилди

Маълумки, жорий йилнинг 30 июнь куни Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев ёшлар билан учрашувда от спортини ривожлантириш ҳамда Миллий гвардия фаолиятида отлиқ патрул хизматини йўлга қўйиш тўғрисида тўхталиб ўтганди.Таъкидланишича, 3 июлдан бошлаб, Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси томонидан Бухоро шаҳрининг марказий кўчалари бўйлаб, дам олиш масканлари ва сайилгоҳларда назоратни олиб бориш мақсадида отлиқ патрул хизмати йўлга қўйилган. Ташкил этилган отряд вазифалари очиқ жойларда ўтказиладиган оммавий тадбирлар чоғида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда юқори ҳаракатчанлик ҳамда мобил тўсиқлар ва ҳалқалар ташкил этилишини таъминлашдан иборат.

– Отлиқ отряд Бухоро шаҳрининг марказий кўчалари, дам олиш зоналари ва аҳоли гавжум бўладиган бошқа жойларда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарларни ушлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўради. Айтиш жозки, истироҳат боғлари, сайлгоҳлар, театр ва оммавий томошалар ўтказиладиган майдонлар ҳар доим гавжум бўлади. Бундай жамоат жойларида эса тартибни сақлаш мақсадида отлиқ патрул хизмати йўлга қўйилиши афзалроқ, сабаби бундай жойларда от устидаги ходим барча жараёнларни юқорироқдан туриб кузатиш имкониятига эга бўлади,-деди Фаррух Қиличев.


Билдирилишича, Бухоро марказий кўчалари бўйлаб хизмат вазифасини ўтаётган наслдор отлар Германия ва Испаниядан келтирилган.
– Улар ҳар қандай шовқин-суронга кўникма ҳосил қилган. Автомобилларнинг товушли сигналлари, гавжум кўчалар бўйлаб одамларнинг ҳаракатлари отларни ҳуркитмайди. Яна шуни қўшимча қиламизки, ҳозирда шахсий таркибни ўқитиш, уларнинг билим савияси, жанговар шайлиги, от миниш кўникмалари, хизмат йўналишида қандай тартибда ҳаракатланиши бўйича ҳам дарслар олиб борилмоқда,-деди Ф.Қиличев.
Қўшиимча қилинишича, отлиқ патруллар фуқароларга тез тиббий ёрдам ҳам кўрсата олади.

@by_gazetasi